Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 102–110 оятлар

0

وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلا تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللَّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلا يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنْ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ ٢٠١

  1. Яҳудийлар Сулаймон ибн Довуднинг подшоҳлиги даврида шайтонлар сеҳргарларга келиб сўзлаган нарсаларга эргашдилар. Сулаймон кофир бўлмади, у сеҳр ҳам ўрганмади, балки шайтонлар одамларга динларини бузиш мақсадида сеҳр ўргатиб, кофир бўлишди. Шунингдек, яҳудийлар Ироқдаги Бобил ерида икки фаришта Ҳорут ва Морутга Аллоҳ томонидан бандаларга имтиҳон учун туширилган сеҳрга эргашдилар. Бу икки фаришта ҳеч бир кишига аввал насиҳат қилмай ва сеҳр ўрганиш оқибатидан огоҳлантирмай туриб, бирон нарса ўргатмас эдилар, «Сеҳр ўрганиш ва шайтонларга итоат қилиш билан кофир бўлиб қолмагин», дер эдилар. Одамлар бу икки фариштадан эр-хотинни бир-бирига ёмон кўрсатиб, ажраштириб юборадиган нарсаларни ўрганишарди. Аммо сеҳргарлар бирон кишига Аллоҳнинг изни ва қазосисиз бирор зарар етказишга қодир эмаслар, улар фақат ўзларига зарарли ва бефойда бўлган ёмонликларни ўрганишади. Шайтонлар сеҳрни яҳудийларга нақл қилишди ва улар ичида сеҳр кенг тарқалиб, уни ҳатто Аллоҳнинг китобидан-да юқори қўядиган бўлишди. Дарҳақиқат, яҳудийлар сеҳрни танлаган ва ҳақни ташлаган кимсалар учун охиратда яхшиликдан бирор улуш бўлмаслигини билган эдилар. Ўз жонларини нақадар ёмон нарсага – иймон ва пайғамбарга эргашиш ўрнига сеҳр ва куфрга сотдилар. Қанийди уларда эшитган насиҳатларига амал қилишга олиб борувчи билим бўлса!

وَلَوْ أَنَّهُمْ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَمَثُوبَةٌ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ خَيْرٌ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ ٣٠١

  1. Яҳудийлар иймон келтиришса ва Аллоҳдан қўрқишса эди, Аллоҳнинг савоби улар учун сеҳрдан ва у орқали топган нарсаларидан яхши эканига амин бўлишар эди. Агар иймон ва тақво сабабли ҳосил бўлувчи ажру савобларни аниқ билишса эди, албатта иймон келтиришган бўларди.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تَقُولُوا رَاعِنَا وَقُولُوا انظُرْنَا وَاسْمَعُوا وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ ٤٠١

  1. Эй иймон келтирганлар, сизлар Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга: Бизнинг ҳолимизни риоя қилиб, бизга яхшироқ тушунтириб беринг, деган маънода «Роино» деб айтманглар. Чунки яҳудийлар талаффузда айни шу сўзга ўхшаб кетадиган, бироқ анқовлик ва овсарлик маъносини англатувчи «руунат» калимасига тилларини буриб, бу билан Пайғамбар саллаллоҳу  алайҳи ва салламни ҳақоратлашни мақсад қилишади. Балки, сизлар бу сўз ўрнига «Унзурно – бизга боқинг, ҳолимизга қаранг» деган сўзни айтинглар, бу сўз ҳам айни шу маънони ифода қилади. Сизлар ўзингизга тиловат қилинаётган Раббингизнинг китобига қулоқ тутинглар ва уни тушуниб олинглар. Инкор қилувчилар учун аламли азоб бордир.

مَا يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَلا الْمُشْرِكِينَ أَنْ يُنَزَّلَ عَلَيْكُمْ مِنْ خَيْرٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَاللَّهُ يَخْتَصُّ بِرَحْمَتِهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ ٥٠١

  1. Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Раббингиз томонидан хоҳ Қуръон, хоҳ илм, хоҳ нусрат, хоҳ башорат бўлсин, озгина бўлса-да яхшилик туширилишини исташмайди. Аллоҳ Ўз раҳмати, нубуввати ва рисолатига бандалари ичидан Ўзи истаган кишини хослайди. Аллоҳ мўл-кўл фазлу марҳамат эгасидир.

مَا نَنسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِنْهَا أَوْ مِثْلِهَا أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ٦٠١

  1. Бирон оятни алмаштирсак ёки уни диллар ва зеҳнлардан ўчирсак, сизлар учун ундан кўра фойдалироғини келтирамиз ёки таклиф-мажбурият ва ажр-савобда унга тенг бўлган бошқа бирини келтирамиз, ҳар бир ишнинг ҳикмати бор. Эй Пайғамбар, сиз ва умматингиз Аллоҳнинг ҳар ишга қодир эканини, Уни ҳеч ким ва ҳеч нарса ожиз қолдиролмаслигини билмадингизми?!

أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ لَهُ مُلْكُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلا نَصِيرٍ ٧٠١

  1. Эй Пайғамбар, сиз ва умматингиз Аллоҳнинг еру осмонларда тасарруф қилувчи ҳақиқий Молик (подшоҳ) эканини, истаган ишини қилувчи, истаганича ҳукм қилувчи, бандаларини истаган нарсасига буюрувчи ва истаган нарсасидан қайтарувчи эканини, бандаларга фақат итоат ва қабул вожиблигини билмадингизми?! Унга осий бўлганлар билсинки, ҳеч бир кимсага Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, Унинг азобидан ҳимоя қиладиган ёрдамчи ҳам йўқдир.

أَمْ تُرِيدُونَ أَنْ تَسْأَلُوا رَسُولَكُمْ كَمَا سُئِلَ مُوسَى مِنْ قَبْلُ وَمَنْ يَتَبَدَّلْ الْكُفْرَ بِالإِيمَانِ فَقَدْ ضَلَّ سَوَاءَ السَّبِيلِ ٨٠١

  1. Эй одамлар, ё сизлар ҳам қайсарлик ва такаббурлик билан пайғамбарингиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундан илгари Мусодан талаб қилинганидек нарсаларни талаб қилишни истайсизми?! Билингларки, ким куфрни танласа ва иймонни ташласа, у Аллоҳнинг тўғри йўлидан чиқиб, залолат ва жаҳолат йўлини тутган бўлади.

وَدَّ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُمْ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّاراً حَسَداً مِنْ عِنْدِ أَنفُسِهِمْ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمْ الْحَقُّ فَاعْفُوا وَاصْفَحُوا حَتَّى يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ٩٠١

  1. Аҳли китобларнинг кўплари сизлар иймонли бўлганингиздан кейин, Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рост пайғамбар экани уларнинг ўзларига ҳам равшан бўлганидан кейин, дилларини тўлдирган ҳасад туфайли сизларни худди аввалгидек, бутларга сиғинадиган кофирликка қайтаришни истайдилар. То Аллоҳнинг уларга қарши уруш қилиш тўғрисидаги ҳукми келгунига қадар (дарҳақиқат, келди ҳам), улардан содир бўлган ёмонлик ва хатоларни кечиринглар, жаҳолатларидан кўз юминглар. Аллоҳ уларни қилмишларига яраша жазолайди. Аллоҳ ҳар ишга қодир, Уни ҳеч ким ожиз қолдиролмайди.

وَأَقِيمُوا الصَّلاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَمَا تُقَدِّمُوا لأَنفُسِكُمْ مِنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِنْدَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ ٠١١

  1. Эй мўминлар, намозни тўкис адо этинглар, фарз қилинган закотни беринглар. Билингларки, ўзингиз учун тақдим қилаётган ҳар бир яхшиликнинг савобини охиратда Аллоҳ ҳузурида топасизлар. Аллоҳ таоло барча ишларингизни кўриб турувчидир. У сизларга амалларингизга яраша мукофотлар беради.

Изоҳ қолдиринг