Қабристон ерига тааллуқли масалалар (2)

0

20 – Қабристонни номлаш

Қабристонга ўша юрт номи ёки у жойлашган маҳалланинг номи берилиши жоиз. Ёки унга боғлиқ ҳодиса ё бирор муносабат сабабли номланиши ҳам мумкин, худди Бақеъ қабристони ўша ерда қадимда бўлган дарахтлар сабабли номлангани каби[1][2].

«Шунингдек, қабристон гоҳида шаҳар дарвозаларидан бирининг номи билан аталиши ҳам мумкин. «Боби Аббос» ва «Боби Омир» номи билан танилган қабристонлар шулар жумласидан. Шунингдек, қабристон баъзан ўша ерга дафн этилган машҳур шахслардан бирортасининг номи билан ҳам танилади. Бу каби қабристонларга «Умму Салама» қабристонини мисол қилиш мумкин»[3]. Яна, «Уҳуд шаҳидлари» ва «Бадр шаҳидлари» (Аллоҳ  барчаларидан рози бўлсин) қабристонлари ҳам шу жумладан. Фақат шарти, номлаш тўғри ва воқеъга мос бўлиши керак. Акс ҳолда, Ибн Жавзий Бағдоддаги «Шаҳидлар» қабристони ҳақида айтганидек ҳолат юзага келади: «…Қабристон шаҳидларга нисбат берилган бўлиб, у «Аҳмад» қабристони яқинида жойлашган. Бу қабристонни «Шаҳидлар» қабристони деб аташ омма орасида машҳур бўлса-да, уламолар наздида бундай номлаш саҳиҳ эмас»[4].

21 – Ер-жойларни мусулмонларга қабристон бўлиши учун вақф қилиш

Мусулмоннинг вафотидан кейин у учун садақайи жория бўладиган нарсалардан бири вақфдир. Вақфнинг энг буюкларидан бири эса, мусулмонлар қабристони учун вақф қилинган ердир. Бу иш, хоссатан, ерлар камайган, нарҳлар қимматлашган бу даврда яхшилик ва эҳсон амалларидан бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон вафот этса, унинг амали узилади, аммо уч нарсада (тўхтамай етиб туради): садақаи жория, қолдирган манфаатли илми ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд»[5].

Шунга кўра, уламолар қабристон учун ерни вақф қилиш жоиз эканига иттифоқ қилдилар.

Ибн Қудома айтади: «Вақф саҳиҳ бўлиши учун фақатгина ўғли, қариндошлари ва муайян шахс каби маълум бўлган кишилар учун, ёки яхшилик мақсадида масжид ва кўприк қуриш, фиқҳ китоблари, илм, Қуръон, қабристон, ичимлик сувлар қилиш каби ишлар бўлиши керак»[6].

Нававий айтади: «Агар ҳовлисини масжидга, ёки ерини қабристонга айлантирса, ёки мактаб-мадраса, ёки карвонсарой қурса, ҳар ким масжидда намоз ўқиши ва эътикоф ўтириши, қабристонга дафн этилиши, аҳлият шартига кўра, мадрасада қолиб яшаши, карвонсаройга тушиши мумкин бўлади. Бу (ҳукм)да вақф қилувчи ҳам, бошқалар ҳам тенг»[7].

«Ал-фатово ал-ҳиндийя»да келадики: «Маҳравайҳ номи билан танилган Ҳокимдан шундай дегани ривоят қилинади: “«Наводир»да Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ масжидни вақф қилишга рухсат берганидек, қабристон ва йўлни вақф қилишга ҳам ижозат берганини топдим”»[8].

Агарда ер қабристон учун вақф қилинса, кейин эгасига мулк бўлиб қайтмайди.

Ибн Нужайм айтади: «“Фатҳул-қодийр”да нақл қилинганидек ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умар разияллоҳу анҳуга айтган: «Унинг (яъни боғнинг) аслини садақа (вақф) қил. У сотиб ҳам, мерос қилиб ҳам олинмайди»,[9] деган сўзларига биноан ва фақиҳ уламоларнинг ижмосига кўра, вақф мулк қилиб олинмайди.

Чунки у «лузумият» (ажралмаслик) қоидасига кўра вақф қилувчининг мулкидан чиқиб кетди»[10].

[1] «Бақеъ» сўзи луғатда «турли хил тўнка ва илдизлар кўп бўлган ер» маъносини англатади (тарж.).

[2] Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 1/162.

[3] Саид Абу Зайд. «Мақбарат ар-Рабз фи мадинати Қуртуба», 332-бет, 2007-йил.

[4] «Машяхат Ибн ал-Жавзий», 85-бет (15-шайх). Муҳаққиқ: Муҳаммад Маҳфуз. «Дор ал-ғарб ал-исломий» нашриёти, учинчи нашр, 2006-йил.

[5] Муслим ривояти, 14 ва 1631-ҳадислар.

[6] «Ал-муғний», 8/234.

[7] Нававий. «Равзат ат-толибин ва умдат ал-муфтийн», 4/395. Муҳаққиқлар: Одил Амад ва Али Иваз. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, 1421-ҳ.й..

[8] «Ал-фатово ал-ҳиндийя», 2/468-499. Муаллиф: Шайх Низом ҳамда бир жамоат Ҳиндистон уламолари. «Дор содир» нашриёти, иккинчи нашр нусхаси, 1310-ҳ.й..

[9] Бухорий (2772) ва Муслим (1632) ривояти.

[10] Ибн Нужайм ал-Ҳанафий. «Ал-баҳр ар-роиқ», 5/342. Муҳаққиқ: Закариё Умайрот. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1418-ҳ.й..

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг