Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (11)

0

Шунингдек, “Шўро” сурасидаги қуйидаги оят ҳам айни шу мазмундадир:

Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!” (Шўро, 21).

“Анъом” сураси бу масалада батафсилроқ баҳс юритади:

“(Эй Пайғамбар, уларга): «Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг ўзи сизларга бу Китобни муфассал нозил қилган зот-ку?» деб айтинг. Биз Китоб берган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) Қуръоннинг ростдан Парвардигорингиздан нозил қилинганини билишади. Сиз ҳаргиз шак-шубҳа қилувчилардан бўлманг! Парвардигорингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир. Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. Зотан, улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Унинг йўлидан адашган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳақ йўлда юрувчиларни ҳам жуда яхши бил­увчидир. Бас, агар Аллоҳнинг оятларига иймон келтирувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан (яъни Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган хайвонларнинг гўштидан) еяверинглар. Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган, магар музтар бўлиб қолган ҳолингизда (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп кишилар ўз ҳою ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билувчидир. Гуноҳнинг очиғини ҳам, махфийсини ҳам тарк қилингиз! Гуноҳ қилувчи кимсалар ўзлари қилиб ўтган гуноҳларига жазо олажаклар. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” (Анъом, 114–121).

Оят баҳсни мана бундай инкор этувчи савол билан бошлади:

Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?!“.

Бу эса ҳукм фақат Аллоҳдан эканини, ёлғиз Аллоҳнигина ҳоким деб билиш кераклигини ва дин ишларидан ҳеч бир ишда ҳеч ким Ундан ўзганинг ҳукмини исташи дуруст эмаслигини ифода этади. Сўнг оят Аллоҳ таоло Қуръонни батафсил нозил этгани боис бу борада бирон кишига Аллоҳни қўйиб, ўзига ўхшаган бир бандани ҳакам қилиб олишга ҳужжат қолдирмаганини ҳам уқтиради. Эслатиб ўтамиз, бу оят Маккада нозил бўлган сурада келган. Ҳали Маккада мусулмонлар ҳаётларида муҳтож бўладиган шаръий қонунлар тўла-тўкис нозил қилиб бўлинмаган эди. Балки бу иш Мадинада камолига етди. Ояти карима ишора қилаётган тафсилотлар аҳкомларга – фиқҳий масалаларга эмас, балки улкан масалага – ҳокимият масаласига тегишли баҳс эди. Ҳокимият масаласи эса эътиқодга тегишли масалаларидан ҳисобланади. Эътиқоднинг маъноси ва шартлари Аллоҳ тарафидан нозил бўлган аҳкомларга риоя қилинмагунча асло ҳосил бўлмайди. Бу аҳкомлар озми, кўпми, эътиқодга оидми, ё аҳкомларгами, ё одоб-ахлоққа тегишлими, барча-барчасига бирдек риоя қилиш зарурдир.

Сўнг оятлар давомида ҳал қилувчи сўз Аллоҳнинг калимаси экани таъкидланади. Шубҳасиз, Аллоҳнинг калимаси ростгўйлик ва адолатдан ўзга нарса эмас. Унга эргашмаганлар гумонга эргашувчи адашган кимсалар бўлиб, улар асло ҳидоят топмайдилар. Ким ҳидоят топишини ва ким ҳидоят топмаслигини Аллоҳ яхши билади.

Сўнг асосий бир масалага навбат келадики, мазкур муқаддималар ўша масалани таъкидлаш ва унинг пойдеворини мустаҳкамлаш учун келган эди. Бу – ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш масаласи ҳамда бу масалада ҳал қилувчи сўзни ким айтиши, мўминларнинг ва кофирларнинг бу масаладаги қарашлари қандайлиги, бу хусусда қандай қарашлар кишини мўмин ёки кофирга айлантириши мавзусидир.

Масаланинг ўзак нуқтаси шуки, мушриклар Маккада ўлган ҳайвонга Аллоҳнинг исмини айтмас, сўнг уни ҳалол санар эдилар. Бу қоидани ўз тарафларидан жорий қилишган эди, бунга Аллоҳдан на бир далил ва на рухсат бор эди. Аллоҳ таоло мўминларни “бисмиллоҳ” айтилмаган ҳайвон гўштини ейишдан қайтарди – бундай ҳайвон Аллоҳ ҳаром қилган ўлакса саналади – ва агар мўминлар мушрикларга итоат этсалар, улар ҳам мушриклардан бўлиб қолишларидан огоҳ этди. Зеро улар бу борада мушрикларга эргашсалар, Аллоҳ ҳужжат нозил қилмаган жоҳилий шариатни татбиқ этувчилардан бўлиб қоладилар.

Демак, бундан ҳокимият масаласи Мадинада шариат аҳкомлари тўла нозил бўлганидан кейин бошланмаганлиги, балки Маккада ақиданинг пойдеворлари тикланаётган ва “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг тақозолари баён этилаётган пайтдан бошланганлиги маълум бўлади. Кейинчалик, Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қилмаганлар ва Аллоҳу Расулининг ҳукмига юрмаганлар кофир бўлишларини баён қиладиган кескин аҳкомлар Мадинада нозил қилина бошланган. Бу эса ўша Маккада қўйилган ақида пойдеворларини мустаҳкамлаш ва татбиқ этиш жараёни эди.

Изоҳ қолдиринг