Бемор дўстимга мактуб (7)

0

Мусибат етган, бало-офатга учраган кишилар сабр қилиб, бошларига тушган бу синов-имтиҳонларга Аллоҳдан ажр умид қилсалар, уларга берилажак ажр-мукофотларга бир назар солайлик:

Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, синов-имтиҳонларга сабр қилувчи кишиларга дунё ва охиратда уларни хурсанд қилувчи ва дилларига сурур бахш этувчи гўзал оқибатлар билан хушхабар беринг. У собир зотларнинг белгилари шундайки, агар уларга бирор мусибат  етса: «Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз (қайта тирилиб)  Унинг ҳузурига қайтувчимиз», дейдилар. Улар учун Раббиларидан мақтов ва улуғ раҳмат бордир ва ўшалар тўғриликка йўлланган кишилардир” (Бақара, 155-157).

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: “У собир зотлар учун Раббиларидан мақтов ва улуғ раҳмат бордир ва ўшалар тўғриликка йўлланган кишилардир”, ояти ҳақида бундай деганлар: “Нақадар гўзал бадалга нақадар гўзал мукофот!”. Яъни мусибат етган кишилар: “Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз Унинг ҳузурига қайтувчимиз», деган сўзлари бадалига Аллоҳ таоло Ўзи тарафидан “мақтов ва улуғ раҳмат” берди, қўшимчасига: “ўшалар тўғриликка йўлланган кишилардир”, деб мукофотлади.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “(Асиралар ичида бўлган) Жувайрия бинти Ҳорис ибн Мусталиқнинг чеки қуръада Собит ибн Қайс ибн Шаммосга ёки унинг амакиваччасига тушган эди. Жувайрия ўзини озод қилиш тўғрисида у билан битим тузди. У кўзга яқин малоҳатли аёл эди. У тузган битими ҳақида сўраш учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Эшик олдида кўрганимда унинг келганини хуш кўрмадим ва мен кўрган малоҳатни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам илғашларини сездим. Жувайрия деди: “Эй Расулуллоҳ, мен Жувайрия бинти Ҳорисман. Ҳолатим ўзингизга маълум. Чеким Собит ибн Қайс ибн Шаммосга тушди. Ўзимни озод қилиш тўғрисида у билан битим туздим ва сиздан шу ҳақда сўрагани келдим”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жувайрияга: “Бундан ҳам яхшироғини истайсанми?” дедилар. У: “Нима экан у, эй Расулуллоҳ?” деб сўраган эди, Расулуллоҳ: “Озод қилиш ҳақидаги битимингни адо этиб, сенга уйланаман”, дедилар. Жувайрия рози бўлди. Оиша разияллоҳу анҳо сўзларида давом этиб дедилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Жувайрияга уйланганлари хабари мусулмонларга етгач, улар: “Энди булар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотин томонидан қариндошлари” деб, қўлларидаги асирларни озод қилиб юбордилар. Жувайриядек ўз қавмига баракоти кўп бўлган аёлни кўрмадик. У туфайли Бани Мусталиқ аҳлидан юз оила озод қилинди”.

Баданига шикаст етган мусибатзадалар ва касалларга назар солинг. Касаллик ва бало-офат уларнинг хато-камчиликлари ва гуноҳларини ювиб юборади. Шу маънога далолат қилувчи ҳадислар юқорида ўтди.

Имом Термизий келтирган ҳасан ҳадисда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: “Мўмин эркак ва мўмина аёлнинг ўзига, фарзандига ва мол-мулкига бало-офат етаверади-етаверади, ҳатто у Аллоҳга ҳеч қандай гуноҳсиз ҳолда йўлиқади”.

Кўзи ожиз кишини олайлик, агар у бир кўзи ёки иккала кўзи кўрмаслигига сабр қилса ва Аллоҳдан ажр умид қилса, эвазига Аллоҳ таоло жаннатни беради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “(Аллоҳ таоло деди: «Бандамнинг икки кўзини кўр қилиш билан имтиҳон қилсам, у сабр қилса, эвазига жаннатни бераман» (Бухорий ривояти, 5653).

Тутқаноқ касалига мубтало бўлган ва сабр қилиб, Аллоҳдан ажр умид қилган кишининг савоби ҳақида:

Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ айтди, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: “Сенга жаннат аҳлидан бўлган аёлни кўрсатайми?” деди. Мен: “Ҳа албатта, кўрсатинг” дедим. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: “Ҳов анави қора танли аёлни кўряпсанми, шу аёл Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Менинг тутқаноқ касалим бор. Касалим қўзғаганда ўзимни билмай қолиб, авратларим очилиб қолади. (Аллоҳдан шифо сўраб) ҳаққимга дуо қилсангиз», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳласанг сабр қил, эвазига жаннат бўлади. Хоҳласанг Аллоҳдан сенга шифо беришини сўраб дуо қиламан», дедилар. Аёл: «Сабр қиламан. Фақат авратларим очилиб қолмаслигини сўраб дуо қилинг», деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар” (Бухорий, 5652. Муслим, 2576).

Хаста биродарим, бемор дўстим, Аллоҳнинг раҳматидан умидни узманг, асло ноумид бўлманг! Сабр қилинг, тинмай дуо қилинг, ялининг, ёлворинг, кўз очиб юмгунча ҳам умидсиз қолманг. Аллоҳ таоло деди: “Йўлдан адашган гумроҳ кимсалардан бошқа ким ҳам Парвардигорининг раҳматидан ноумид бўларди?!” (Ҳижр, 56).

Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат Унинг қудратини инкор қилган ва кофир бўлган кимсаларгина умид узгайлар” (Юсуф. 87).

Сабрсиз бўлманг, қайғурманг. Аллоҳнинг изни билан бало-мусибатлар бартараф бўлиб кетади, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло деди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга енгиллик ҳам бордир. Албатта, ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга енгиллик ҳам бордир” (Шарҳ, 5-6). Бир оғирлик икки енгилликдан ғолиб кела олмайди.

Дуони тўхтатманг, тинмай дуо қилинг! Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Модомики (ижобатига) шошмас экан, сизлардан бирингизнинг дуоси албатта ижобат бўлади. Раббимга дуо қилдим, ижобат этмади, дейди” (Муслим ривояти, 51/17).

Бошқа бир ривоятда: “Эй Расулуллоҳ, шошиш нима, қандай шошади?” деб айтилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дуо қилдим, дуо қилдим, ижобат бўлганини кўрмадим”, дейди. Шундан сўнг малолланиб, дуо қилмай қўяди” дедилар (Муслим ривояти, 52/17).

Сизга азиз биродарим, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини эслатиб ўтаман: “Дарҳақиқат инсон бесабр, бетоқат қилиб яратилган. Қачон унга ёмонлик, машаққат етиб қолса ўта бесабрлик қилиб жазавага тушади. Қачон унга яхшилик етса, ўта ман қилувчи бахил бўлиб қолади. Фақат намозларини ўз вақтида, тўла-тўкис адо этадиган намозхонлар бундай эмаслар” (Маориж, 19-23).

Сабрсиз, бетоқат бўлманг. Жазавага тушманг. Сабр ва намоз билан мададланинг. Ҳар бир хабарнинг қарор топадиган ўрни ва етиб борадиган ниҳояси бор. Биз яшаб турган дунё ҳам тугаб, ниҳоясига етади. Шундай экан, бало-мусибатларга сабрли бўлинг, бу синовлардан ёруғ юз билан чиқишга ҳаракат қилинг!

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг