Савдо-сотиқнинг таърифи

0

Савдо-сотиқ китоби

Савдо-сотиқнинг таърифи:

Арабча бай, (яъни савдо-сотиқ) сўзи луғавий жиҳатдан “айирбошлаш” ёки “бирон мулкни бошқасига алмаштириш” маъносини англатади.

Шариатда савдо-сотиқ деганда “ўзаро розичилик билан бирон мулкни бошқа мулк эвазига айирбошлаш” тушунилади.

Ибн Муфлиҳ савдо-сотиқ таърифи ҳақида шундай дейди: “Судхўрлик ва қарздан ташқари қийматли бирон товар ёки фойдаланиш жоиз бўлган манфаатни бирон қийматли мулк эвазига чекланмаган муддатга айирбошлаш”.

Шофеий мазҳабига кўра савдо-сотиқ дегани “чекланмаган муддатга кўра қийматли бирон товар ёки манфаатга эгаликни келтириб чиқарадиган молиявий айирбошлаш шартномаси”дан иборат.

Таъриф изоҳи:

 “Қийматли бирон товар” деганда, тилла, кумуш, озиқ-овқат, кўчмас мулклар ва ундан бошқа фойдаланиш жоиз бўлган нарсалар назарда тутилади. “Манфаат айирбошлаш” деганда, бирон кишининг ҳовлисидан кўчага чиқиш имкони туғилиши учун қўшнисининг еридаги йўлакни сотиб олиши каби ҳолатлар назарда тутилган. Негаки, у бундай ҳолатларда йўлакнинг ўзини эмас, балки йўлакдан юриш манфаатини сотиб олади. “Чекланмаган муддат”дан мақсад, нарсанинг мулкчилиги харидорга чекланмаган муддатга кўра кўчиб ўтиши, ҳеч кимса ундан бу мулкни тортиб олиш ҳуқуқига эга эмаслиги ва ундан истаган тарзда фойдаланиши назарда тутилади.

Ушбу изоҳга кўра, савдо-сотиқ дегани сотувчи билан харидор ўртасида бирон нарсани айирбошлашдан иборат бўлиб, бу айирбошлаш гоҳида бирон бир товарни айирбошлаш, баъзан манфаат ва гоҳида пулни пулга айирбошлашдан иборат бўлиши мумкин. Бироқ, нима бўлгандаям бу айирбошлашга судхўрлик ёки қарз муомаласи кириши мумкин эмас.

Савдо-сотиқ шартномасининг таърифидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

А) айирбошлаш шартномасига судхўрлик ва қарз муомаласи кирмайди.

Б) таъриф савдо-сотиқнинг барча турлари: мутлақ савдо-сотиқ, яъни пул эвазига товар олди-берди қилиш, “сарф” савдоси, яъни пулни пулга алмашиш савдоси ва шунингдек, бартер савдоси, яъни товарни товарга айирбошлаш савдоларини ўз ичига олади.

В) савдо шартномаси тузилгач ҳар икки томон: сотувчи ва харидор унга амал қилишга мажбур ва улардан бири якка хоҳишига кўра шартномани бузишга ҳаққи йўқ.

Г) шартнома икки томон розилиги билан тузилиб, унда никоҳ шартномасидаги сингари эълон қилиш шарт қилинмайди. Шартнома модомики томонлар розилиги асосида сирли равишда бўлсада амалга ошар экан, саҳиҳ ҳисобланади.

Д) бу шартномага асосан сотувчининг мулки харидорга, харидорники эса сотувчига кўчиб ўтади.

Изоҳ қолдиринг