Тавҳид ақидаси: Тавассул – бандани Аллоҳга восита қилиш (2)

0

3) Махлуқотларнинг зоти билан тавассул қилиш жоиз эмас:

Чунки «Фалончининг зоти билан» дейилганда «билан» калимаси агар қасам учун бўлса, Аллоҳга ўша фалончи билан қасам ичган бўлади. Агар махлуққа махлуқ билан (яъни бандага банда билан) қасам ичиш жоиз эмас экан ва бундай қилиш ҳадисда айтилганидек ширк бўлар экан, Холиққа махлуқ билан қасам ичиш қандай жоиз бўлсин?!

Агар «билан» сабаб маъносида бўлса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло махлуқ билан сўрашни сабаб қилмаган ва буни бандаларига жорий қилмаган.

4) Махлуқнинг (банданинг) ҳаққи билан тавассул қилиш икки сабабдан жоиз эмас:

Биринчи: Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зиммасига бирон кимсанинг ҳаққи вожиб эмас. Аксинча, махлуққа бу билан фазлу марҳамат кўрсатадиган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

Итоат қилувчи банданинг мукофотга ҳақдор бўлиши Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ва инъоми туфайли бўлган ҳақдорликдир. Бу бир махлуқнинг бошқа бир махлуқ устида бўлган ҳақдорлигига ўхшаган, яхшиликка яхшилик қабилидаги ҳақдорлик эмас.

Иккинчи: Аллоҳ таоло бир бандасига фазлу марҳамат қилиб берган бу ҳақ унинг ўзига хос ва бошқага алоқаси йўқ бўлган ҳақдир. Агар унга ҳақли бўлмаган одам ўша билан тавассул қилса, ўзига алоқаси йўқ бегона нарса билан тавассул қилган бўлади ва бу унга ҳеч қандай фойда келтирмайди.

«Сендан барча сўровчиларнинг ҳаққи билан сўрайман» деган сўзларни ўз ичига олган ҳадис саҳиҳ эмас. Чунки унинг иснодида Атийя ал-Авфий бор, баъзи муҳаддисларнинг сўзларига кўра, бу ҳадиснинг заифлигига иттифоқ қилинган. Шундай экан, бу каби заиф ҳадислар ақидага тегишли ушбу муҳим масалада ҳужжат қилинмайди. Қолаверса, бу ҳадисда муайян бир шахснинг ҳаққи билан тавассул қилиш эмас, умуман сўровчиларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш айтилмоқда. Сўровчиларнинг ҳаққи эса ижобатдир, Аллоҳнинг ваъдаси шундай.

Бу улар учун Аллоҳ ўзига ўзи вожиб қилган ҳақдир, У зотга буни ҳеч ким вожиб қилган эмас. Демак, бу У зотга махлуқнинг ҳаққи билан эмас, балки Ўзининг рост ваъдаси бўйича қилинган тавассулдир.

в) Бандадан истионат ва истиғоса қилиш ҳукми:

Истионат – бирор ишда ёрдам ва мадад сўраш, истиғоса – машаққат ва қийинчиликни кетказишни сўрашдир.

Бандадан истиғоса ва истионат қилиш икки хил:

Биринчи: Бандадан у қодир бўлган ишларда ёрдам ва мадад сўраш жоиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!» (Моида: 2).

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айтади: «(Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15).

Шунингдек, уруш ва шу кабиларда одам ўзининг ёру дўстларидан ёрдам олиши ҳам банда қодир бўладиган ишлардан.

Иккинчи: Ёлғиз Аллоҳнинг ўзигина қодир бўладиган ишларда бандадан ёрдам ва мадад сўраш. Ўликлардан ёрдам сўраш ёки тириклардан касалларга шифо бериш, мусибатларни аритиш ва зарарни даф қилиш каби Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда мадад сўраш бунга мисол бўлади. Бу хил мадад сўраш ножоиз ва катта ширкдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бир мунофиқ кимса мўминларга озор етказиб юрарди. Баъзилар: «Юринглар, бу мунофиқнинг ёмонлигидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мадад сўрайлик» дейишганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёрдамни мендан сўралмайди, ёрдамни фақат Аллоҳдан сўралади», дедилар.[1] У зот тавҳидни ҳимоя қилиш ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш учун ҳамда Парвардигорларига нисбатан одоб ва тавозени сақлаб, шунингдек, умматни сўз ва ишларда ширкка олиб борувчи воситалардан огоҳлантириш мақсадида ҳаётликларида ўзлари қодир бўлган ишларда ҳам бу сўзни (яъни мадад сўрашни) ўзларига нисбатан ишлатилишини ёқтирмадилар. Агар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида қодир бўлган ишларидаки шундай бўлса, вафотларидан кейин Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда қандай у кишидан ёрдам ва мадад сўраш жоиз бўлсин?![2]

Агар бу нарса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида жоиз бўлмас экан, бошқаларнинг ҳаққида албатта жоиз бўлмайди.

[1] Табароний ривояти.
[2] Фатҳул мажид (196-197 с).

Изоҳ қолдиринг