Қабристон ерига тааллуқли масалалар (3)

0

22 – Қабристон учун вақф қилиш

Бу иш ҳам мусулмонга вафотидан кейин савоби бориб турадиган садақалар сирасига киради.

Агар молидан бир қисмини қабристонларда қилиш мумкин бўлган ишларга, масалан, дафн учун фойдаланиладиган иш қуроллари, гўрковлар маоши ва бошқа шу каби нарсалар учун вақф тайинласа, жоиз. Бундан вақф қилувчига савоб ҳосил бўлади, иншооллоҳ.

Ширк ва бидъатлар каби ҳаром ишлар учун қилинган вақф эса жоиз эмас. Қабрлар устига бино қуриш, атрофини ўраш ва хушбўйлик суртиш учун вақф қилиш, шунингдек, одамларни маййитлар борасида ғулув кетишга тарғиб қиладиган қабристон хизматчилари, маййитларнинг руҳларига бағишлаш учун қироат қилиб берадиган қорилар, авлиёлар қабрларига аталган китоблар, қабрлар ёнидаги мадраса ва ҳоказолар учун вақф қилиш ҳам тўғри эмас[1].

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ ва Расулига (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тоат ва қурбат мақсадидан бошқа ўринда вақф қилиш тўғри бўлмайди. Бинобарин, мақбарага ҳамда чироқ ёқиладиган, улуғланадиган, унга атаб назр  ва ҳаж қилинадиган, Аллоҳни қўйиб унга сиғиниладиган ва илоҳ қилиб олинадиган  қабрга вақф тайинлаш жоиз эмас. Ислом уламолари ва уларнинг йўлини тутганлардан бирортаси бу борада ихтилоф қилмаган»[2].

У киши яна бундай дейди: «Маййитлар ҳақига тиловат қилиб бағишлайдиган киши учун салафларнинг вақфлари бўлмаган, бундай нарсани умуман билишмаган»[3].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрлар устига сағаналар қуриш ва уларга вақф тайин қилиш бидъат бўлиб, саҳобалар даврида ҳам, тобеинлар ва улардан кейингиларнинг даврида ҳам кўрилмаган. Ҳатто, тўрт халифа даврида ҳам бўлмаган. Қабрлар устига сағаналар қуриш ва бу ишда вақф ё бошқа нарса билан ёрдам бериш шариатдан эмаслигига уламолар иттифоқ қилган»[4].

Яна у киши: «Қабр учун вақф қилиш бидъатдир», деган[5].

Сиддиқ Ҳасанхон айтади: «Қабрни баланд кўтариш ё уни безаш ё унга зиёратчилар фитнасига сабаб бўладиган нарсани жалб этиш йўлида вақф ажратиш ботил амалдир»[6].

Саудия диёри муфтийси Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим айтади: «Қабрлар учун вақф қилиш тўғри эмас. Чунки вақфнинг саҳиҳ бўлиш шартларидан бири яхшилик ва қурбат асосига бўлишидир. Қабрлар масаласида ҳаддан ошиб, ғулув кетиш, уларнинг устига бино қуриш, зиёрат уюштириш, йиғинлар ўтказиш қайтарилган бидъат ишлардан, ҳатто ҳаром қилинган ширкнинг василаларидандир. Дарҳақиқат, саҳиҳ ҳадисларда қабрлар борасида ғулув кетиш, улар устига бинолар барпо қилиш ва уларни байрам тантаналари ўтказиладиган жой қилиб олишдан қайтарилгани собит бўлган»[7].

Яна: «Қабристонни ёритиш учун вақф қилиш тўғри эмас», деди[8].

[1] Рофизий шиалардан бўлган бағдодлик ёзувчи Али ибн Али ибн Рўзбаҳор ибн Бокир Абу Музаффарнинг таржимаи ҳолида китобларини Мусо ибн Жаъфар мақбарасига вақф қилиб, бу китоблар ижарага берилмаслигини шарт қилгани айтилган (Халил ас-Сафадий. «Ал-вофий бил-вафаёт», 21/221. Муҳаққиқ: Аҳмад Арнаут, Туркий Мустафо. «Дор эҳё ат-турос» нашриёти, биринчи нашр, 1420-ҳ.й.).

[2] Ибн Қаййим ал-Жавзийя. «Зод ал-маъод фи ҳадйи хайр ал-ибод», 3/507. Муҳаққиқ: Абдулқодир Арнаут, Шуайб Арнаут. «Муассаса ар-рисола» нашри, учинчи нашр, 1418-ҳ.й..

[3] Ибн Қаййим. «Ар-руҳ», 2/498. Муҳаққиқ: Бассом ал-Амуш. «Дор Ибн Таймия» нашриёти, биринчи нашр, 1406-ҳ.й..

[4] «Мажмуъ ал-фатово», 31/11.

[5] Ибн Муфлиҳ. «Ал-фуруъ», 3/432. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ ат-Туркий. «Муассаса ар-рисола» нашри, биринчи нашр, 1424-ҳ.й..

[6] «Ар-равзат ан-надийя», 2/167.

[7] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх. «Мажмуъ ал-фатово», 9/61, 2282-рақамли фатво.

[8] Аввалги манба, 9/61, 2283-рақамли фатво.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг