Дард ва даво (61): Гуноҳнинг касофати (21) Гуноҳлар бандани мақтовли сифатлардан маҳрум қилади

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар бандани мақтовли сифатлардан маҳрум қилади

Гуноҳ-маъсиятлар бандани мақтовли ва шарафли исм ва сифатлардан маҳрум этади ва уларнинг ўрнига ёмон ва шармандали исмлар билан номланишига сабаб бўлади. Масалан, гуноҳлар бандани мўмин, диндор, муҳсин, тақводор, итоаткор, Аллоҳга кўп қайтувчи, валий, парҳезкор, ислоҳатчи, ибодатгўй, Аллоҳдан қўрқувчи, тавбакор, покиза, Аллоҳ рози бўлган банда каби мақтовли исмлардан маҳрум этади ва эвазига фожир, осий, шариатга хилоф иш тутувчи, ёмонлик қилувчи, фасодчи, нопок, ғазабга учраган, зинокор, ўғри, қотил, ёлғончи, хоин, бачавоз, хоин, қариндошлар билан алоқани узувчи ва шу каби бошқа ёмон исмлар билан номланишига олиб боради.

Бундай исмлар фосиқликка далолат қиладиган ёмон исмлардир. Аллоҳ таоло айтади: “Иймондан кейин (мўмин номини олгач) фосиқлик билан номланиш нақадар ёмон” (Ҳужурот, 11). Ушбу исмлар ажрим қилучли Зот Аллоҳнинг ғазабини, дўзахга тушишни, хор ва шармандали ҳаёт кечиришни келтириб чиқаради. Нариги исмлар эса Раҳмоннинг розилигини, жаннатга киришни, шунингдек, қолган инсонлардан шарафлироқ бўлишини тақозо этади.

Гуноҳ-маъсиятларнинг ёмон ва шармандали исмлар билан номланишдан ва уларнинг ёмон оқибатларидан бошқа жазо-уқубати бўлмаганда ҳам шунинг ўзиёқ ақлли инсонни маъсиятлардан тийилиши учун кифоя қиларди. Тоат-ибодатларга бериладиган савоб фақат юқорида келтирилган мақтовли исмлар ва уларнинг яхши оқибатларидан иборат бўлганида ҳам шунинг ўзи ақлли инсонни тоат-ибодатга ундаш учун етарли бўларди.

Аммо начора, Аллоҳ таоло берган неъматни ҳеч ким ман қилолмайди, Аллоҳ таоло ман қилган нарсани ҳеч ким бера олмайди. Аллоҳ Ўзидан узоқ қилган кимсани ҳеч ким яқинлаштира олмайди. Аллоҳ Ўзига яқин қилган кимсани ҳеч ким узоқлаштира олмайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, уни (ҳеч ким) азиз қилувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур” (Ҳаж, 18).

Бўлим

  1. Гуноҳлар ақлни камайтиради

Гуноҳ-маъсиятлар ақлга таъсир қилиб, уни камайтиради. Ақл-ҳуши жойида бўлган икки инсонни кўрсангиз, бири Аллоҳга итоаткор, бошқаси Аллоҳга осий бўлса, албатта, Аллоҳга итоатлисининг ақли осийникидан кўпроқ ва комилроқ, фикр-мулоҳазалари соғломроқ ва тўғрироқ эканига ҳамда ҳамиша тўғри ечим қабул қила олишига гувоҳ бўласиз. Шу сабабли Қуръонда келган хитоблар ақл эгаларига қаратилганини кўрасиз. Аллоҳ таоло айтади: “Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!” (Бақара, 197); “Шундай экан, эй иймон келтирган акл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар!” (Талоқ, 10); “Фақат аҳли донишларгина ваъз-эслатма оладилар”. Бу мазмундаги оятлар жуда кўп.

Ақл-ҳуши мукаммал инсон қандай қилиб Аллоҳ таолонинг чангалида ва (бандаларга ато этган) диёрида туриб, У Зотга осийлик қилади?! Қандай қилиб Аллоҳ уни кўриб, кузатиб турганини била туриб Унга осийлик қилади?! Ваҳоланки, у Аллоҳнинг кўз-ўнгидан қочиб қутила олмаслиги аниқ бўлса! Қандай қилиб Аллоҳ ато қилган неъматларни Унинг ғазабини келтирадиган нарсалар учун сарфлайди?! Қандай қилиб ақли жойида инсон ҳар вақт Аллоҳнинг ғазабини, лаънатини, Ўзидан узоқлаштиришини, раҳмат эшигидан ҳайдашини, ундан юз ўгиришини, хорлашини, нафси билан душмани (яъни шайтон) орасига ташлаб қўйишини, назаридан қолишини, шунингдек, розилиги ва муҳаббати ҳаловатидан ва Ўзига яқин қилиб кўзини қувнатишидан, Ўз ҳимоясига олишидан, яқин бандалари қаторида юзига назар солишдан ва булардан бошқа итоаткор бандалари учун ҳозирлаган қанчадан қанча неъматларидан маҳрум қилишини ва гуноҳкор бандалари учун ҳозирлаган қанчадан қанча уқубатларни ўзи учун тилаб олиши мумкин?!

Тушдек ўтиб кетувчи бир соатлик, ё бир кунлик, ё бир умрлик лаззатни (дунё ва охиратда итоаткор бандаларига бериладиган) битмас лаззатдан ва энг буюк ютуқдан устун қўядиган кишида қандай ақл бўлсин? Аслини олганда мана шулар дунё ва охират бахт-саодати саналади-ку?! Агар унда зиммасига жавобгарликни юклайдиган ақли бўлмаганида эди, ақли заиф инсонлар қаторида ҳисобланарди. Балки ақли заиф мажнунларнинг ҳолати уникидан яхшироқ ва оқибатлари саломатлироқдир.

Гуноҳнинг дунёвий ишларга тааллуқли ақлга таъсир этишига келсак, бу тур ақлдаги ноқислик барча инсонларда учрамаганда эди, итоаткор бандага осий банданинг ақли ноқислиги кўринган бўлар эди. Лекин бу ҳаммага теккан мусибат. Жинниликнинг чеки бўлмайди!

Ҳайрон қоласан киши, агар инсон ақли соғлом бўлганида лаззат, хурсандчилик, қувонч ва фаровон ҳаётга барча неъмат қўлида бўлган Зотнинг розилиги орқали эришилишини, алам-изтироб ва азоблар эса У Зотнинг қаҳри ва ғазабига дучор бўлиш сабабли етишини англаб етган бўлар эди. Зеро, кўзлар қувончи, нафслар севинчи, қалблар ҳаёти, руҳлар лаззати, яхши ҳаёт, лаззатли умр ва энг яхши неъматлар У Зотнинг розилигидадир. Ушбу неъматларнинг заррачасини дунё неъматларининг бирига солиштирадиган бўлсак, унга тенг келолмайди. Қалбга мазкур неъматлардан озгина насиба берилса, уни дунё ва ундаги барча неъматларга алмашишга рози бўлмайди. Шу билан бирга (Аллоҳнинг розилиги йўлида юрган) банда дунёда ҳам энг фаровон ҳаёт кечираётган осий бандалардан кўра фаровонроқ ҳаёт кечиради. Ўзига берилган оз дунёвий улушдан фойдаланар экан, бойлик ва фаровонликда яшаётган инсонлар бошига тушадиган ғам-ташвиш, қайғу, қийинчиликлар нима эканини билмайди. Икки неъматни (дунёвий улуш ва Аллоҳнинг розилигини) ҳам қўлга киритган ҳолда яшайди. Охиратда эса бу иккисидан ҳам каттароқ неъмат берилишини кутиб яшайди. Бу орада унга етадиган алам-изтироб ва қийинчиликлар эса Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён этганидек, ҳар бир банда бошига тушадиган ҳолат саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?!” (Нисо, 104).

Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ! Дуру гавҳар эвазига тезакни, мушк эвазига ахлатни, Аллоҳ таоло Ўз неъматини ато этган зотлар: пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга ҳамроҳ бўлиш эвазига Аллоҳ ғазаб қилган, лаънатлаган ва улар учун энг ёмон жой бўлмиш жаҳаннамни тайёрлаб қўйган кимсаларга ҳамроҳ бўлишни сотиб олган кишидан ҳам ақли ноқис ким бор!

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг