Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (17)

0

Илм талаб қилиш даврида залолатга бошлайдиган ҳар қандай омиллардан четланиш лозим, токи мусулмон аёл покиза муҳитда покиза ҳаёт кечирсин. Аллоҳ таоло айтади: “Қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъулдир (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)” (Исро, 36).

Агар дарслар кўп бўлса, энг заруридан ва энг муҳимидан бошлаш керак. Масалан, аввал тафсир илми, сўнг ҳадис илми, сўнг усули дин, сўнг усули фиқҳ, сўнг мазҳаб, сўнг ихтилофлар, сўнг наҳв ёки мунозара илми ўқилади.

Фикрни фойдали илмлар билан, тавҳид ва унинг ҳуқуқлари, охиратга озуқа бўладиган амаллар, жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқ қиладиган ишлар, амалларнинг офатлари ва улардан қутулиш йўлларини ўрганишга машғул қилиш лозим.

Шақиқ ибн Иброҳим айтади: “Инсонларга олти нарса сабабли тавфиқ эшиклари ёпилади:

  • Неъмат ичида туриб, унинг шукрига бепарво бўлиш;

  • Илмга рағбат қилиш ва амални тарк этиш;

  • Гуноҳга ошиқиш ва тавбани кечиктириш;

  • Солиҳларга ҳамсуҳбат бўлиш билан мағрурланиш, лекин ишларида уларга эргашмаслик;

  • Кетиб бораётган дунё ортидан қувиш;

  • Яқинлашиб келаётган охиратдан юз ўгириш”.

Аммо бизнинг бугунги аҳволимиз – хусусан аёллар жамиятида – жуда ачинарлидир. Баъзи аёллар бор, фан доктори, профессор унвонига эга. Бироқ, ибодати дуруст бўлиши учун ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган оддий фиқҳий масалаларни билмайди. Эҳтимол, таҳорат ва ибодат масалаларини, ҳатто аёлларга хос бўлган идда аҳкомларини ҳам билмас.

Бу борада гапирсак, мисоллар жуда ҳам кўп.

С… исмли қиз ўрта мактабни битирди. Вақтидан унумли фойдаланишни зарур деб билди. Бу яхши. Лекин нима қилди? Макияж ва пардоз-андоз сирларини ўргатиш курсига ёзилди.

Динини чуқурроқ ўрганишга қизиқса яхшироқ бўлмасмиди?!

Нима учун билмаслигининг зарари йўқ бўлган нарса ортидан югуради-ю, таълим олиши вожиб бўлган илмни тарк этади?!

Агар у бирламчи ишларни ҳаётига татбиқ этса эди, аввало динни яхшироқ ўрганишга интилган бўларди. Сўнг илм ўқиш билан ибодатлар ўртасида мувозанат ҳосил қилар, кейин иккинчи даражали ишларга киришар эди.

А… исмли қиз дарсини яхши ўзлаштириш учун кечалари ухламасдан ўқийди. Мақсади имтиёзли диплом олиш. Ёзги таътилда ҳам бўш вақтини чет тилини ўрганишга бағишлайди. Ҳолбуки, у намознинг фарзларини, балки иймоннинг рукнларини билмайди. Аслида, маърифатли бўлиш дипломли бўлишдан афзал эмасми?

Тўғри, аёл киши врач, ўқитувчи, тикувчи ё бошқа касб-ҳунар эгаси бўлса, ўз соҳасига тааллуқли илмга эга бўлиши, бу борада мукаммал таълим олиши ва малакасини ошириши зарур. Сабаби, биз – хусусан аёлларга хос тиббиёт соҳасида – бошқаларга қарам бўлиб қолмайлик. Аёллардан табибалар етишиб чиқсин. Чунки моҳир табибалар жуда ҳам кам. Бироқ, шу билан бирга, аёл ўзига тааллуқли зарурий шаръий аҳкомларни ҳам билсин. Бунинг учун шариатга биноан эркакларга аралашмаган ҳолда таълим олиб, илмий савиясини оширсин. Баъзан бундай илмга эга бўлиш аёл кишига фарзи айн бўлиб ҳам қолади. Ва бу фарзи кифоя бўлган илмларда моҳир бўлишдан кўра зарурроқ бўлади.

Имом Шофеийни Аллоҳ раҳматига олсин, “Ҳалол ва ҳаром илмидан кейин таббиётдан кўра афзалроқ илмни билмайман, лекин аҳли китоблар бу борада биздан ўзиб кетдилар”, деган эканлар.

Изоҳ қолдиринг