Қабристон ерига тааллуқли масалалар (4)

0

23 – Қабристонларни назорат қилиш

Қабристонларга тааллуқли муҳим эътиқодий масалалар, кўплаб фиқҳий ҳукмлар бор экан, уларни назорат қилиш вазифаси шаръий илмга эга мутахассисларга топширилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Улар эса «Фатво ҳайъати», «Вақф вазирлиги» ёки «Мусулмонлар Идораси» каби шаръий идораларга тобе бўлиши керак. Бу нарса барча исломий юртларга бирдек тааллуқли бўлиб, қабристонларда қилиниши лозим ёки жоиз амаллар борасида одамлар онгини ошириш ҳамда уларнинг бидъат, ширк ва бошқа ҳар турли шариатга зид ишларга қўл уришларининг олдини олишга хизмат қилади.

Ибн Аттор Димашқий Шофеий раҳимаҳуллоҳ деди: «Мусулмонлар раҳбари қабристонлар учун нозирлар тайинлаши, улар қабристонлардаги ҳаддан ошиш ва фисқу фужурдан иборат фасодни ман этишлари, гўрковларга маййитларнинг суякларини синдириб қўймаслик каби ишларни насиҳат қилиб туришлари, баланд қурилган қабрлар бўлса, уларни ердан бир қарич миқдорга келтириб, текислаб боришлари даркор…»[1].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдулмажид Салим деди: «Қабристонга нозир тайинлаш жоиз. У тегишли ташкилот, вақф эгаси ё қози тарафидан тайинланади. Нозирнинг назорат ваколати қабристонни муҳофаза қилиш, гуноҳ бўлмаган ишларда вақф эгаси шарт қилган ишлардан нарига ўтмаслиги керак. Унинг қабристондан бирор қисмини алмаштиришга ёки қабристонликдан чиқаришга ҳаққи йўқ»[2].

24 – Қабристон қоровули ва ишчилари учун бошпана қилиш

Агар қабристон учун қоровулга эҳтиёж туғилса, бунинг зарари йўқ. Бироқ қоровул ҳамда қабр ковлашга масъул ишчилар қабристон ичкарисида яшашлари тўғри эмас. Чунки бу нарса намозларни қабристон ичида адо этилиши, натижада намозлар ботил бўлишига, шунингдек, хавотир ва қўрқувга олиб боради.

Имом Шофеий айтади: «Қўрқув ва хавотирга сабаб бўлгани учун қабристонларда тунаб қолишни ёқтирмайман»[3].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ қабрлар орасида яшаш «мункар, қабрларни оёқости қилишга сабаб бўладиган иш. Агар у жойда намоз ўқилса, ундай намоз ботилдир», деб фатво берган[4].

Қабристон қоровули ва ишчиларини қабристон ташқарисидан, унга яқин жойдан тураржой билан таъминлаш мумкин.

Шайх Абдураҳмон ибн Баррок ҳафизаҳуллоҳдан: «Қабристон ҳудудидан бўлган, унда қабрлар бўлмаган, қабристоннинг эҳтиёжи ҳам бўлмаган бир парча ерни қоровул ва гўрковларга тураржой учун ажратиш, унинг эшигини кўчага қаратиб қуриш жоизми?» деб сўрадим.

У киши бундай жавоб берди: «Қабристон ҳудудидан бўлган бир парча ерни ажратиб олиш ман этилмайди. Чунки бу қабристон фойдаси учун қилингандир. Шунингдек, бир парча жойни маййитларни ювиш учун ажратиш ҳам шу қабилдан. Масжид еридан бир қисми ажратиб олиниб, имом ва муаззин учун тураржой қуриб беришнинг ҳукми ҳам шу. Чунки бу масжид фойдаси учун қилинади».

25 – Қабристонни девор билан ўраб, унга дарвозалар ўрнатиш

Аслида, қабристон тўсилмайди, девор билан ўралмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Бақеъ қабристони шундай бўлган. Агар қабрларни йўл қилиб олинишидан ҳимоя қилиш, ахлат ташлаш, ҳожат чиқариш, мол-қўйлар тарафидан пайҳон этилиш, автоуловлар босиб ўтиши каби ишлардан муҳофаза қилиш, маййитлар ҳурматини сақлаш, қабристонга нисбатан тажовузкорона хатти-ҳаракатлар ёки унинг ерини ўзлаштириб олиш хавфи туғилганда қабристон ҳудудини белгилаш ва ҳоказо ишлар учун қабристонни девор билан ўраш эҳтиёжи пайдо бўлса, уни девор билан ўраш вожиб бўлади[5]. Қабристонларни девор билан ўраш асносида шариат қайтарган ишлардан четланиш керак. Деворни мармар билан қоплаш, нақшлар билан безаш, уни қуришда ортиқча дабдабага йўл қўйиш каби ишлар шулар жумласидан. Чунки асосий мақсад қабристон девор билан тўсилиши эмас, балки у ердаги маййитлар ҳимояда бўлишидир. Зеро, тириклар тарафидан қилинадиган ялтир-юлтур безаклар ва нақшларга маййитларнинг эҳтиёжи йўқ. Шунингдек, қабристонлар деворларини кўтаришда ҳаддан ошиш, уларни безаш каби ишлар кофирларга хос ишлардан бўлиб, яна унда молни беҳуда зое қилиш ҳам бор. Бундан ташқари, мазкур ишлар қабрларни улуғлашга сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин. Қабристон деворлари ҳақида айтилган сўзлар эшикларга ҳам тааллуқлидир. Бинобарин, уларга ҳам зеб-зийнат берилмайди, ортиқча ҳаражат қилинмайди. Қабристонлар деворларини мармар билан қоплаётган кишиларнинг мақсади у жойлардан инсон кўнглига ғам соладиган тушкун манзарани кетказиш бўлиши мумкин. Аммо бундай ўйлаш мақсадга мувофиқ эмас. Зеро, қабристон зиёрати машруъ этилишидан кўзланган ҳикмат ўлимни ва охиратни ёдга олишдир.

[1] Ибн Аттор ад-Димашқий аш-Шофеий. «Фазлу зиёрат ал-қубур», 53-бет. Муҳаққиқ: Аҳмад ал-Исовий. «Дор ас-саҳоба» нашриёти, биринчи нашр, 1412-ҳ.й..

[2] «Ал-фатово ал-исломийя мин дорил-ифто ал-мисрийя» (4/1260, 605-рақамли фатво).

[3] Имом Шофеий. «Китоб ал-умм», 2/163. Муҳаққиқ: Али Муҳаммад ва Одил Аҳмад. «Иҳё ат-турос ал-арабий» нашриёти, 1422-ҳ.й..

[4] Шайх Абдулазиз ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/356.

[5] «Доимий фатво қўмитаси»дан чорва ҳайвонлар қабристонларга ўтлаш учун киритилиши, уларнинг қабрлар устидан юриб ўтиши ҳақида сўралди. Жавоб эса қуйидагича бўлди: «Мол-қўйларнинг қабрлар устидан ўтиши ҳаром, эгалари эса маййитлар ҳурматини топтаганлари сабабли гуноҳкор бўлади. Маййитларни муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳурматларини жойига қўйиш учун қишлоқ аҳли қабристонни девор билан ўраши вожибдир». («Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/126, 2174-фатво, биринчи тўплам. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг