40. Гуноҳ банда билан Раб таборака ва таоло ўртасидаги алоқа узилишига олиб келади
Бу иш гуноҳнинг энг катта офатларидан бири ҳисобланади. Агар мазкур алоқа узилса, яхшилик келтирувчи сабаблар ҳам бандадан узилади ва унга ёмонлик келтирувчи сабаблар ёпишиб олади.
Айтингчи, яхшилик келтирувчи сабаблар ундан узилган, ҳимоячиси ва хожаси билан алоқаси кесилган банда қандай қилиб нажотга эришсин, нимани умид қилсин, қандайсига ҳаёт кечирсин?! Ахир у ҳимоячиси ва хожасидан (яъни Аллоҳдан) бир лаҳза ҳам беҳожат бўлолмайди, Усиз ҳаёт кечиролмайди, Унинг ўрнини ҳеч ким босолмайди-ку?! Устига-устак ёмонлик келтирувчи сабаблар унга ёпишиб олган, энг ашаддий душмани билан алоқа ўрнатиб, душмани унинг устидан ҳукмрон бўлиб олган, ҳимоячиси эса ундан юз ўгирган бўлсачи?! Банда бу узилиш (Аллоҳ билан алоқани узиш) ва боғланишда (шайтон билан алоқани боғлаш) қанчалар алам-изтироб ва қанчалар азоб борлигини билганда эди!
Салаф солиҳлардан бири бундай деган экан: “Банда гўё Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билан шайтон ўртасига ташланган ҳолатда эканини кўрдим. Агар Аллоҳ ундан юз ўгирса, шайтон уни илиб кетади. Агар Аллоҳ ҳимоясига олса, шайтоннинг унга кучи етмайди”.
Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг, (эй Муҳаммад) фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари)» Мени қўйиб, уни (яъни иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал» ўринбосардир” (Каҳф, 50).
Оятда Аллоҳ азза ва жалла бундай демоқда: “Мен сизларнинг оталарингизни улуғлаб, қадрини кўтардим, уни бошқа махлуқотларимдан афзал қилдим. Сўнг барча фаришталаримни ҳурмат юзасидан ва эъзозлаб унга сажда қилишга буюрдим. Улар дарров итоат қилишди. Лекин Менинг ва сизларнинг душманингиз (шайтон) бундан бош тортди, буйруғимга осий бўлди, сўзимни икки қилди. Шу воқеадан кейин сизлар қай ақл ила уни (шайтонни) ва зурриётини Мени ўрнимга яқин дўст ва ҳимоячи қилиб оласизлар?! Қандай қилиб Мен қайтарган ишларда унга итоат қиласизлар, Мени норози қиладиган ишларда унга эргашасизлар?! Ҳолбуки, улар (шайтон ва зурриёти) сизларнинг энг ашаддий душманингиз-ку! Менинг душманимни дўст тутдингиз, Мен эса сизларни уларга душман бўлишга буюрган эдим».
Маълумки, ким Подшоҳнинг душманларини яқин дўст тутса, ўзи ҳам ўша душманлар қаторига киради. Зеро, чинакам муҳаббат ва бўйсуниш итоат қилинаётган зотнинг (Подшоҳнинг) душманларини душман тутиш ва дўстларини яхши кўриш билан рўёбга чиқади. Аммо Подшоҳнинг душманларини дўст тута туриб, Подшоҳни яхши кўришни ва яқин дўст тутишни даъво қилишингиз амри маҳолдир. Мазкур сўзлар Подшоҳнинг душмани сизга душман бўлмаган ҳолатга тегишли эди. Энди, подшоҳнинг душмани аслида сизнинг душманингиз бўлсачи? Ўрталарингиздаги душманчилик бўри билан қўй ўртасидаги душманчиликдан ҳам ёмонроқ бўлсачи? Ақли бор одам ўзининг ва Ундан бошқа ҳимоячиси ва хожаси йўқ бўлган Аллоҳнинг душманини яқин дўст тутадими?
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло юқоридаги оятда: “Улар сизларга душман-ку!” ва “Бас, (шайтон) Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди” деган сўзлари билан ушбу дўстликнинг нақадар жирканч дўстлик эканини билдирди. Демак, мазкур сўзлардан равшан бўлдики, шайтон Раббига ва бизга душман экан. Аслида бу иккисининг ҳар бири уни душман тутишга етарли сабабдир. Энди, уни дўст тутишингиз нимаси? Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг дўстлигига унинг дўстлигини алмашасиз? Дарҳақиқат,иблис золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал»дир.
Оятдаги хитоб остида нозик ва ажойиб дашном борга ўхшайди. Гўё Аллоҳ таоло бундай демоқчи: «Мен сизлар учун иблисни Ўзимга душман санадим. Чунки у фаришталаримга қўшилиб сизларнинг отангиз Одамга сажда қилмади. Сизларни деб уни душман тутдим. Сизлар учун шунча иш қилганимга қарамай у билан дўст бўлишни лозим топдингизми?»