Ғалаба берилувчи жамоанинг белгилари
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, бу билан Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайди. Аллоҳ улардан кўра яхшироқ бўлган, Ўзи уларни яхши кўрадиган ва улар ҳам Уни яхши кўрадиган, мўминларга раҳмли ва кофирларга қаттиққўл бўлган бир қавмни келтиргай. Улар Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар ва ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмайдилар. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳаматидир, уни Ўзи истаган бандасига беради. Аллоҳ фазли карами кенг ва билувчи Зотдир” (Моида сураси, 54).
Мазкур ояти каримада айтилган белгилар биринчи навбатда Абу Бакр Сиддиққа ва унинг бошчилигида муртадларга қарши уруш олиб борган саҳобаларга тўғри келади. Аллоҳ уларни энг мукаммал сифатларга эга деб мақтади. Улар қуйидаги сифатлардир:
а) “Ўзи уларни яхши кўради ва улар ҳам Уни яхши кўрадилар
Аллоҳ таоло бу авлод вакилларини дин йўлида жону молларини фидо этишгани учун, ўзларига фарз қилинмаган ишни ҳам ихтиёрий равишда, Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатини қозониш мақсадида қилишгани учун, суннат ва мустаҳаб амалларни худди фарз амаллардек адо этишгани учун яхши кўрди. Ушбу авлод Аллоҳ таоло яхши кўрадиган эҳсон, сабр ва тақво сифатлари билан сифатланди. Аллоҳ таоло айтади: “Улар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичга ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” (Оли Имрон сураси, 134). Яна айтади: “Йўқ, аксинча, ким аҳдига вафо қилса ва тақво қилса, Аллоҳ тақво қилувчи кишиларни севади” (Оли Имрон сураси, 76).
Саҳобалар Аллоҳ таолони ўта қаттиқ яхши кўрдилар, Унинг муҳаббатини қозонишни бошқа ҳамма нарсадан устун кўрдилар, У ёқтирмаган нарсани ёмон кўрдилар, Унинг дўстларини дўст, душманларини душман тутдилар, Унинг пайғамбарига эргашдилар. Жонларини ва молларини Унинг йўлида ҳеч тараддудсиз ва миннатсиз фидо этдилар, балки бундай қилишни ўзлари учун шараф деб, Аллоҳ томонидан уларга берилган фазлу марҳамат деб билдилар.
б) мўминларга раҳмли ва кофирларга қаттиққўл
Мўмин биродарларига ўта хокисор, кофир душманларга эса ўта қаттиққўл бўлиш комил мўминларнинг сифатидир. Шу боис Сиддиқ разияллоҳу анҳу ва саҳобалар мусулмонларга ёрдам беришга ва муртадларга қарши уруш олиб боришга ошиқдилар. Абу Бакр мўминлардан зулмни кўтариш ва муртадликка бутунлай барҳам бериш учун ўн битта байроқ остида қўшинлар йўллади, мусулмон ватандошларга азоб берган муртадлардан аёвсиз қасос олдирди. У халқнинг аҳволидан доим бохабар бўлиб турарди, унинг чўриларга, мўйсафидларга, ожизаларга қандай муомала қилгани ҳақида юқорида айтиб ўтилди.
в) Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар ва ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмайдилар
Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қилиш сифати Сиддиқ халифалиги даврида мусулмонларнинг муртадларга қарши урушиб, уларнинг шон-шавкатларини синдиришларида ва кейинроқ олиб борилган исломий фатҳларда яққол кўринди. Саҳобалар Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши ва ер юзида Аллоҳнинг ҳокимияти қурилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилиниши учун, муртадларнинг тажовузларини даф қилиш учун душманлари билан жиҳод олиб бордилар. Натижада, одамлар ҳақ динга қайтди, Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошлиқ исломий раҳбарият Арабистон яриморолини бутун дунёни фатҳ этиш мақсадида бошланажак юришлар учун таянч нуқтасига айлантирдилар.
Арабистон яримороли аввало Аллоҳнинг фазли, қолаверса Абу Бакр Сиддиқ бошчилигида саҳобаларнинг олиб борган жиҳод ҳаракатлари туфайли ўз тарихида биринчи марта ягона Ислом байроғи остида бирлашди, маркази Мадина шаҳри бўлган ислом давлати Сиддиқ раҳбарлиги остида барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга қодирлигини кўрсатди.
г) Бу Аллоҳнинг фазлу марҳаматидир, уни Ўзи истаган бандасига беради
Юқоридаги ояти каримада зикр этилган, Аллоҳ мўминларни яхши кўриши ва улар ҳам Уни яхши кўришлари, мўминларнинг мўминларга хокисор, кофирларга шиддатли бўлишлари, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишлари ва бу йўлда ҳеч кимнинг маломатидагн қўрқмасликлари ҳақидаги сўзлар – буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўз дўстларига ва суйган бандаларига ато этади.