Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (12)

0

Юқорида айтилган гаплар масаланинг Аллоҳ таолодан тушган буйруқ ва қайтариқлар томонидан кўриниши эди. Энди Мадинадаги мўминлар ҳаётидаги амалий татбиқ жиҳатига, улар Аллоҳ таолонинг ушбу буйруқ ва талабларини қандай қабул қилиб, қандай татбиқ этганликларига қарайлик.

Бу амру фармонлар хоҳ Қуръонда, хоҳ ҳадисларда келган бўлсин, ўша ўхшаши йўқ покиза жамият аъзоларидан бирон киши: “Бу буйруқ ва қайтариқларга риоя қилиш мажбурийми; уларга риоя қилиш иймоннинг бир бўлагими ёки йўқми; уларни Аллоҳдан келган деб эътиқод қилинса кифоями, ёки амалга ошириш шартми; инсон улардан бирортасига мутлақо амал қилмаслик билан иймондан чиқадими, йўқми?” деб сўрамади. Масалани батафсил сўраб ўтирмай, ҳаммасига баробар амал қилаверди.

Бундай савол иймонларига Аллоҳ ва Расули гувоҳлик берган ҳақиқий мўминлардан ҳам ва ҳатто қалбида куфрни яшириб, зоҳирда мусулмонлик даъво қилиб юрган мунофиқлардан ҳам содир бўлмади.

Чунки улар ҳам, булар ҳам “ла илаҳа илллаллоҳ” калимаси оғизда айтиб қўйиш кифоя қиладиган оддий сўз эмаслигини яхши тушунар эдилар. Бу калиманинг тақозоси ўлароқ амал қилиш керак бўлган ишлар борлигини билар ва уларни сўзсиз бажарар эдилар. Тўғри, амал қилишда мўминлар билан мунофиқлар ўртасида катта фарқ бор эди: мўминлар қалбдаги иймонларидан келиб чиқиб ва Аллоҳнинг буйруғи деб билиб, Унинг жаннати ва ризосидан умидвор бўлиб адо этсалар, мунофиқлар иймонсизлик ва ялқовлик билан амал қилар, имкон топсалар чап беришга уринар эдилар:

Мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки Аллоҳ уларни «алдаб» қўювчидир. Улар намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар” (Нисо, 142).

Шубҳасиз, ораларингизда (жангга чиқишдан) ортда қоладиган, агар сизларга бирон мусибат етса: «Аллоҳ ёрлақаб, улар билан бирга бўлмадим», дейдиган кимсалар ҳам бор. Борди-ю сизларга Аллоҳдан фазлу марҳамат етса (яъни ғалабага эришсангиз), у гўё илгари сизлар билан ўзининг орасида ҳеч қандай танишлик бўлмагандек: «Кошкийди, мен ҳам ўшалар билан бирга бўлиб, улуғ зафар (ва ўлжалар)га эришсам эди», дейиши аниқдир” (Нисо, 72-73).

Мўминлар у ёқда турсин, мунофиқлардан биронтаси ҳам бу дунё ҳаётида “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозо этадиган ишларни амалга оширмай, бу калимани тилда айтиб қўйишнинг ўзи билан мусулмон бўлишни тасаввур ҳам қилмас эди. Бу нарса мусулмон жамиятда содир бўлиши умуман мумкин эмас эди. Исломий жамиятда – яъни шариат ҳукми амал қиладиган миллатда – мусулмон номини кўтариб юрган шахс,  – аслида хоҳ ҳақиқий мўмин, ҳоҳ мунофиқ бўлсин, – Ислом амалларидан қайсидир бирини тарк этиб юриши ва шу ҳолида мусулмон аталиши тасаввур қилинмас эди!

Бу ерда ҳеч бўлмаганда намоз масаласи бор. Мусулмон жамиятда – яъни шариатни татбиқ этадиган жамиятда – бирон кимса уч кун кетма-кет намоз ўқимай юрса, уни ўлим жазоси кутарди. Қатл этилиши кофир бўлганлиги учунми ёки ҳад (жиноятга бериладиган жазо) учунми, бунинг аҳамияти йўқ. Аҳамиятлиси, Ибн Таймия айтганидек, қалбида заррача иймони бўлган киши намоз ўқимагани, сўнг бенамозликда давом этгани сабабли қатлга маҳкум бўлгани воқеликда асло топилмаган ва топилиши ҳам маҳолдир.

Бу ерда яна Аллоҳнинг шариатини амалда ҳоким этиш, барча ҳукмларни ёлғиз Унинг шариатидан олиш ва бошқа ҳеч қандай ҳукмларни тан олмаслик масаласи турибти. Исломий жамиятда бир киши Аллоҳнинг шариатига қарши чиқса ёки унинг бирон бир ҳукмини инкор этса, мусулмон бўлиб қола оладими, ёки тирик қола оладими? Ёки муртад бўлиб, унга муртадлик жазоси ижро этиладими?

Ҳоказо, мусулмон жамиятда бирон шахс Ислом амалларидан бирортасига амал қилмай юриши амри маҳол экани, ундай киши мусулмон жамиятда ҳаётини сақлаб қолиши у ёқда турсин, амалсиз бўлгани учун мусулмон деган номга ҳам эга бўлолмаслиги маълум бўлади. Лекин бундай қуруқ даъво Исломни даъво қиладиган, аслида эса дин руҳидан жуда узоқ ва ундан тамоман бегона бўлган иржо (амалсиз иймон етарли деб биладиган оқим) фикрига таянган жоҳилий жамиятларда қўзғалади.

Изоҳ қолдиринг