Қабристон ерига тааллуқли масалалар (5)

0

26 – Қабристонда хусусий тураржойлар қуриш

Баъзи одамлар қалблари қотиб кетганидан қабристонларда ўзлари учун тураржой қуриш даражасига бориб етди. Бу масканлар қабрлар ёнида бўладими ёки кўпқаватли уйлар шаклида қабрлар устидан қад ростлаб, қабрлар ер қаватда қолдириладими, фарқи йўқ.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким мусулмонлар қабристонида ўзи учун хусусий тураржой тиклайдиган бўлса, босқинчидир. Тўрт мазҳаб имомлари ва бошқаларнинг мазҳаби шудир»[1].

Миср кибор уламолари кенгаши аъзоси Шайх Али Маҳфуз ал-Ҳанафий айтади: «Қабистонларда ҳовли-жойлар қуриш, боғ-роғлар яратиш ва ариқлар оқизиш жоиз эмас. Бу каби ишларнинг бари ёмон бидъатлардир, мусулмонлар ҳуқуқларини тортиб олишдир. Яна бу ишда ақли бор кимса ғофил қолиши мумкин бўлмаган катта ножоиз ишлар бор»[2].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййитлар дафн этилган ер ўша ерда дафн қилинган маййитлар учун вақф ҳисобланиб, бирор кимсанинг, хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсин, у жойда ўзи учун тураржой қуришга, ундан шахсий манфаати йўлида фойдаланишга ҳаққи йўқ, гарчи қабристон ташландиқ бўлса ҳам. Аллоҳнинг ери кенг. Ҳалол эканида шубҳа бўлмаган йўллар бисёр. Шундай экан, мусулмон инсон қўлидан келганча ҳалол йўлни тутиши керак. Албатта, шундай йўллар жуда ҳам кўп.

Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан эса четланиш даркор: Ким Аллоҳдан тақво қилса У Зот унга (ҳар қандай тангликдан) чиқар йўл қилиб беради, уни кутмаган тарафидан ризқлантиради…(Талоқ, 2-3)»[3].

Шунингдек, қабристонда яшамоқчи бўлган кимсалар намоз ўқиш ножоиз бўлган жойни маскан тутган бўладилар.

27 – Омма манфаати учун вақф қилинган қабристон ерларидан эгаллаб олиш гуноҳи кабиралардандир

Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: “Ким ердан бирор нарсани зулм билан (тортиб) олса, (қиёмат куни остидаги) етти қават ер билан қўшиб (бўйнига) ўраб қўйилади”»[4].

Бошқа ривоятда: «Ким бир қарич ерни зулм ила тортиб олса, Аллоҳ қиёмат кунида ўша бир қарич ерга (остидаги) етти қават ерни (қўшиб,) унинг бўйнига ўраб қўяди», дейилган[5].

Абу Саламадан ривоят қилинишича, у билан баъзи одамлар ўртасида хусумат бор эди. Бу хусумат ҳақида Ойша разияллоҳу анҳога айтиб берганида Ойша бундай деди: «Эй Абу Салама, у ердан четланинг. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қарич ерни зулм билан олса, (қиёмат куни остидаги) етти қават ер билан қўшиб (бўйнига) ўраб қўйилади”, деганлар»[6].

Солим отасидан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ердан бирор нарсани ноҳақ тортиб олса, қиёмат куни уни етти қават ерга юттирилади”»[7].

Нававий айтади: «Ҳадисдаги «татвиқ» (ўзбекчага «ўраб қўйилиш» деб таржима қилинган сўз)га келсак, ундан мурод нима экани ҳақида уламолар бундай деганлар: “Бундан мурод, худди ўшандай етти қават ер кўтартириб қўйилиши, шунга тоқат қилиш мажбурияти юклатилиши бўлиши мумкин. Ёки унинг маъноси Аллоҳ таолонинг: «(Тўплаган ва) бахиллик қилган мол-дунёлари яқинда (қиёмат куни) улар(нинг бўйинлари)га ўраладиган (оловли бўйинбоққа) айланади» (Оли Имрон, 180) деган сўзида келганидек, шунча миқдордаги ер бўйинларига ўраб қўйиладиган бўйинбоғ каби қилиб қўйилиши кўзда тутилган бўлиши мумкин”.

Яна баъзилар эса бундай деган: “Маъноси: худди бўйинга тақилган бўйинбоғ ундан ажралмай турганидек, бу қилмишининг гуноҳи унинг бўйнига осилади. Бўйнига осилган нарсанинг миқдорига мос равишда Аллоҳ унинг бўйнини ҳам узайтириб қўяди, худди кофирнинг териси  қалин, озиқ тиши катта қилиб қўйилиши айтилгани каби”.

Бу ҳадислар зулм қилиш ва тортиб олиш ҳаромлигини, бу ишнинг жазоси оғир эканини ифода этади»[8].

Фаластин ва бошқа мустамлака мусулмон диёрларида содир этилаётгани каби яҳуд ва насоролардан бўлган кофирлар мусулмонларнинг маййитлари ҳамда қабрларини топтаётганини, уларнинг қабристонларини тортиб олаётганини кўриш мусулмон қалбидаги ғазабни янада алангалатади. Яҳудий давлати баъзи масжидларни майхоналарга айлантириш билангина кифояланмай, Акко, Ёфо ва Ақзийя шаҳарларидаги мусулмонлар қабристонларини минтақани яҳудийлаштириш амалиёти  доирасида тортиб олди.

Мисол учун, Ҳайфо шаҳрида Исроил қўшини ўша ердаги «Истиқлол» қабристонини яҳудлар яшайдиган маҳаллага айлантирди. Шунингдек, етмишинчи йиллардан бери Исроил тарафидан «Балад аш-шайх» қишлоғидаги Кармал тоғи этагида жойлашган қишлоқ қабристонини бузиш учун жадал ҳаракатлар ҳалигача давом этяпти… «Ал-Ақсо» муассасаси тарқатган хабарга кўра, босқинчилар 120 дан ортиқ масжидни бузган, юзлаб қабристонларни текислаб ташлаган…»[9]. Яҳудлар 1948–1967-йиллар оралиғида 107 исломий қабристонларни очиб ташлаб, харобалари устига тижорий лойиҳалар бунёд этиш, 206 та қабристонни эса бузиш ва текислаб ташлаш ҳаракатларини амалга оширган[10]. Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ.

[1] Ибн Таймия. «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 132-бет.

[2] «Ал-ибдоъ», 181-бет.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/128, 820-фатво, биринчи тўплам. Қўмитанинг мазкур жавоби қуйидаги саволга берилган: «Камбағал одам бор. Унинг тураржойи ҳам, уй қуриш учун ери ҳам йўқ. Ва бир ташландиқ қабристон ҳам бор. Ўша атрофда ёши юздан ошган энг кекса одам ҳам у ерга биров дафн этилганини кўрмаган. Хуллас, мазкур камбағал киши ўша қабристонда ўзи учун уй қурмоқчи. Бу иши жоизми ёки йўқ?».

[4] Бухорий, 2452.

[5] Муслим (3/1230, 137 ва 1610-ҳадис) ривояти.

[6] Бухорий (2453) ва Муслим (142, 1612) ривояти.

[7] Бухорий, 2454.

[8] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 1022-бет. Шунингдек, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий қаламига мансуб «Аз-завожир ан иқтироф ал-кабоир» асари (1/553, 227-гуноҳи кабира)га қаралсин («Дор ал-маърифа» нашриёти, биринчи нашр, 1419-ҳижрий йил).

[9] Профессор Ғассон Давъарнинг «Ал-ҳарб ал-исроилийя ало ар-румуз ваш-шаоир ал-исломийя» мақоласидан. Иорданиянинг «Диросот шарқ Авсатийя» журнали, 14-сон, 122-бет, 2011-йил.

[10] Аввалги манба, 125-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг