Талант ва қобилиятлар ялқовлик уюми остида кўмилиб кетиши тўғри бўлмайди. Мусулмон аёл содда фикрлар ва юзаки маълумотларга чекланиб ҳаёт кечирмаслиги керак. Балки у ҳам ўз қобилиятларини ўстириши ва бор истеъдодидан фойдаланиши, фойдали илм излаши лозим. Умр бефойда ишлар билан ўтиб кетмасин. Мусулмон аёл учун мода ва ясан-тусан қилиш бирламчи ишлардан бўлиб қолмаслиги керак, токи баъзи аёлларга ўхшаб тақлид гирдобига тушиб қолмасин.
Дабдабали ҳаёт сабабли ортиб кетган вазнидан атиги бир неча грамм камайтириш учун режим сақлашга чорловчи рекламалар ортидан қувиб, бирор фойдага эришадими?!
Қадимда бўлган ёки ҳозирда бўлаётган ажойибот ва ғаройиботларни ўқиши унга қанчалик фойда келтиради?
Ўзидаги қобилият ва заковатни ишлатса, суннатни ҳимоя қиладиган, шаръий билимини зиёда қиладиган нарсаларни ўқиб-ўрганса бўлмайдими? Бошқаларга таълим берар, ўзининг ҳам илми ошган бўларди. Зотан илм таълим бериш билан ортади. Илмсиз инсон муаллим бўлишга лойиқ бўлмайди.
Мана шундай онгли равишда олинган илм билан худосиз шарқ ёки кофир ғарбдан келаётган маълумотларни сузгичдан ўтказа олган бўлар эдик. Душманларимиз ҳам бизнинг маданиятимизга таъсир ўтказа олмас эди. Соғлом онг билан уларнинг ботил фикрларини рад эта олардик.
Солиҳа аёл доимо илм ўрганувчи ва ўргатувчи бўлади. У учун салафи солиҳларнинг аёлларида чиройли ўрнак бор. Мўминларнинг онаси Ойша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Ансорларнинг аёллари нақадар яхши аёллардир! Ҳаё уларни динда билимдон бўлишдан тўсмади” (Муттафақун алайҳ).
Дунёвий манфаатларни охиратдан устун қўйиш бирламчи иш бўлмаслиги керак. Охират ишига зарар етказадиган дунёвий ишнинг эътибори йўқ. Охират манфаатларига зарар етказадиган ҳар қандай иш шариат соҳибининг мақсадига зид ва ботил амал экани маълумдир.
Агар аёл киши валийсининг изнисиз билимини оширишни ва илмий даражаларга эришишни истаса ёки илмда мукаммалликка эришмагунича эрга тегишдан бош тортса, унинг бу иши жоиз эмас. Гарчи оила қургандан кейин оила ташвишлари илм олишига тўсқинлик қилади деб ўйласа ҳам. Чунки оила қуриш пайғамбарларнинг суннатидир. Динимиз оила қурмай роҳиблардек яшашдан қайтаради. Ундан ташқари, аёл киши илм олмоқчи бўлса, гарчи таҳсил олмоқчи бўлган илми шаръий илм бўлса ҳам, маҳрамсиз сафарга чиқишга ёки машинада номаҳрам ҳайдовчи билан ёлғиз боришга тўғри келадиган бўлса, унинг бу иши ҳаром бўлади. Илм олиши одоб ва ахлоқни бой бериши эвазига бўлмаслиги керак.
Таълим олиш иймон ҳамроҳлигида бўлмаса, толиби илмга ўқиётган илми фақат ёмонлик келтиради ва уни муваффақиятсизликка олиб боради.
Чунки илмнинг офати унинг Аллоҳ суйган ва рози бўлган динга мувофиқ келмаслигидир. Гоҳо бу илмнинг бузуқлигидан, гоҳо толиби илмнинг нияти бузуқлигидан бўлади. Илм томонидан бўлиши толиби илм ношаръий илмни ҳам Аллоҳга яқинлаштиради деган эътиқодда таҳсил олаверишидир. Толиби илм томонидан бўлиши эса шаръий илмни Аллоҳ учун эмас, дунёвий мақсадлар учун ўқишдир.
Илм ва амалдаги бу икки офатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли илм ва маърифат бобида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган таълимотни ўрганиш ҳамда Аллоҳ розилигини ва охиратни ният қилган ҳолда ўқиш билан бўлади.