Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 111–121 оятлар

0

 

وَقَالُوا لَنْ يَدْخُلَ الْجَنَّةَ إِلاَّ مَنْ كَانَ هُوداً أَوْ نَصَارَى تِلْكَ أَمَانِيُّهُمْ قُلْ هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ إِنْ كُنتُمْ صَادِقِينَ ١١١

  1. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам жаннат фақат уларга хос эканини ва улардан бошқалар унга кирмаслигини даъво қилишди. Бу уларнинг хом хаёлларидир. Эй Пайғамбар, уларга: «Агар даъволарингиз рост бўлса, унинг тўғрилигига далил-ҳужжат келтиринглар!» денг.

بَلَى مَنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ فَلَهُ أَجْرُهُ عِنْدَ رَبِّهِ وَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ  ٢١١

  1. Иш улар даъво қилганидек эмас, жаннат фақат бир тоифага хос бўлиб, бошқалар унга кирмай қолмайди. Балки ким ягона ва шериксиз Аллоҳга холис ибодат қилса, барча сўз ва ишларида Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, у албатта жаннатга киради. Ким шундай қилса, охиратда Рабби ҳузурида унинг учун муносиб мукофот – жаннат бор. Уларга ўзларини кутиб турган охират борасида ҳеч хавфу хатар йўқ, эришолмай қолган дунё ишларига ғамгин ҳам бўлмайдилар.

وَقَالَتْ الْيَهُودُ لَيْسَتْ النَّصَارَى عَلَى شَيْءٍ وَقَالَتْ النَّصَارَى لَيْسَتْ الْيَهُودُ عَلَى شَيْءٍ وَهُمْ يَتْلُونَ الْكِتَابَ كَذَلِكَ قَالَ الَّذِينَ لا يَعْلَمُونَ مِثْلَ قَوْلِهِمْ فَاللَّهُ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِيمَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ ٣١١

  1. Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ динда эмас», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ динда эмас», дедилар. Ҳолбуки, улар Таврот ва Инжилни ўқишади, уларда барча пайғамбарларга иймон келтириш вожиблиги айтилган. Шунингдек, араб мушриклари ва бошқа илмсиз кимсалар ҳам уларнинг сўзларига ўхшаш сўзларни айтдилар. Яъни, ҳар бир диндор кишига: «Сен ҳақ динда эмассан», дейишди. Аллоҳ қиёмат куни уларнинг дин борасидаги ихтилофларини Ўзи ажрим қилади ва ҳар кимсага ўз амалига яраша мукофот ва жазо беради.

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ مَنَعَ مَسَاجِدَ اللَّهِ أَنْ يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَى فِي خَرَابِهَا أُوْلَئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَنْ يَدْخُلُوهَا إِلاَّ خَائِفِينَ لَهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ  ٤١١

  1. Масжидларда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби ишлар билан Аллоҳни зикр этишни ман қиладиган, уларни бузиб ташлаш ва ёпиб қўйиш билан ёки мўминларни уларга киришларига тўсқинлик қилиш билан хароб қилишга уринаётганлардан кўра золимроқ кимсалар йўқдир. У золимлар масжидларга қўрққан ва жазодан хавфсираган ҳолдагина киришлари жоиз эди. Бунинг учун уларга дунёда хорлик ва шармандалик, охиратда эса қаттиқ азоб бордир.

وَلِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ وَاسِعٌ عَلِيمٌ ٥١١

  1. Машриқ ҳам, мағриб ҳам, улар оралиғи ҳам Аллоҳникидир, У бутун ер юзининг эгасидир. Аллоҳнинг амрига биноан намозда қай тарафга юзлансангиз ҳам, фақат Унинг Юзини қасд қилган бўласизлар, Унинг мулкидан ва тоатидан чиққан бўлмайсизлар. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларига мўл-кўл раҳмат соҳиби ва уларнинг барча ишларини билиб турувчи, ҳеч нарса Ундан махфий қолмайдиган Зотдир.

وَقَالُوا اتَّخَذَ اللَّهُ وَلَداً سُبْحَانَهُ بَلْ لَهُ مَا فِي السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ كُلٌّ لَهُ قَانِتُونَ ٦١١

  1. Яҳудий, насроний ва мушриклар: «Аллоҳ ўзига фарзанд тутган», дейишди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай ботил сўздан покдир. Еру осмонлардаги барча жонзот Унинг мулки ва қулидир. Барчаси Унга бўйсунувчи ва Унинг бошқаруви остидадир.

بَدِيعُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَإِذَا قَضَى أَمْراً فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ ٧١١

  1. Аллоҳ таоло осмонлару ерни аввалда мисли кўрилмаган суратда яратган Зотдир. Агар бир ишни тақдир қилса ва бўлишини истаса, фақатгина: «Бўл!» дейди, у шу заҳоти бўлади.

وَقَالَ الَّذِينَ لا يَعْلَمُونَ لَوْلا يُكَلِّمُنَا اللَّهُ أَوْ تَأْتِينَا آيَةٌ كَذَلِكَ قَالَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ مِثْلَ قَوْلِهِمْ تَشَابَهَتْ قُلُوبُهُمْ قَدْ بَيَّنَّا الآيَاتِ لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ ٨١١

  1. Аҳли китоб ва бошқалар ичидаги жоҳил кимсалар Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайсарлик билан: «Аллоҳ биз билан бевосита гаплашиб, сен Унинг пайғамбари эканинг ҳақида хабар берсин ёки бизга Аллоҳ томонидан сенинг ростгўйлигингга далил бўлувчи бирор мўъжиза келсин», дедилар. Ўтган ва келажак авлодларнинг диллари куфр ва залолатда бир-бирига ўхшагани туфайли бундай гапни ўтмишдаги умматлар ҳам кибр ва саркашлик ила ўз пайғамбарларига айтишган. Биз қатъий ишонувчи кишилар учун – Аллоҳга иймон келтирганлари ва Унинг шариатига эргашганлари сабабли – оятларни аниқ баён қилдик.

إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيراً وَنَذِيراً وَلا تُسْأَلُ عَنْ أَصْحَابِ الْجَحِيمِ ٩١١

  1. Эй Пайғамбар, Биз сизни далиллар ва мўъжизалар билан қувватланган Ҳақ Дин билан юбордик, сиз мўминларга дунё ва охират яхшилигини хушхабар бериб, саркаш кимсаларни эса уларни кутиб турган Аллоҳнинг азоби билан қўрқитиб, бу динни одамларга етказинг. Сиз – етказганингиздан сўнг – сизга кофир бўлганларнинг куфридан масъул бўлмайсиз, улар қиёмат куни абадий дўзахга тушадилар.

وَلَنْ تَرْضَى عَنْكَ الْيَهُودُ وَلا النَّصَارَى حَتَّى تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمْ قُلْ إِنَّ هُدَى اللَّهِ هُوَ الْهُدَى وَلَئِنْ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءَهُمْ بَعْدَ الَّذِي جَاءَكَ مِنْ الْعِلْمِ مَا لَكَ مِنْ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلا نَصِيرٍ ٠٢١

  1. Эй Пайғамбар, яҳудий ва насронийлар то сиз ўз динингизни тарк қилиб, уларнинг динига эргашмас экансиз, сиздан ҳаргиз рози бўлмайдилар. Сиз уларга: «Фақат Ислом дини энг тўғри дин», деб айтинг. Агар сиз ўзингизга ваҳий келганидан кейин уларнинг хоҳишларига эргашгудек бўлсангиз, Аллоҳ ҳузурида сизга на бир фойда етказувчи дўст ва на ёрдам берувчи (ёрдамчи) бўлгай.

Бу сўзлар, гарчи, Пайғамбар саллаллоҳу  алайҳи ва салламга хитобан айтилган бўлса-да, аслида бутун умматга қаратилган сўзлардир.

الَّذِينَ آتَيْنَاهُمْ الْكِتَابَ يَتْلُونَهُ حَقَّ تِلاوَتِهِ أُوْلَئِكَ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَمَنْ يَكْفُرْ بِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمْ الْخَاسِرُونَ ١٢١

  1. Биз китоб берган кишилар, яъни яҳудий ва насронийлар уни тўғри (бузмасдан) ўқийдилар, унга ҳақиқий суратда эргашадилар ва унинг ичида келган, Аллоҳнинг пайғамбарларига ва шу жумладан, уларнинг сўнггиси бўлмиш Бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириш лозимлиги ҳақидаги сўзларга иймон келтирадилар, унда келган сўзларни бузиб-ўзгартирмайдилар. Ана ўшалар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотга туширилган нарсага иймон келтирадилар. Аммо, китобнинг баъзи жойини ўзгартириб, баъзисини яширган кимсалар – ана ўшалар Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу  алайҳи ва салламга ҳамда у зотга туширилган нарсага кофир бўлган кимсалардир. Ким унга кофир бўлса, ана ўшалар Аллоҳ ҳузурида энг катта зиён қилувчилардир.

Изоҳ қолдиринг