Қабристон ерига тааллуқли масалалар (6)

0

28 – Қабристон ерига тош (кафел) тўшаш

Ибн ал-Ҳож Моликий айтади: «Баъзи одамлар одатланган бидъатдан – қабрларга мармар ётқизишдан эҳтиёт бўлмоқ керак. Чунки бу иш бидъат, исрофгарчилик, молни беҳуда зое қилиш, мақтанчоқлик ва мағрурланишдир. Бу айтганимиз қабр атрофида қилинадиган бошқа барча ишларга ҳам тааллуқлидир»[1].

Саудия диёри муфтийси Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх раҳимаҳуллоҳ қабристон ерига тош тўшаш ҳаром эканини, чунки бу иш ширк ёки ширкка олиб борувчи воситалар эканини таъкидлаган[2].

Саудия Қироллиги катта уламолар ҳайъати ҳижрий 20/8/1396 сана 49-сонли қарорида қабристон йўлакларига кафел (ёхуд ғишт ва тош) ётқизиш ҳаромлигини бир овоздан маълум қилди. Қарор матни қуйидагича: «Қабристонлар ибрат ва панд-насиҳат олинадиган, охират эсланадиган жойдир. «Саҳиҳи Муслим»да (976) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрини зиёрат этдилар. Ўзлари ҳам йиғладилар, атрофдагиларни ҳам йиғлатдилар. У зот айтдилар: «Онам ҳаққига истиғфор айтиш учун Раббимдан изн сўраган эдим, изн берилмади. Онам қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, изн берилди. Қабрларни зиёрат қилинглар. Зеро, улар сизларга ўлимни эслатади»[3]. Мазкур ҳадисга мувофиқ, дарахт экиш, йўлакларга кафел ётқизиш, электр чироқлари билан ёритиш ва бошқа шу каби ишлар билан қабристонларни безаш ва ободонлаштириш шариатнинг қабрларни зиёрат қилиш ва уларга қараб охиратни ёд олиш ҳикматига тўғри келмайди. Зеро, санаб ўтилган ишлар билан қабристонларни ободонлаштириш инсонни эслатма ва ибрат олишдан тўсади, аксинча, ундаги дунё ҳаёти билан алданиш ва охиратни унутиш томонини кучайтиради. Бундан ташқари, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига чироқ осишдан огоҳлантирганлар, бу ишни қилган кимсани лаънатлаганлар. Дарҳақиқат, у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ҳамда қабрлар устига масжид қурган ва чироқ ёққанларни лаънатлаганлари” ривоят қилинган[4].

Яна бу ишда мусулмонлар ўзларини қабристонларга дарахт экадиган ва безайдиган яҳуд ва насоролардан бўлган аҳли китобларга ўхшатиши бор. Шубҳасиз, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни уларга ўхшашдан қайтарганлар[5]. Шунингдек, бу ишлар қабрларни оёқости қилиш, уларни босиб юриш, устига ўтириш, хуллас маййитлар ҳурматига тўғри келмайдиган шу каби номаъқулчиликларга йўл очади. Шуларнинг барини ҳисобга олиб, ҳайъат қабристонларни дарахтзорга айлантириш, уларни ёритиш ва ҳар қандай безаш ишлари билан уларни ободонлаштириш ҳаром эканини бир овоздан маъқуллайди. Қабристонлар панд-насиҳат, ибрат ва эслатма олинадиган жой бўлиб қолсин»[6].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабрлар устига бино қуриш, ё уларни суваш ёки мармар ётқизиш Исломдан эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишлардан қайтарганлар»[7].

29 – Қабристонни ёритиш

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабристонни ёритишга келсак, бу иш бора-бора қабрларга чироқ ёқишга айланиб кетиши хавфи бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур иш қилувчисини лаънатлаганлар. Айниқса, жоҳил кимсаларнинг қалблари кўпинча бидъат-хурофотларга мойил бўлгани сабабли, ёмонликка элтадиган йўлни тўсиш мақсадида бундай чироқлар олиб ташланиши лозим»[8].

Катта Уламолар Ҳайъати ҳижрий 20/8/1396-санада қабристонларни ёритиш ҳаром экани тўғрисида бир овоздан 49-сонли қарор қабул қилди[9].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабристон йўлаклари ва эшикларини муттасил ёритиб туриш жоиз эмас. Аммо тунда дафн этиш пайтида қўл фонари каби ёритиш мосламаларидан вақтинчалик фойдаланиб туришнинг зарари йўқ»[10].

Шайхимиз Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабристоннинг одамлар эҳтиёжи тушмайдиган жойларини, масалан, катта ва кенг қабристоннинг қабрлар билан тўлган қисмини ёритишга эҳтиёж йўқ. Бироқ ҳали дафн этиш мумкин бўлган бўш ерлар атрофини ёритиб қўйиш жоиз, чунки у жой фақат тунда ёритилади ва бу иш қабрларни улуғлашга далолат қилмайди. Балки эҳтиёждан келиб чиқиб қилинган иш саналади”.

Лекин биз қуйидаги сабабларга кўра бу нарса мутлақо ман этилади, деб айтамиз:

Биринчи сабаб: қабристонни ёритишга эҳтиёж ва зарурат юзага келмайди.

Иккинчи сабаб: агар ёритишга зарурат пайдо бўлса, одамлар ўзлари билан чироқ кўтариб келишлари мумкин.

Учинчи сабаб: агар бу ишга йўл очилса, одамлар қалбида ёмонлик қулоч отади, кейин уни жиловлаш имкони бўлмай қолади. Бироқ агар қабристонда ғишт ва бошқа ашёлар сақланадиган хона бўлса, уни ёритиб қўйишнинг зиёни йўқ. Чунки хона қабрлардан узоқда жойлашган бўлади, ёруғлик эса ичкаридан ташқарига кўринмайди»[11].

[1] «Ал-мадхал», 3/272.

[2] Шайх раҳимаҳуллоҳнинг фатволари тўпламига қаралсин: 3/202, 915-фатво.

[3] 2/671, 105 ва 976-ҳадислар.

[4] Имом Аҳмад (3/471, 2030-ҳадис) ва Термизий (1/378-379, 320-ҳадис) ривояти. Термизий «ҳасан» деган.

[5] Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Биздан бошқага ўзини ўхшатган биздан эмас. Яҳудларга ҳам, насороларга ҳам ўзларингни ўхшатманглар”». Термизий (2695) ривоят қилган ва санадини заиф санаган.

Бироқ Шайхулислом Ибн Таймия «Фатово»да (25/331) ҳадис санадига «жаййид» (яхши) деб ҳукм қилган. «Ал-иқтизо»да (1/85) эса бундай деган: «Мазкур ҳадис санадида заифлик бўлса-да, бошқа марфуъ ҳукмидаги ҳадисда “Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, у ўшалардандир”, дейилган. Ҳузайфа ибн Ямон ҳам шундай дегани ривоят қилинган. Ибн Лаҳийъанинг ҳадиси ҳам қўллаб-қувватлашга яроқли ҳисобланади. Имом Аҳмад ва бошқалар шундай деганлар.

Ибн Муфлиҳ: «Мазкур ҳадис ўзидан аввалги ҳадис сабабли «ҳасан» ҳукмидадир», деган. Яъни, «Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, у ўшалардандир» ҳадисини назарда тутган. (Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ибн Муфлиҳ. «Ал-одоб аш-шаръийя», 3/496. Муҳаққиқ: Шуайб Арноут ва Умар ал-Қайём. «Муассаса ар-рисола» нашриёти, учинчи нашр, 1419-ҳ.й.)

[6] Шайх Абдуллоҳ ал-Бассом. «Тавзиҳ ал-аҳком», 3/246. «Мактаба ал-Асадий» нашриёти, бешинчи нашр, 1423-ҳ.й.

[7] «Фатово ал-лажна ад-доима», 1/293, 5339-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[8] «Мажмуъ ал-фатово», 3/201, 914-фатво.

[9] Мазкур масаланинг тўлиқ баёни юқорида: 28-мавзуда ўтди.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/374, 20844-сонли фатво, иккинчи тўплам.

[11] Шайх Муҳаммад ал-Усаймин. «Мажмуъ ал-фатово», 2/184, 298-фатво.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг