Дард ва даво (63): Гуноҳнинг касофати (23) Гуноҳлар баракани кетказади

0

Бўлим

41. Гуноҳ-маъсиятлар умр, ризқ, илм, амал ва тоат-ибодатнинг баракасини қочиради. Бир сўз билан айтганда дин ва дунё баракасини кетказади. Осий бандадан кўра умри, дини, дунёси баракасизроқ инсонни учратмайсиз. Ер юзидан барака кетса, албатта, бандаларнинг қилган гуноҳлари сабабли кетади.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик” (Аъроф, 96);

Агар улар (тўғри) йўлда мустаҳкам турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)” (Жин, 16).

Зеро, банда қилган гуноҳи сабабли ризқидан маҳрум бўлади.

Ҳадисда айтилади: “Руҳул Қудус (яъни Жаброил) алайҳиссалом қуйидаги сўзларни қалбимга жо қилди: “Ҳеч бир жон то ризқини тўла-тўкис олмагунча вафот этмайди. Шундай экан Аллоҳга тақво қилинглар ва (ризқларингизни) гўзал услубда топишга ҳаракат қилинглар. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага (яъни розилиги ва жаннатга) фақат Унга итоат қилиш билангина эришилади”.

Бошқа ҳадисда: “Аллоҳ таоло хурсандчилик ва шодликни (Аллоҳнинг қадарига) рози бўлиш ва (охиратга) аниқ ишонишда, ғам-ташвишни эса, (бу нарсаларга) шубҳада бўлиш ва норози бўлишда қилди”.

Ўтган мақолаларимизда Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида нақл қилган қуйидаги ривоятни келтирган эдик. Унда Аллоҳ таоло айтади: “Мен Аллоҳман. Агар (бирон бандамдан) рози бўлсам, (унга) баракамни ёғдираман. Баракамнинг эса чеки йўқ. Агар (бирон бандамга) ғазаб қилсам, (уни) лаънатлайман. Лаънатим эса (унинг) еттинчи авлодигача етиб боради”.

Ризқнинг кенглиги унинг мўллигида ёки умрнинг узунлиги ундаги ой ва йилларнинг кўплигида эмас. Балки ризқнинг кенглиги ва умрнинг узунлиги улардаги баракага қараб ўлчанади.

Ўтган мақолаларимизда айтиб ўтилдики, банданинг (ҳақиқий) умри унинг “тириклик” муддатидир. Ҳолбуки, Аллоҳдан юз ўгириб, Ундан ўзга билан машғул бўлган инсон тирик ҳисобланмайди. Ҳайвонларнинг ҳаёти уникидан яхшироқ бўлади. Зеро, инсоннинг тириклиги унинг қалби ва руҳининг тириклиги билан ўлчанади. Қалб уни йўқдан бор қилган Зотни таниш, Уни яхши кўриш, ёлғиз Ўзига ибодат қилиш, Унинг ўзига қайтиш, розилигига шошилиш, Унинг зикри билан таскин топиш ва Унинг яқинлиги билан қувониш билангина тирикдир. Ким мана шу ҳаётни (тирикликни) бой берган бўлса, ундан бошқа нимага эришган бўлса ҳам, аниқ барча яхшиликни бой берибди. Дунёдаги бирор неъмат, балки дунёдаги барча неъматлар ушбу тирикликка эваз бўлишга арзимайди.

Банда қўлдан бой берган барча нарсанинг эвази бор. Лекин Аллоҳни қўлдан бой бергудек бўлса, ҳеч нарса, ҳеч қачон Унинг ўрнини босолмайди.

Асли фақир бўлган банда асли бой Зотнинг, асли ожиз бўлган банда асли барча ишга қодир бўлган Зотнинг, асли ўлик бўлган банда ўлмайдиган абадий тирик Зотнинг, яратилган банда яратган Зотнинг, ўзидан ўзи яралмаган, аслида ҳеч нарсага эга эмас банда бойлиги, тириклиги, комиллиги, мавжудлиги ва раҳмати зотининг ажралмас сифати бўлган Зотнинг ўрнини нима билан боса олади?! Заррача мулкка эга бўлмаган фақир банда еру осмонларнинг эгаси бўлган Зотни қандай бирор нарса билан алмашиб юбориши мумкин?

Аллоҳ ҳаром қилган маъсиятлар ризқнинг ва умрнинг баракасиз бўлишига сабаб қилинди. Чунки шайтоннинг вазифаси гуноҳ ва гуноҳкор бандалар бўлиб, уларгагина кучи етади. У гуноҳ-маъсият девонига масъулдир. Шу девон аҳли (яъни гуноҳкор бандалар) унинг ҳамтовоқларидир. Шайтон теккан ва яқинлашган ҳар бир нарсанинг баракаси қочади. Бинобарин, шариатимиз еб-ичиш, кийиниш, уловга миниш ва жинсий яқинлик қилиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишга буюради. Чунки Аллоҳнинг исми зикр қилинган ўринда барака бўлади. Аллоҳнинг исми шайтонни ҳайдайди, натижада баракани тўсувчи сабаб йўқолиб, барака ҳосил бўлади.

Аллоҳ учун қилинмаган барча нарсаларнинг баракаси кўтарилгандир. Чунки ёлғиз Аллоҳгина баракотли (барака ато этувчи) зотдир. Ҳар қандай барака Унинг ҳузуридан бўлса, Унга нисбат берилган ҳар бир нарса муборак – баракалидир. Масалан, Унинг каломи муборак, юборган расули муборак, бошқаларга фойдаси тегадиган мўмин бандаси муборак, уйи Байтул ҳаром (Каъба) муборак, Аллоҳнинг ердаги «ўқдони» бўлмиш Шом диёри муборак ер. Аллоҳ таоло китобининг олтита оятида Шом ерларини муборак деб васфлаган. Демак, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ва Унга, яъни Унинг муҳаббатига, улуҳиятига ва розилигига мансуб нарсаларгина муборак (баракотли) бўлар экан. Аслида бутун коинот Унинг рубубияти ва яратишига мансубдир. Аллоҳ Ўзидан узоқлаштирган ҳар қандай нарсада, сўз ва амалда барака ҳам, яхшилик ҳам бўлмайди. Унга яқин бўлган ҳар қандай нарсада эса қанчалар яқинлигига қараб барака бўлади.

Бараканинг зидди лаънат бўлиб, Аллоҳ таоло лаънатлаган ер ёки шахс ёки амал яхшилик ва баракадан энг узоқ нарса саналади. Лаънатга боғлиқ ва туташ бўлган, унга олиб борадиган барча нарсада асло яхшилик бўлмайди. Аллоҳ таоло душмани иблисни лаънатлади ва бандалари орасида Ўзидан энг узоқ бандага айлантирди. Бинобарин, иблис томонидан бўлган барча нарсалар унга қанчалик яқинлиги ва боғлиқлигига қараб Аллоҳнинг лаънатидан ўз насибасини олади.

Мана шу нуқтаи назардан гуноҳларнинг ризқ, умр, илм ва амалнинг баракаси ўчишига таъсири жуда катта экани маълум бўлади. Аллоҳга осийлик қилинган ҳар қандай вақт, маъсиятга сарфланган ҳар қандай мол-мулк, тана, обрў-эътибор, илм, амал ўз эгасига зиён келтиради, асло фойда келтирмайди.

Банданинг ҳақиқий умри, мол-мулки, куч-қуввати, мансаби, илми ва амали Аллоҳга итоат йўлида сарфланганидир. Шу сабабли айрим инсонларни кўрасизки, юз йил ёки шунга яқин умр кўради, аммо ҳақиқий умри ўн йилга ҳам етмайди. Шунингдек, айрим инсонлар тонна-тонна олтин ва кумушга эга бўлади, лекин ҳақиқий мол-мулклари минг дирҳамга ҳам етмайди. Илм ва мансаб ҳам худди шундай.

Имом Термизий “Сунан” китобида ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дунё лаънатланган. Ундаги барча нарсалар ҳам лаънатланган. Бироқ Аллоҳнинг зикри ва унга (зикрга) яқин бўлган нарсалар ҳамда олим ва толиби илм бундан мустаснодир”.

Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: “Дунё лаънатланган. Ундаги барча нарсалар ҳам лаънатланган бўлиб, Аллоҳ учун бўлган (амал) бундан мустаснодир”. Ҳа, мана шу ишда (яъни Аллоҳ учун бўлган амалда)гина барака бўлади. Шундай амални қилишга Аллоҳ таоло бизга кўмак берсин!

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг