Таҳорат: Таяммумга оид масала ва эслатмалар

0

Таяммумга оид масала ва эслатмалар

  1. Таяммум қилган киши таҳорат ёки ғусл билан қилиш жоиз бўлган барча амалларни қилиши мумкин. Чунки таяммум улар иккисидан ўринбосар бўлиб, шариат сувни покловчи деб номлаганидек, таяммумни ҳам покловчи деб номлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ер юзи мен учун намозгоҳ ва покловчи қилинди». Таяммум ҳукмий нажосат саналмиш таҳоратсизликни кетказишда сув билан баб-баравардир. Фақат таяммумга сув топилмаганда ўтилади.

  2. Юқоридаги бандда айтилган гапга биноан, тўғрироқ фикрга кўра, таяммум қилган киши, модомики таяммумни бузадиган иш қилмаган бўлса, таяммум билан истаганча нафл ёки фарз намозларни адо этиши жоиздир.

  3. Жунуб ёки ҳайз кўрган аёл таяммум қилса, таяммум ҳукмий нопокликни кеткизади. Аммо сув топилиши билан таяммуми бузилиб, ғусл қилиши вожиб бўлади. Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. У зот одамларга намоз ўқиб бердилар.(Намоз ўқиб бўлиб) қарасалар бир киши одамларга қўшилмай бир четда турибди. Унга қараб: «Нега (одамлар билан) намоз ўқимадинг?» дедилар. «Жунуб бўлиб қолувдим, (ғусл қилиш учун) сув тополмадим», деди ҳалиги киши. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тупроқ билан таяммум қил, у сенга (сувнинг ўрнига) кифоя қилади». Имрон ҳадиснинг давомида айтишича, одамлар сув топгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб бўлиб қолган кишига бир идишда сув тутқазиб: «Бор, манавини устингдан қуйиб ғусл қил»[1], дейдилар.

  4. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг қаҳратон совуқ сабабли ғусл қилишга қўрқиб, таяммум билан ҳамроҳларига намоз ўқиб бергани тўғрисидаги ҳадисни келтирган эдик. Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, таҳорат олган киши таяммум қилган кишига иқтидо қилиши дурустдир.

  5. Суви бўлмаган киши, гарчи ғусл қилиши учун етарли сув йўқлигини аниқ билса ҳам, аёли билан жинсий яқинлик қилиши жоиз. Мазкур ҳолатда ғусл ўрнига таяммум қилиши етарлидир.

Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Мадина ҳавоси ёқмади, кўкрагимда оғриқ пайдо бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бир неча урғочи туя ва қўй-эчкиларни беришларига буюрдилар ва менга: «Уларни сутидан ич», дедилар. (Мен уларни саҳрога ҳайдаб кетдим). Сувдан узоқлашдим. Аёлим ҳам мен билан эрга эди. (У билан жинсий яқинлик қилганим сабабли) жунуб бўлиб қолар эдим. (Сув тополмагач), ғуслсиз намоз ўқир эдим. (Орадан бир муддат ўтиб) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келдим. У зот масжид соясида бир жамоат саҳобалари даврасида ўтирар эдилар. «Э, Абу Зармисан?», дедилар. «Ҳа, уйим куйди, ё Расулуллоҳ!», дедим. «Нега ундай дейсан, (тинчликми)?», дедилар. «Мен сувдан узоқлашиб кетдим, аёлим ҳам бирга эди. Шунинг учун жунуб бўлдим ва ғуслсиз намоз ўқидим», дедим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга сув беришларига буюрдилар…». Ҳадис давомида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарга бундай дейдилар: «Эй Абу Зар, гарчи ўн йил сув тополмасанг ҳам, тупроқ покловчидир, (у билан таяммум қилавер. Сўнг қачон) сув топсанг, ғусл қилгин»[2].

  1. Инсон таяммум қилиб намоз ўқиса-ю, намоз вақти чиқишидан олдин сув топса, тўрт мазҳаб имомларининг фикрича, намозни қайтадан ўқиши вожиб бўлмайди.

Аммо таяммум қилгандан кейин, намоз ўқишидан олдин сув топса, у ҳолда сув билан таҳорат олмасдан намоз ўқиши дуруст эмас.

Шунингдек, намоз асносида сув топилиб қолса ҳам намоздан чиқиб сув билан таҳорат олиш лозим. Биринчи масаланинг далили Насоий ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисдир. Ушбу ҳадисда Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу бундай дейди: «Икки киши сафарга чиқди. Йўлда намоз вақти кирди. Ҳолбуки, (таҳорат олиш учун) уларда сув йўқ эди. Шунда улар поркиза тупроқ билан таяммум қилиб намоз ўқидилар. Сўнг ҳануз намоз вақти чиқмасидан бурун сув топдилар. Улардан бири таҳорат олиб қайтадан намоз ўқиди. Иккинчиси эса, қайтадан намоз ўқимади. Сўнг икковлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб бўлган воқеани айтиб бердилар. Шунда у зот қайтадан намоз ўқимаганига қараб: «Суннатга мувофиқ иш қилибсан ва намозинг дуруст бўлибди», таҳорат олиб қайтадан намоз ўқиганига эса: «Сенга икки ҳисса ажр бўлади», дедилар»[3].

Иккинчи ва учинчи масаланинг далили эса Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Албатта, покиза тупроқ мусулмон кишининг покловчисидир. Гарчи ўн йил сув топмаса ҳам. Агар сув топса, уни баданига теккизсин (яъни у билан таҳорат ёки ғусл қилсин). Шундай қилиши яхшироқдир»[4].

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни қайтадан ўқиган кишига: «Сенга икки ҳисса ажр бўлади», дедилар. Шунга кўра, намозни қайтадан ўқигани афзалми, йўқми?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Бу борадаги) суннатга мувофиқ амални билган кишига икки марта ажр-савоб бўлмайди. Балки намозни қайтадан ўқиган киши бидъатчи бўлади. Ҳадисдаги намозни қайтадан ўқиган саҳоба суннатдан бехабар бўлган. У ижтиҳод қилган, шунинг учун унга ҳар икки амалнинг ажри берилган»[5].

  1. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир инсоннинг ҳожати қистаб турган бўлса-ю, (таҳоратини бузса қайтадан таҳорат олиш учун) суви бўлмаса, ҳожати қистаб намоз ўқигандан кўра, ёзилиб, сўнг таяммум қилиб намоз ўқигани афзалдир»[6].

  2. Яқин атрофда сув борлигини унутиб, таяммум қилиб намоз ўқиса, сўнг сув борлигини эсласа, эҳтиёт юзасидан намозни қайтадан ўқигани афзал[7].

  3. Сув топилиб қолишидан умид қилиб намозни охирги вақтига қадар кечиктириладими ёки вақт кириши билан таяммум қилиб намоз ўқийвериш жоизми?

Тўғрироқ фикрга кўра, намозни вақт кириши билан ўқиш жоиздир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан ҳар қандай киши намоз вақтига тўғри келиб қолса, намоз ўқисин», деганлар. Айниқса, намозни дастлабки вақтда ўқиш уни жамоат билан ўқишга сабаб бўлса, вақт кириши билан ўқиш янада таъкидлироқ бўлади.

  1. Сувни ишлатишга қодир бўлса-ю, бироқ сув билан таҳорат ёки ғусл қилса намоз вақти чиқиб кетишидан қўрқса, таяммум қилиб намоз ўқийдими ёки вақт чиқиб кетса ҳам сувни ишлатиши шартми?

Тўғри фикрга кўра, модомики сувни ишлатишга қодир бўлса, у ҳолда албатта сув билан таҳорат ёки ғусл қилиши шарт[8].

  1. Маҳаллага келадиган сув кесилиб қолса, сув топилмади дегани эмас. Чунки қўшни маҳаллада сув бўлиши мумкин. Шунга кўра, инсон улардан сув сўраб бориши ва сув билан таҳорат олиши лозим.

  2. Фақат баъзи аъзоларни ювишга етадиган сув топилса, уламолар мазкур масалада икки хил фикр билдиришган. Биринчи фикрга кўра, мавжуд сувни етганича ишлатиш ва қолган аъзолар учун таяммум қилиш лозим. Имом Аҳмад фақат таҳорат олиш учун етарли сув топган жунуб киши тўғрисида «(Бор сувга) таҳорат олади ва (ғусл учун) таяммум қилади», деган. Мазкур масаладаги иккинчи фикрга кўра, сувни ишлатмасдан фақат таяммум қилиш лозим.

  3. Агар суви бўлса-ю, таҳорат учун ишлатса, ўзи ёки ҳамроҳи ёки улови чанқаб қолишидан қўрқса, сувни ичиш учун сақлаб қўйиб таяммум қилади[9].

Имом Аҳмаддан сўралди: «Бир кишининг таҳорат олиш учун идишда суви бор. Йўлда сувсизликдан чанқаган одамларни кўриб қолди. Ўзидаги суви билан уларни суғоргани яхшими ёки таҳорат олганими?» Имом Аҳмад деди: «Уларни суғоради».

Сув ҳам, тупроқ ҳам топмаган киши қандай намоз ўқийди?

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «у вақтинча тақиб туриш учун Асмодан маржон олади. Сўнг маржонни йўқотиб қўяди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни излаб топиш учун бир неча кишиларни юборадилар. Улар уни излаб топадилар. Шу орада намоз вақти киради. Улар таҳорат олиш учун сув тополмайдилар ва таҳоратсиз намоз ўқийдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келгач, бўлган воқеани айтиб шикоят қиладилар. Шундай қилиб Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилади»[10]. Ҳадисда зикр қилинган саҳобалар таҳоратсиз намоз ўқиганлар. Бу воқеа таяммум жоиз қилинишидан олдин юз берган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишларига эътироз билдирмаганлар. Шунга кўра, таҳорат олиш учун сув ҳам, таяммум қилиш учун тупроқ ҳам топилмаса, таҳоратсиз намоз ўқиш жоиз бўлади ва бундай кишига имкон топганда қайтадан намоз ўқиши вожиб бўлмайди.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким сув ҳам, тупроқ ҳам тополмаса, тўғрироқ фикрга кўра, намоз вақти чиқишидан олдин таҳоратсиз намоз ўқийверади ва тўғрироқ фикрга кўра, сув ёки тупроқ топилганда намозни қайтадан ўқиши вожиб эмас»[11].

[1] Бухорий (344), Муслим (682) ривояти.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (333), Термизий (124), Аҳмад (5/155) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (338), Доримий (744), Насоий (1/213), Ҳоким (1/178, 179) ривояти. Ҳоким ҳадисни Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ деган, Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (333), Термизий (124), Аҳмад (5/155) ривояти.
[5] Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/344-бет.
[6] Қаранг: Ибн Таймия. «Ал-фатово ал-мисрийя», 43-бет.
[7] Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/335-336-бетлар.
[8] Қаранг: Албоний. «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна», 132-бет. Ибн Таймия. «Мухтасар ал-фатово ал-мисрийя», 43-бет.
[9] Батафсил маълумот учун қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 1/365-366-бетлар.
[10] Бухорий (334), Муслим (367), Насоий (1/163) ривояти.
[11] Ибн Таймия. «Ал-фатово ал-мисрийя», 43-бет.

Изоҳ қолдиринг