Банда энг аввал Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўйиши вожиб (фарз) ва бу энг улуғ ибодатлардан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара, 165).
Чунки У зот ошкору махфий барча неъматларни бандаларга инъом этган тарбиятчидир. Аллоҳ таолога муҳаббатдан сўнг Унинг расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қўйиш вожиб бўлади. Зеро, у зот Аллоҳга даъват қилдилар, Аллоҳни танитдилар, Унинг шариатини етказдилар ва ҳукмларини баён қилиб бердилар. Мўминларга дунёю охират яхшиликларининг ҳаммаси у зот орқали ҳосил бўлди. Ҳеч ким у зотга итоат қилмай ва эргашмай туриб жаннатга кира олмайди. Ҳадисда айтилганки: «Кимда уч нарса бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга барчадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ куфрдан қутқарганидан сўнг яна унга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».[1]
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатга тобе ва у билан чамбарчас боғлиқдир. У зотга алоҳида муҳаббат қўйиш ва бу муҳаббатни Аллоҳдан бошқа барча маҳбубларнинг муҳаббатидан устун қўйиш вожиблиги у зотнинг қуйидаги ҳадисларидан маълум бўлади: «Бирортангиз мен унга отасидан, боласидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча (комил) иймонли бўлмайди».[2]
Мўмин кишига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзидан ҳам севимлироқ бўлиши вожиб бўлади. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра суюклисиз» деганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизга ҳатто ўзингиздан кўра ҳам суюмлироқ бўлмагунимча (иймонингиз комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: «Энди сиз менга ўзимдан кўра ҳам севимлироқ бўлдингиз», дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди (тўғри бўлди), эй Умар», дедилар.[3]
Бундан маълум бўладики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа барчанинг муҳаббатидан муқаддам туриши лозим. Зеро бу Аллоҳга бўлган муҳаббатга боғланиб кетади. Боиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун яхши кўрилади. Мўминнинг қалбида пайғамбарга бўлган муҳаббат Аллоҳга бўлган муҳаббат ортиши билан ортади, камайиши билан камаяди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш ва ҳурматларини жойига келтиришни, у зотга эргашишни, сўзларини ҳамманинг сўзидан муқаддам қўйишни ва суннатларини улуғлашни тақозо этади.
Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсонга бўлган ҳар қандай муҳаббат ва таъзим (улуғлаш) фақат Аллоҳга бўлган муҳаббат ва таъзимдан келиб чиқмоғи зарур. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва таъзим ҳам у зотни пайғамбар қилиб юборган Зотга бўлган муҳаббат ва таъзим ичига кириб, уни тўлдиради. Зотан, умматлари Аллоҳни севганларидан у зотни ҳам севишади, у зотни Аллоҳ улуғлагани учун улуғлашади ва ҳурматлашади. Демак, бу Аллоҳнинг муҳаббатидан ва Аллоҳнинг муҳаббати тақозосидандир.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳобат ва муҳаббат туширди. Шунинг учун ҳеч бир инсон зоти бошқа инсонлар қалбида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан асҳоблари қалбида ўрнашган муҳаббат, ҳайбат ва улуғликка эга бўлган эмас. Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин айтган эди: “Илгари ҳеч кимни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўргандек ёмон кўрмасдим, мусулмон бўлганимдан сўнг ҳеч ким менга у зотдан кўра севимлироқ ва ҳурматлироқ бўлмай қолди. Агар мендан у зотни сифатлаб бериш сўралса, буни қиломаган бўлардим, чунки мен у зотни улуғ санаганимдан кўзларимни тўлдириб қарай олмас эдим”.
Урва ибн Масъуд Қурайшга айтган эди: «Эй қавм, қасам ичиб айтаманки, мен Кисро, Қайсар ва бошқа подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Бирон бир подшоҳни асҳоблари уни Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлашларича улуғлаганини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, уни ҳурматлаганларидан юзига тик боқмайдилар. Агар тупурса тупиги ерга етиб бормай улардан бирининг кафтига тушади-да, уни юзларига ва кўкракларига сурташади. Агар таҳорат қилса, ортган сувини талашиб кетишади».[4]
[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Муттафақун алайҳ.
[3] Бухорий ривояти.
[4] Жалоул афҳом (120-121-с).