Қабристон ерига тааллуқли масалалар (7)

0

30 – Қабристон эшиклари ва деворларига қабрлар зиёрати асносида айтиладиган дуоларни ёзиб қўйиш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Шариатга кўра, дуо ва одоблар одамларга дарс ва хутбалар асносида таълим берилиши керак. Қабристонга кириш ҳукмлари, мусулмон маййитларга қандай салом бериш кераклиги ҳам шу жумладан. Энди, салом матнини лавҳаларга ёзиб, қабристонлар деворига илиб қўйишга келсак, салафи солиҳлар ундай қилишмаган. Демак, ундай қилинмайди»[1].

Шайхимиз Ибн Боздан қабристонга кириш дуосини қабристон эшигига ёзиб қўйиш ҳукми сўралганида, қуйидагича жавоб берди: «Бу ишнинг асли бор эканини билмайман. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрга ёзишдан қайтарганлар. Қабристон деворига ёзиш қабрларга ҳам ёзиш учун восита бўлиб қолиши хавфи бор»[2].

31 – Қабристонга йўриқномалар осиб қўйиш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Шариатга кўра, қабристон зиёрати ҳукмлари ва одоблари одамларга илмий-оммавий дарслар ва бошқа шу каби рухсат этилган воситалар орқали таълим берилиши керак. Энди уларни лавҳаларга ёзиб, қабристонлар деворига осиб қўйишга келсак, бундай қилиш салафи солиҳлар йўлларидан эмас. Демак, ундай қилинмайди»[3].

Яна айтади: «Мазкур аҳкомлар диёрингизда истеъмолда бўлган тилларга таржима қилиниб, чоп этилиши ва фойдаланиш учун тарқатилиши керак. бироқ лавҳаларга ёзиб қабристонларга осиб қўйилмайди… Чунки салафи солиҳлар ундай қилишмаган»[4].

Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳдан: «“Амри маъруф ва наҳий мункар ҳайъати” ходимлари, хоссатан таржимонлар ва муршидлар камлигида қабристон олдига қўйилган мазкур йўриқномалар қўл келганини кўришган-ку?», деб сўрадим.

Шунда шайх: «Қайтарилган ўриндан узоқроққа, қабристонга олиб борадиган йўл бошига қўйилса бўлса керак», деб жавоб қилди.

32 – Қабристонда ҳожатхоналар қуриш

Салафлар замонида қабристонларга ҳожатхона қуриш одати бўлмаган. Аксинча, салафлар раҳимаҳумуллоҳ қабристонларда таҳоратхона ва ҳожатхоналар қуришни қаттиқ қоралаганлар.

Имом Ибн Таймия айтади: «Мусулмонлар қабристонларида нажосатлар ўрни бўлмиш таҳоратхоналар қуриш қабрлар ёнида қилиниши мумкин бўлган энг қабиҳ ишлардандир. Айниқса, таҳоратхона ўрни мусулмон кишининг қабри бўлса»[5].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/366, 20480-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[2] Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/244.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/372, 20844-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] Аввалги манба, 7/371, 20386-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[5] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Иқтизо ас-сирот ал-мустақийм ли-мухолафати асҳоб ал-жаҳийм», 2/188. Муҳаққиқ: Шайх Носир ибн Абдулкарим ал-Ақл. «Дор олам ал-кутуб» нашриёти, еттинчи нашр, 1419-ҳ.й..

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг