Иблиснинг Одам алайҳиссаломга қилган ҳасади (4)

0

Иблиснинг Одам алайҳиссаломга қилган ҳасади

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки,  Биз сизларни яратдик,  сўнг сизларга сурат бердик,  сўнгра фаришталарга:  “Одамга сажда қилинглар”,  дейишимиз билан улар сажда қилдилар.  Магар Иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди:  “Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?”. “Мен ундан (Одамдан) яхшироқман.  Мени оловдан яратгансан.  Уни эса лойдан яратдинг”,  деди у”.  [Аъроф: 11-12].

Ҳасан Басрий шундай дейди: “Иблий қиёс қилди ва у илк бор қиёс қилган кишидир“.

Муҳаммад ибн Сирин шундай дейди: “Дастлаб қиёс қилган киши Иблисдир. Қуёшга ҳам, ойга ҳам фақат қиёслар (яъни бир нарсани иккинчи нарсага солиштириш) сабаблигина ибодат қилинди“.

Мазкур икки гапни Ибн Жарир ривоят қилган[1].

Бу гапнинг маъноси шундан иборатки, Иблис ўзига Одам билан ўзининг ўртасини солиштирган ҳолда назар солди ва ўзини Одамдан афзал деб билди. Шу сабаб, гарчи унга ва бошқа фаришталарга нисбатан Одамга сажда қилиш ҳақида буйруқ бўла туриб, унга  сажда қилишдан бош тортди!

Маълумки, агар қиёс Аллоҳ ёки Расулининг сўзи қаршисида бўлса, бундай қиёс мутлақ эътиборсиздир[2].

Қолаверса, бу қиёснинг ўзи ҳам нотўғри, чунки лой оловдан кўра яхши ва манфаатлироқдир. Сабаби, лойда босиқлик, юмшоқлик, бардошлилик ва ўсишлик мавжуд, оловда эса енгилтаклик, ҳовлиқмалик, тезлик ва куйдириш бор[3].

Боз устига, Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиши, унга руҳидан пуркаши  сабаб мукаррам қилди ва шу боис, фаришталарни унга сажда қилишга фармон этиб шундай деди:  “(Эй Муҳаммад),  эсланг,  Парвардигорингиз фаришталарга:  “Албатта,  Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Инсон яратгувчиман.  Бас,  қачон уни тиклаб,  ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда,  сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!”,  деганида барча-барча фаришталар унга (яъни,  Одамга) сажда килдилар. Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди. (Шунда Аллоҳ) деди:  “Эй Иблис,  нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга эмассан?” У айтди:  “Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб,  (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман)”.  (Аллоҳ) деди:  “Бас,  ундан (яъни  жаннатдан) чиқ!  Энди сен,  шак-шубҳасиз,  (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан.  Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур”  [Ҳижр: 28-35]. Иблис Аллоҳ таоло томонидан лаънатга ҳақли бўлди, чунки унинг Одамни камситиши ва ўзини ундан устун деб билиши илоҳий фармонга қарши чиқиш ва айнан Одам хусусида  келган фармонда ҳақга бўйсунмаслик демакдир. Сўнгра Иблис унга ҳеч қандай манфаат келтирмайдиган нарса билан узр айтишга киришди ва унинг бу узри гуноҳиданда ёмонроқ бўлди.

Аллоҳ таоло Субҳон сурасида шундай дейди: “Эсланг,  Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг,  дейишимиз билан саждага эгилдилар.  Фақат Иблис (кибру ҳаво билан):  “Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?”,  деди.   У (яна шундай) деди:  “Менга хабар бергин-чи,  мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки,  агар Сен мени қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг,  албатта,  мен унинг зурриётини қириб юборурман,  яъни  ҳақ йўлдан оздириб,  ҳалокат йўлларига буриб юборурман,  магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар”!.   (Аллоҳ) айтди:  “Бор,  (сенга қиёматгача умр бердим). Бас улардан ким сенга эргашса,  у ҳолда,  шак-шубҳасиз,  жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!  Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат,  уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт,  топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни  уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда),  уларга (ёлғон) ваъдалар қил”.  Дарҳақиқат,  шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.  “Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас.  Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир”   [Исро: 61-65].

Шунингдек, Каҳф сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эсланг,  (эй Муҳаммад),  фаришталарга Одамга таъзим қилинг,  дейишимиз билан саждага эгилдилар.  Фақат Иблис (сажда қилмади).  У жинлардан эди.  Бас,  Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди” [Каҳф: 50]; Яъни, Иблис қасддан, қайсарларча ва Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан такаббурлик қилиб  Унга итоатсизлик қилди.

Иблиснинг табиати, унинг ифлос таркиби энг муҳтож ҳолатида унга панд бергани боисгина мана шундай бўлди. Чунки у ўзи айтганидек, оловдан яратилгандир. Шунингдек, “Саҳиҳи Муслим”[4]да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Фаришталар нурдан яратилганлар, жинлар оловнинг тутунсиз алангасидан яралганлар, Одам эса, сизларга (Қуръонда) тавсиф қилинган нарсадан яралгандир“.

Ҳасан Басрий шундай дейди: “Иблис бир лаҳза ҳам фаришталардан бўлган эмас[5].

Аллоҳ таоло Сод сурасида шундай дейди: “Эсланг,  Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: “Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман.   Бас, қачон уни ростлаб,  унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!” Бас, фаришталарнинг барча-барчалари (Одамга) сажда қилдилар. Магар Иблисгина кибру ҳаво қилиб  кофирлардан бўлди.  (Шунда Аллоҳ) деди:  “Эй Иблис,  Мен Ўз қўлим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!  Кибру ҳаво қилдингми  ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!”  У айтди:  “Мен ундан яхшироқдирман.  Сен мени оловдан яратгансан,  уни эса лойдан яратдинг”.  (Аллоҳ) деди:  “Бас, ундан (яъни  жаннатдан) чиқ!  Энди сен,  шак-шубҳасиз,  (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан.  Ва албатта, то жазо (қиёмат) кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур”.  (Иблис илтижо қилиб) деди:  “Парвардигорим,  у ҳолда менга улар тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин”. (Аллоҳ) деди:  “Бас,  сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан”. (Иблис) айтди:  “Энди,  Сенинг иззатингга қасамки,  албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман.  Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”. (Аллоҳ) деди:  “Ҳаққа (қасам).  Фақат Хақни айтурманки,  албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!” [Сод: 71-85].

Аъроф сурасида Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “У айтди:  “Қасамки,  энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан,  ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан” [Аъроф: 16-17]; Яъни, “Мени йўлдан оздирганинг сабаб, албатта уларни барча жойларда кузатиб юраман ва уларнинг ҳар томонларидан келаман”. Шундай экан, саодатли киши Иблисга хилоф иш тутган киши, бахтиқаро эса унга эргашган кишидир.

Сабра ибн Абул Фокиҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, шайтон Одам боласининг йўлларида ўтириб олган[6].

[1] “Жомеул баён” асари (7/ 98-бет). Ҳофиз Ибн Касир бу икки гапни “Тафсирул Қуръонил Азийм” асарида саҳиҳ деган (2/ 212-бет).

[2] Бу борада албатта Имом Ибн Қаййимнинг “Иблис ҳужжати” асарига қаранг (11-бет ва ундан кейинги бетлар, камина тадқиқоти остида).

[3] Дарҳақиқат, бу нарсани Имом Ибн Қаййим (роҳимаҳуллоҳ) ўзининг “Ал-савоиқ ал-мурсала” асарида муфассал баён қилган (3/ 1002-1003-бетлар).

[4]  “Саҳиҳи Муслим” (2996).

[5] Табарий “Жомеул баён” асарида (1 / 179 – бет) ва Абуш Шайх “Ал-азама” асарида (1129 – бет) ва бошқалар бир қанча йўллардан  Авфул  Аъробий орқали Ҳасан Басрийдан ривоят қилганлар.

Мен бу гапнинг ровийлар шажарасини саҳиҳ дейман.

Ушбу масала салаф ва халаф (яъни кейинги уламолар)дан иборат илм аҳли қаттиқ ихтилофлашган масалалардан биридир. Бу масаладаги устун фикр шундан иборатки, Иблис (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин)  жинлардан бўлиб, қуйидаги сабаблар туфайли фаришталардан бўлмаган:

1-Аллоҳ таоло шундай дейди: “Фақат Иблис (сажда қилмади).  У жинлардан эди”  [Каҳф: 50].   Бу оят ушбу масаладаги очиқ далилдир. Зеро, жинлар  яралишда инсонларнинг шерикларидир. Бу сўз мутлақ айтилган пайтда ундан фаришталар ёки улардан бир тоифаси тушунилмайди.

2- Иблис оловдан яралган, фаришталар эса нуроний махлуқотлардир. Бу иккисининг ўртаси нақадар йироқ!

3-Иблиснинг зурриётлари мавжуд: “Ахир, Мени қўйиб, уни (яъни Иблисни) ва унинг зурриётини ўзингизга дўст тутасизларми?!”  [Каҳф: 50]. Фаришталар эса ўзларидан насл орттириб кўпаймайдилар.

4-Иблис Аллоҳга осий бўлди, такаббурлик қилиб кофир бўлди, фаришталар эса ҳурматли бандалар ҳисобланиб, модомики, Аллоҳ уларни буюрган экан, Унга осийлик қилмаслар ва ўзлари буюрилган ишларни бажарурлар.

Мабодо, “Иблис фаришталардан бўлмаса нега улар билан бирга сажда қилишга буюрилди?”, дейилса, бу саволга қуйидагича жавоб берилади:

Иблис ўз илми, тиришқоқлиги, ибодати ва фаришталарга ўхшашлиги шарофати билан уларнинг сафига қўшилган эди. Мазкур жавоб кўпчилик салафи солиҳлардан нақл қилинган. Шунингдек, Ҳофиз Ибн Касир ҳам бу фикрни бошқаларидан тўғрироқ деб билган. Иблис фаришталардан бўлмаса-да, уларнинг ичида бўлишлигининг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ. Зеро, Одам алайҳиссалом Раббисининг ҳузурида фаришталар қаторида бўлган эди.

Мабодо, “Иблис фаришталардан бўлмаса қандай қилиб улар ичидан истисно қилинди?”, дейилса, бунга жавоб қуйидагича:

Бу истисно “мунқатеъ” (яъни узуқ) истисно қабилидан бўлиб, бу каби истиснода истисно қилинган нарса улар орасидан чиқариб олинган нарсанинг бир бўлаги бўлиши шарт эмас. Айтайлик, “қавмнинг чорва молларидан бошқа барчалари сув ичдилар” ёки “қавмнинг туяларидан бошқа барчалари келдилар” сингари мисолларда чорва моллари ва туялар қавм аъзоларидан бўлмасаларда улар ичидан истисно қилинмоқда.

[6] Саҳиҳ. Ҳадисни Аҳмад (3/483), Насоий (6/21-22), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да (10/453, 4593), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (5/293), Табароний “Мўъжамил кабир”да (7/6558) саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Шунингдек, мазкур ҳадисни Албоний (роҳимаҳуллоҳ) “Саҳиҳи Насоий”да (2937) ва “Саҳиҳул жомеъ”да (1648) саҳиҳ деганлар.

Изоҳ қолдиринг