Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Жамиятнинг Сиддиқ разияллоҳу анҳу давридаги кўриниши

0

Мусулмон жамиятининг рошид халифалар даври бошларидаги кўринишини ўрганар эканмиз, унинг бир неча белгилари яққол кўзга ташланади:

1) Жамият умуман олганда Исломни энг мукаммал кўринишда ўзида мужассам этган, Аллоҳга ва охират кунига чуқур иймон билан йўғрилган, Ислом таълимотларини ўта жиддий ва қаттиқ интизом билан татбиқ этган, тарихдаги бошқа ҳар қандай жамиятга нисбатан гуноҳга энг оз қўл урган мусулмон жамияти эди. Бу жамиятга нисбатан дин – ҳаёт ва тириклик эди, улар учун дин вақти-вақти билан, керак пайтда мурожаат қилинадиган иккинчи даражали нарса эмасди, у одамлар учун ҳаёт манбаи эди, танадаги руҳ эди. Улар учун дин фақатгина беками кўст адо этишга ҳаракат қилинадиган ибодатлар ва расм-русумлар йиғиндиси эмасди, у уларнинг ахлоқларини, дунёқарашларини, ғам-ташвишларини, қадриятларини, ижтимоий ришталарини, оила ичидаги, маҳалла-кўй ўртасидаги алоқаларини, савдо-сотиқ, касб-ҳунар ва тирикчилик сабабларини тўлалигича қамраб олган, қодирларнинг ожизларга кафолати, амри маъруф, наҳий мункар, ҳокимлар ва волийларнинг ишларини назорат қилиш ва бошқа ишлардан иборат ҳаёт тарзи эди. Лекин бу дегани жамиятнинг барча аъзоси шу сифатларга бирдек эга эди, дегани эмас. Бу нарса дунё ҳаётида ҳеч бир жамиятда тўлақонли рўёбга чиқиши деярли мумкин эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаб турган жамиятда ҳам ўзини мусулмон қилиб кўрсатувчи мунофиқлар бор эди, Қуръонда хабар берилганидек, улар мусулмонларга ич-ичларидан душман эди. Жамият ичида иймони заиф мусулмонлар ҳам бор эди, динга бепарво қарайдиган бетайин одамлар ҳам, хоинлар ҳам бор эди. Лекин уларнинг барчасининг ушбу жамиятда вазни ҳам, жамият ўзанини буриб юборишга етарли қуввати ҳам йўқ эди. Чунки жамиятнинг мутлақ кўпчилик қисми чин иймонли, Аллоҳ йўлида жонию молини фидо қилишга ҳозир, ушбу дин таълимотлари қон-қонига сингиб кетган мўминлардан иборат эди.

2) Ушбу жамият ўзида умматнинг ҳақиқий маъносини энг олий даражада кўрсатиб берган жамият эди. Уммат – ўзаро бир тилда сўзлашиш, бир юртда яшаш ва ўрталарини муштарак манфаатлар бирлаштириб турган одамлар йиғиндисидангина иборат эмас эдики, жоҳилият жамиятида одамларни бир-бирига боғлаб турган алоқалар шулардан иборат бўлади. Раббоний маънодаги уммат шундай умматки, тил, жинс, тери ранги ва оддий дунёвий манфаатлардан қатъи назар, улар ўртасини фақат ақида риштаси боғлаб туради. Бундай уммат тарихлар мобайнида исломий жамиятда рўёбга чиққанидек бошқа бирон жамиятда рўёбга чиқмади. Ислом уммати ер юзида энг узоқ муддат умматнинг ҳақиқий маъносини амалда кўрсатди. Бу уммат ирқчилик, милллатчилик, жинсий таҳқирлаш каби ерга мансуб асослар устига қурилмаган, балки араб, ҳабаш, румлик, форслик ва бошқа миллату элатлар ўртасини фақат ақида риштаси боғлаб турадиган, фатҳ этилган ўлкалар билан фотиҳ уммат ўртасини диндаги комил биродарлик риштаси улаб турадиган уммат эди. Исломнинг илк асри мазкур кўринишлар мислсиз комил суратда рўёбга чиққан давр эди.

3) Ислом жамияти ахлоқий жамиятдир. У диний буйруқ ва кўрсатмалардан куч оладиган ахлоқий қадриятлар пойдевори устига қурилган. Ахлоқ пойдевори нафақат икки жинс ўртасидаги алоқаларни қамраб олади, – аслида бу ҳам ушбу жамиятнинг энг кўзга кўринган белгиларидан ўзи, зеро у бузуқчилик, очиқ-сочиқлик ва аралашиб юришдан холи, ҳаёсизликка бошлайдиган ҳар қандай сўз, иш ва ишорадан йироқ, фаҳшдан мумкин қадар узоқ жамият, – балки бу пойдевор икки жинс ўртасидаги алоқалардан анча кенг бўлиб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий майдонлар қаторида фикрлаш ва фикрни ифодалаш майдонини ҳам қамраб олади. Ислом жамиятида ҳукм юритиш исломий ахлоқ устига қурилади, иқтисодий алоқалар, олди-сотди ва молиявий муносабатлар исломий ахлоқ устига қурилади, одамларнинг жамиятдаги ўзаро муносабатлари ростгўйлик, омонатдорлик, ихлос, ўзаро ҳамкорлик, меҳр-муҳаббатга қурилади, камситиш, масхаралаш, чақимчилик, туҳмат ва номусларни поймол қилишга қурилмайди.

4) Бу жамият майда ва тубан ишларга вақтини сарф этмайдиган, балки олий ишлар билан машғул бўлувчи жиддий жамиятдир. Жиддий дегани, табиийки, доим қовоғи солиқ ва хўмрайиб турувчи деган маънода эмас, балки одамларда ҳимматни уйғотадиган, фаолиятга, меҳнат ва ҳаракатга ундайдиган руҳ маъносидадир. Бу жамиятда одамларнинг қайғулари ва ғам-ташвишлари ҳам олий мақсадлар учун бўлиб, қорин ва нафс қайғусига чекланиб қолмайди.

5) Ислом жамияти барча жабҳаларда амалга сафарбар этилувчи жамиятдир. Ундаги сафарбарлик руҳи нафақат Аллоҳ йўлидаги жиҳодда кўринади, – гарчи Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг ўзи ҳам бу жамият ҳаётининг катта қисмини қамраб олган бўлса ҳам, – балки у барча жабҳада сафарбар, ҳар бир киши ўзидан талаб этилган ҳар қандай ишни амалга оширишга доим тайёр, шу боис жамият аъзоларининг қўшимча тарғибот-ташвиқотларга эҳтиёжи йўқ, ўз ақидаси турткисидан келиб чиқиб, фаолият кўрсатишга бўлган ички ундови таъсирида доим жанговар тайёргарлик устидадир.

6) Ислом жамияти ибодатли жамиятдир, нафақат фарз ва нафл ибодатларда, балки барча хатти-ҳаракатларида ибодат руҳи ярқ этиб кўзга ташланиб туради. Бу жамият тушунчасига кўра, ҳар қандай иш-амал ибодат бўлиб, уни ибодат руҳи билан амалга оширади. Адолат билан ҳукм юритувчи ҳоким ўз қўли остидаги халқларни ибодат руҳи билан бошқаради, муаллим ўқувчиларини ибодат руҳи билан тарбиялайди,   савдо-сотиқ ишларида Аллоҳнинг назоратини ҳис қилиб иш қилаётган савдогар бу ишини ибодат руҳи билан бажаради, эр қарамоғидаги оиласини ибодат руҳида парвариш қилади, хотин уй ишларини ибодат руҳи билан адо этади. Бир сўз билан айтганда жамиятнинг ҳар бир аъзоси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагилардан масъулсиз” деган сўзларини сидқидилдан амалга оширади.

Рошид халифаликнинг илк асри бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ бошқаруви даврида жамиятнинг асосий белгилари қисқача шундай кўринишда эди. Бу хусусиятлар уни энг мукаммал ва олий бир жамиятга айлантирган эди. Мазкур хусусиятларга эга бўлган уммат билан Ислом жуда қисқа давр ичида ер юзига ёйилди. Дунё тарихида мисли кўрилмаган фатҳ ҳаракатлари амалга ошди. Эллик йилга бормай Ислом ғарбда Атлантика океанидан шарқда Ҳиндистонгача етиб борди. Фатҳ этилган диёрлар аҳолиси асосан ҳеч қандай зўрлик ва босимларсиз, ихтиёрий равишда Исломни қабул этдилар. Бу ҳам ислом жамиятининг ўзига хос ва фахрланса арзигулик белгиларидан биридир. Одамлар Исломнинг шундай гўзал суратдаги татбиқини ҳаётда кўргач, уни яхши кўриб қолдилар ва унинг тобелари сафида бўлишни ихтиёр этдилар[1].

[1] Муҳаммад Қутб, «Кайфа нактубу ат-тарих ал-исломий», 100-103-бетлар.

Изоҳ қолдиринг