Эй иймон келтирганлар (11): Тақво қилиш ва судхўрлик сарқитларини тарк қилишга буйруқ

0

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинг ва агар мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитларини тарк қилинг! Агар тийилмасангиз, Аллоҳ ва Расулига қарши урушга кирганингизга аниқ ишонаверинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга, шунда зулм қилган ҳам, зулм кўрган ҳам бўлмайсиз. Қарздор қарзни тўлашга қодир бўлмаса, имкон топгунига қадар кутинглар. Агар кечиб юборсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир, агар билсангизлар!” (Бақара, 278-280).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу нидо билан Аллоҳ таоло мўминларни икки буюк ишга буюрди.

Биринчиси: Аллоҳ таолога тақво қилиш. Бу Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш билан бўлади, зеро Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобидан фақат Унга тўлиқ таслим бўлиш ва бўйсуниш, У суйган нарсаларни яхши кўриш, ёмон кўрган нарсаларни суймаслик, амрларини бажариш, қайтарган ишлардан тийилиш билангина сақланиш мумкин.

Иккинчиси:Аллоҳ байни ҳалол, рибони эса ҳаром қилди” ояти билан рибони ҳаром қилганидан кейин судхўрлик  сарқитларини, яъни қолиб кетган фоизларини тарк этиш. Кимда судхўрликдан қолган фоизлар бўлса, уни дарҳол ҳақ эгаларига қайтарсин.

Бу ҳолат ўта машаққатли ва нафсга оғир бўлгани учун Аллоҳ мўминларга иймонлари воситасида нидо қилди, чунки соғлом иймон ўз эгасини ҳаракатга келтирувчи қувват (энергия) ўрнидадир: “агар мўмин бўлсангиз”, ҳа, иймонингиз сизни Аллоҳга тақво қилишга ва қарздорлардан келган фоизни тарк қилишга ундайдиган қувватдир.

Бу оятдан кейин ҳам судхўрликдан тийилмаган, бу катта гуноҳ гирдобида қолиб, маъсиятда давом этган кимсаларни огоҳлантириб, Аллоҳ таоло: “Агар тийилмасангиз”, яъни Мен буюргандек тақво қилмасангиз ва судхўрлик сарқитларини тарк қилмасангиз, унда: “Аллоҳ ва Расулига қарши урушга кирганингизга аниқ ишонаверинг”, деди. Аллоҳ ва Расулига қарши урушга кирган кимса ҳеч замон ғолиб бўлганми, ютганми?! Ютмаган, юта олмайди ҳам! Аксинча, енгилади, шармандаси чиқиб, хор-зор бўлади.

Сўнг Аллоҳ таоло тавба қилган ва судхўрликни ташламоқчи бўлган мўминларга ҳолатдан чиқиш йўлини кўрсатди. Яъни қарзга берган дастмояси ва унинг фоизи қарздорнинг қўлида бўлса, пул эгаси дастмоянинг ўзини қайтариб олади ва ҳаром судхўрлик билан орттирилган фоизни қарздорда қолдиради. Агар қарздор қийналган бўлса ва қарзни тўлашга қодир бўлмаса, то Аллоҳ енгиллик бериб, қарзини қайтаришга имкон топгунига қадар мол эгаси кутиб туради. Қарзини тўлай олмаётган қарздордан берган қарзларини кечиб юборсалар ўзлари учун яхшидир. Ҳа, судхўрлик ёмонлигидан сўнг яхшилик қилиш, рибо гуноҳидан сўнг тавба қилиш ўзлари учун нақадар яхши эканини билсалар шундай қиладилар. Аллоҳ таоло деди: “Агар қарздор қарзни тўлашга қодир бўлмаса, имкон топгунига қадар кутинглар. Кечиб юборсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир, агар билсангиз!”

Ҳурматли ўқувчи! Рибо еювчи судхўрнинг гуноҳи нақадар катта эканини биласизми? Аллоҳ таолонинг мана бу сўзидан сўнг бу ҳақда янада чуқурроқ билимга эга бўласиз: “Судхўрлик қиладиган кишилар охиратда қабрларидан худди жин-шайтон урган мажнун кимсалардек турадилар”, (Бақара, 275). Шайтон уни тартибсиз уради. Шайтон кимни урса, у ўша заҳоти ағдарилади. Судхўр қиёмат куни қабридан худди ўрнидан туриши билан жин уриб ағдарган мажнун каби туради.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло рибони еювчини ҳам, котибини (ёзиб қўювчини) ҳам, рибо берувчини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатлади”[1].

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда эса: “Етти ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинг”, деб булар ичида судхўрликни ҳам санаб ўтдилар.

Юқорида ўтган оят ва ҳадислардан рибо еювчининг гуноҳи нақадар катта эканини билдингиз. Энди рибонинг ўзи нима эканини билиш қолди. Рибодан сақланиш учун рибо нима эканини яхшилаб билиб олинг ва уни бошқа мўминларга ҳам етказингки, улар ҳам бу қабиҳ гуноҳдан сақлансинлар.

Рибо икки хилдир: Рибо фазл ва рибо насия

Рибо фазл – икки бир хил маҳсулотнинг сифати пастини сифати юқори бўлганига зиёдаси билан алмаштиришдир.

Рибо фазлга тушадиган маҳсулотлар олтин, кумуш, буғдой, арпа, хурмо ва туздир. Маккажўхори ва шу каби озуқа бўладиган ҳамда сақлаб қўйса бўладиган барча маҳсулотлар буғдойга қиёс қилинади.

Олтинга олтин, кумушга кумуш алмаштирилса, миқдори тенг ва қўлма-қўл бўлиши шарт. Буғдойни буғдойга алмаштирилса ҳам айни шундай тенг миқдорда ва бир мажлисда, яъни қўлма-қўл бўлиши керак. Агар жинси бошқа бўлса, масалан: олтинга кумуш ёки буғдойга арпа алмаштириладиган бўлса, тенг миқдорда бўлиши шарт қилинмайди, бироқ қўлма-қўл бўлиши шарт.

Рибо насия – маълум бир муддатдан сўнг ортиқчаси билан қайтариш эвазига қарзга пул бериш. Масалан, минг (доллар) берса, шуни бир йилдан сўнг бир минг бир юз қилиб қайтариш. Қарзни тўлаш кечиккан сари берилган дастмоя ҳам зиёдалашиб, қўшимча фоизи ҳам ошиб бораверади. Аллоҳ таоло  деди: “Эй иймон келтирганлар, қарз берган пулингиз устига оз бўлса-да қўшимча фоиз олманглар. Аллоҳдан тақво қилинглар, шояд шунда нажот топсангиз” (Оли Имрон, 130).

Хурматли ўқувчи, рибо-судхўрликнинг ҳаром қилиниши остидаги сир шуки, у мўминлар ўртасидаги ўзаро раҳм-шафқатни, бир-бирларига меҳр кўрсатишни кесади. Мусулмонлар ораси узилишига олиб борадиган ҳар қандай иш ҳаромдир. Негаки мусулмонлар бир-бирларига меҳр-мурувват билан, ҳамжиҳатликда, ака-ука бўлиб яшашлари лозим. Бир-бирларидан узоқ муддатга қарз оладилар, бунинг эвазига Аллоҳдан ажр-мукофотдан бошқа нарсани умид қилмайдилар. Беғараз қарз беришнинг савоби садақа қилиш савобидек, балки ундан ҳам ортиқдир.

Шунингдек, музораба деб аталувчи тижорат турини йўлга қўйса бўлади. Музораба – пулдор мусулмон киши биродарига маълум миқдордаги пулни тижорат учун шерикликка беришидир. Бунда фойда ўзаро келишувга кўра бўлинади, зарар бўлса пул берган тараф пулига, иккинчи тараф эса меҳнатига куяди. Музорабада икки фойда бор: бири молнинг ўсиши, иккинчиси фақир мусулмонга касб-ҳунарида ёрдам бериш ва дастмояли бўлиб қолишига сабаб бўлиш бор.

Деҳқончилик ва ишлаб чиқаришда шерикчилик қилиш ҳам молнинг ўсишида ва мусулмонлар орасида мўл бўлишида музораба кабидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло рибони ҳаром, олди-сотдини эса ҳалол қилди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.

[1] Термизий (1206) ривояти

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг