Бемор дўстимга мактуб (8)

0

Билингки, барча зарарни даф қилувчи Аллоҳдир!

Шифо Аллоҳнинг қўлида, ҳар қандай дардга шифо берувчи Аллоҳ, деб қатъий эътиқод қилиш ва шунга тўла ишониш зарур.

Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: “Эй инсон, агар Аллоҳ сени фақирлик, касаллик каби сен учун зарарли бўлган бирор нарсага мубтало қилса, бу нарсаларни Унинг ўзидан бошқа аритувчи йўқдир” (Анъом, 17).

Иброҳим алайҳиссалом тилларидан айтилган қуйидаги оят ҳам бунга далилдир: “Касал бўлсам шифо берадиган Аллоҳдир” (Шуаро, 80).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳ, эй инсонлар Парвардигори, эй оғирликни кетказувчи Зот, шифо берувчи фақат Сенсан, Ўзинг шифо бер. Сендан бошқа шифо берувчи йўқ. Касалликни қолдирмайдиган комил шифо бер” (Бухорий ривояти, 10/206).

“Эй инсонлар Парвардигори, оғриқни кетказ, шифо Сенинг қўлингдадир. Дардни олувчи ёлғиз Сенсан” (Бухорий ривояти, 10/206).

Шифо Аллоҳнинг қўлида экан, узлуксиз Аллоҳдан шифо тилаб ялининг, ёлворинг. Аллоҳ таоло деди: “(Бутларга ибодат қилиш яхшими) ёки бошига иш тушган одамнинг дуосини ижобат қиладиган, балоларни аритадиган ва сизларни ерда ўзингиздан илгари яшаб ўтганларга ўринбосар қилиб қўядиган Зотга ибодат қилиш яхшими? Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон маъбуд борми? Сизлар камдан-кам насиҳатланасизлар” (Намл, 62).

Бемор дўстим, даволанинг, ноумид бўлманг. Зиммангизда нафсингизнинг ҳам ҳаққи бор, Аллоҳнинг ҳам ҳаққи бор, аҳли-аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор, меҳмоннинг ҳам ҳаққи бор. Касаллик ана шу ҳақларни ўташга йўл қўймаётган бўлса, даволанишингиз шарт бўлади. Ҳақ-ҳуқуқларни адо этишга халақит қилмайдиган касалликда эса, шарт-шароитга қараб иш юритса бўлаверади.

Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга ажр-мукофотларини чексиз қилиб беради. Таваккал қилувчилар барча ишларида ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Агар дарднинг давоси тўғри топилса, Аллоҳнинг изни билан соғайиб кетади” (Муслим ривояти, 2204).

Имом Муслим келтирган бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуга табиб юбордилар. Табиб унинг томирини кесиб, сўнг уни (томирни) куйдирди” (Муслим ривояти, 2207). Куйдириб даволашга фақатгина ундан бошқа услубда даволаш имкони қолмаганда рухсат берилади.

 Мўминлар онаси Умму Салама разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳижома қилдиришга изн сўраганларида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Тойбага онамизни ҳижома қилиб қўйишни амр этдилар (Муслим ривояти, 2206). Абу Тойба Умму Салама онамизнинг маҳрамларидан эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло қандай дард туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширган” (Бухорий ривояти, 5678).

Хаста биродарим, имкони борича авратингизни сатр қилишга ҳарис бўлинг.

Заруратсиз авратингизни очманг, фақат табиб кўрмаса бўлмайдиган ерлар мустаснодир. Аллоҳ таоло айтган: “Эй Одам болалари, Биз сизларга авратингизни беркитишингиз учун зарурий либосни туширдик. Тақво либоси энг яхши либосдир” (Аъроф, 26).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эркак эркакнинг авратига, аёл аёлнинг авратига қарамасин”, деганлар (Муслим ривояти, 338).

“Хотининг ва қўл остингдаги чўридан бошқа бировга авратингни кўрсатма, уни яшир”, деб айтганлар (Абу Довуд ривояти, 4017).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг