Эй иймон келтирганлар (12): Қарз муомаласини ёзиш ва гувоҳлантириш шартлиги

0

Эй иймон келтирганлар, маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинг. Ораларингизда бир омонатли киши ёзсин ва Аллоҳ ёзишни билдириб қўйган киши ёзишдан бош тортмасин. Қарздор ўз зиммасидаги қарзни айтиб ёздирсин, Рабби ҳузуридаги жавобгарликдан қўрқсин ва қарзидан бирон нарсани камайтириб айтмасин! Агар қарздор ақлсиз ёки заиф (гўдак ё мажнун) бўлса, ёхуд (соқовлик туфайли) айтиб ёздиришга қодир бўлмаса, ўрнига валийси адолат билан айтиб ёздирсин. Гувоҳликка иккита эр кишини чақиринглар! Агар икки эркак топилмаса, гувоҳлигига ўзингиз рози бўладиган бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилингки, икки аёлдан бири унутса, иккинчиси эслатиб қўяди. Гувоҳликка чақирилган кишилар (келишдан) бош тортмасинлар ва гувоҳликни адо этсинлар! Озми, кўпми, маълум муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар! Шу нарса Аллоҳнинг шариатида энг адолатли ишдир, гувоҳликни мукаммал адо этишга энг катта ёрдамчи ва шак-шубҳани бартараф этишнинг энг яқин йўлидир. Энди агар ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, ёзишга ҳожат йўқ. Ўзаро олди-сотдиларингизни гувоҳлантиринг. Гувоҳ гувоҳликни тўғри адо этиши ва котиб Аллоҳ буюрганидек ёзиши вожибдир. На котиб ва на гувоҳга зарар етмасин. Агар шундай килсангиз (яъни улардан биронтасига зарар етказсангиз) бу Аллоҳнинг тоатидан чиқиш бўлади. Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларга таълим беради. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир” (Бақара, 282).

Шарҳ:

Хурматли ўқувчи, шуни билингки, пул-мол дунё ишларининг асоси, турмуш воситаси, тирикчилик сабабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деди: “Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни ноўрин ишлатиб юборадиган эркак-аёл ва ёш болаларга қўлингизда бўлган уларнинг молларини бериб қўйманглар, токи ноўрин сарфлаб қўйишмасин” (Нисо, 5).

Пулни тасарруф қила олмайдиган аёллар, ёш болалар ва ақли заиф кишиларга молни бериб қўйишни Аллоҳ таоло ман қилди. Қуръондаги энг узун оят қарз олди-бердисини баён қилган. Биз қуйида бу оятни шарҳлаб, қарзга тааллуқли масалаларни ёритиб берамиз, сизни эса мол-дунёингиз зое бўлиб кетмаслиги учун уларни ёдда тутиб, амалда татбиқ қилишга чақирамиз.

Қарз аҳкомлари баён қилинган бу оятда ўн учта ҳукм зикр қилинган, уларни бирма-бир келтирамиз.

Биринчи: уч кундан кўп муддатга олинган қарзни ёзиб қўйиш: “Эй иймон келтирганлар, маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинг”.

Иккинчи: олди-сотдида “салам” деб аталувчи савдо турининг шариатда жоизлиги; оятдаги: “маълум муддатга”, деган сўз шунга далолат қилади. Салам савдоси деб мусулмон киши пулини олдиндан олиб, келишилган муддат ичида етказиб бериш шарти билан хурмо ёки буғдойни сотишига айтилади. Муддат келгач, маҳсулотни етказиб беради, фақат шарти шуки, сотилган молнинг вазни ва ўлчови маълум бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келган: “Ким хурмони қарзга сотадиган бўлса, ўлчови, вазни ва муддатини маълум қилиб сотсин”[1].

Учинчи: қарзни ёзганда котиб адолат ва омонат билан бирон нарса қўшмай ё камайтирмай, алмаштирмай ва ўзгартирмай ёзиши: “Ораларингизда бир омонатли киши ёзсин”.

Тўртинчи: одамлар эҳтиёжи тушиб, ёзишни биладиган котибга қарз олди-бердисини ёзиб беришни сўрасалар, ёзиб бериши вожиб бўлади: “Аллоҳ ёзишни билдириб қўйган киши ёзишдан бош тортмасин”. Бу ёза билиш неъматини ато этган Аллоҳга шукрона сифатида бўлади.

Бешинчи: котибга қарз беруви эмас, балки олган қарзига иқрор бўлиб қарз олувчи ёздирсин: “Қарздор ўз зиммасидаги қарзни айтиб ёздирсин”.

Қарзни камайтириб ёздиришдан Аллоҳ қайтариб деди: “қарзидан бирон нарсани камайтириб айтмасин”.

Олтинчи: Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақли заифлиги ёки хавфсизлик жиҳатидан ёздиришга қодир бўлмаса, унинг вакили адолат билан, қарзга қўшмай ё ундан камайтирмай ёздирсин.

Еттинчи: қарз олди-бердиси ёзилган ҳужжатга гувоҳ келтириш. Гувоҳлар икки эркак бўлиши керак. Икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёл бўлади: “Гувоҳликка иккита эр кишини чақиринглар! Агар икки эр киши топилмаса, унда ўзингиз рози бўладиган бир эркак ва икки аёл киши гувоҳ бўлсин”.

Саккизинчи: Модомики бир кишининг ҳаққи уларнинг гувоҳликларига боғлиқ экан, гувоҳликка чақирилган кишиларнинг гувоҳ бўлишдан бош тортишлари ҳаромдир: “Гувоҳликка чақирилган кишилар ижобат қилишдан бош тортмасинлар ва гувоҳлик беришни адо этсинлар”.

Тўққизинчи: Қарз олинаётган пул оз бўладими, кўпми, ёзиб қўйишга тарғиб бор: “Озми, кўпми, маълум муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар”.

Ўнинчи: кундалик олди-бердиларда, масалан, бир-икки кило хурмо ё шакар олиб, бир-икки кун ичида пулини берадиган бўлса, бундай қарзни ёзмаса ҳам бўлиши.

Ўн биринчи: олди-сотдини гувоҳлантириш вожиблиги. Ким ҳовли, боғ ёки мошина сотса, ёзиб қўйсин ва ёзилган ҳужжатни гувоҳлантирсин: “Ўзаро олди-сотдиларингизни гувоҳлантиринг”.

Ўн иккинчи: котибни ё гувоҳларни узоқ ерга чақириш ёки уларни ишдан қолдириш ва ё ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш каби ишлар билан қарз муомаласини ёзган котибга ва гувоҳларга зарар етмасин: “На котиб ва на гувоҳга зарар етмасин”. Котиб ва гувоҳларга ноҳақ нарсани ёзиш ва сохта нарсага гувоҳ бўлишни талаб қилиш ҳам уларга зиён етказиш жумласидандир.

Ўн учинчи: Аллоҳ таолодан қўрқиш ва тақво қилишга буйруқ ҳамда тақво қилган бандаларига Аллоҳ таоло дунёю охиратда манфаатли илм ато этиш ваъдаси борлиги. Аллоҳ тақводор бандалари қалбларига нур соладики, улар бу илоҳий нур ила ҳақ билан ботил, фойда билан зарар орасини ажрата оладилар: “Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳдан тақво қилсангиз, У сизлар учун ҳақ билан ботил ўртасини ажратадиган ҳидоят ато этади” (Анфол, 29).

Қарз ояти ўз ичига олган аҳкомларни билгач, яна айрим муҳим изоҳлар билан танишинг:

1 – Олди-сотдида камида икки гувоҳ бўлиши керак, аммо зинода гувоҳлар тўрттадан кам бўлмаслиги шарт.

2 – Ёш болани ва қулни гувоҳ қилинмайди.

3 – Битта гувоҳдан бошқа топилмаса, қасам билан гувоҳлик тўлиқ бўлади.

4 – Гувоҳларнинг яхшиси сўралмай туриб ўзи гувоҳлик берганидир. Бу ҳақда ҳадис бор.

5 – Энг биринчи Одам алайҳиссалом инкор қилдилар ва зурриётлари ҳам инкор қилишди[2], шундан сўнг Аллоҳ таоло олди-сотди ва қарз муомаласида ёзишни жорий қилди. 

[1] Бухорий (2240), Муслим (4202) ривояти

[2] Термизий ривоятида келган ҳадисда Одам алайҳиссалом минг йиллик умридан қирқ йилини Довуд алайҳиссаломга берадилар. Ўлим фариштаси жонини олгани келганида: “Яна қирқ йил қолмадими?” дейдилар. Ўлим фариштаси: “Сиз умрингиздан қирқ йилини ўғлингиз Довудга бермаганмидингиз?” деганида инкор қиладилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг