Қабристон ерига тааллуқли масалалар (8)

0

33 – Қабристонга тезак ташлаш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Чорва ҳайвонларининг қайсиниси бўлмасин, уларнинг тезагини қабристонга, ё қабрлар устига ташлаш жоиз эмас. Чунки бу иш қабрда ётган кишиларни хорлаш саналади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадисда «У зот қабрларни сувашдан, устига ўтиришдан ва қабр устига бино қуришдан қайтардилар» деб келади. Муслим[1] ва Термизий[2] ривояти. Термизий: «Ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган.

Яна, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрлар устига ўтирманглар ва уларга юзланиб намоз ўқиманглар», деганлари собит бўлган. Муслим ривояти[3].

Қабрлар устига ўтириш – хоҳ катта ёки кичик ҳожат чиқарган ҳолда, хоҳ ундан бошқа мақсадда бўлсин –  ман этилар экан, тезакларни қабристонларга тўкиш ҳам ман қилинади. Сабаби, бу ишда маййитларни беҳурмат қилиш бор. Зеро, мусулмоннинг ўлимидан кейинги ҳурмати тириклигидаги ҳурмати билан бир хилдир»[4].

34 – Қабристон ичига соябон ва ўриндиқлар ўрнатиш

Ҳижрий 16/5/1377 санада Саудия Қироллиги муфтийси Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳнинг фатвоси[5], 23/3/1403 санада «Доимий фатво қўмитаси»нинг 4474-сонли фатвоси ва 8/3/1410 санада эса «Катта Уламолар Ҳайъати»нинг 2/684-сонли фатвоси чиқарилган бўлиб, уларнинг барчаси қуйидаги мазмунни ифода этади: «Очиқ-ойдин нохуш ҳолатларни ўз ичига олгани ва уммат салафлари амалидан бўлмагани сабабли таъзияга келганлар учун қабристон дарвозаси ён-атрофига соябонлар ўрнатиш ман этилиши, агар эски қабристонларда хизмат кўрсатиб турган соябонлар топилса, ёмон ишларга восита бўлишини олдини олиш мақсадида олиб ташланиши лозим… Шунингдек, қабристон ичига кўчма темир ўриндиқлар қўйиш ҳам ман этилиши керак»[6].

35 – Қабристон ичидаги йўлакларни соялантириш

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим ва охиратни эслаб туриш учун умматларини қабрларни зиёрат қилишга буюрдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки улар ўлимни эслатади»[7].

Бошқа ривоятда: «Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки улар сизларга охиратни эслатади», дейилади[8].

Яна бир ривоятда: «(Қабрларни) зиёрат қилинглар. Чунки улар(ни зиёрат қилиш)да ибрат бор», деганлар[9].

Бошқа ривоятда: «(Қабрларни) зиёрат қилинглар. Чунки улар(ни зиёрат қилиш)да панд-насиҳат бор», дейилган[10].

Баъзи одамлар айрим қабристонлар йўлакларини соялантиришга чақирди. «Бу эса талай ишларга кўра тўғри бўлмайди:

Биринчидан: бу йўлаклар қабрлар орасидан ўтган бўлиб, уларга соябон ўрнатиш устидан бино қилиш ҳисобланади ва бу қабрлар устига бино қуришга ўхшайди.

Иккинчидан: бу нарса зиёратчилари кўп бўлган баъзи қабрларни соялантиришга восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки мазкур йўлакларни соялантиришдан кўзланган мақсад ўша ердаги қабрларни соялантиришни ҳам тақозо этади. Натижада, соялантирилган ўша қабрларда ғулувга кетиш юзага келади.

Учинчидан: бу иш қулайлик ва дабдабага берилиш ҳисобланади.

Тўртинчидан: қабрлар зиёрати фақат кун қизиган чошгоҳ вақтида бўлиши шарт эмас. Бинобарин, зиёратчи бу ишни бомдод ё асрдан сўнг ёки тунда ҳам амалга ошириши мумкин.

Бешинчидан: бу каби ишлар салафлар даврида кузатилмаган. Шунинг учун мазкур ишларни тақиқлаш лозим бўлади. Валлоҳу аълам»[11].

[1] 2/667, 94, 970-ҳадислар.

[2] 1052-ҳадис.

[3] 2/667, 98, 972-ҳадислар. Ҳадис: «Қабрларга юзланиб намоз ўқиманглар ва устиларига ўтирманглар» лафзи билан келган.

[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/442, 868-фатво, биринчи тўплам.

[5] Қаранг: «Мажмуъ фатово Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим», 3/247-248, 945-фатво.

[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/347, 19530-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[7] Ҳадис тахрижи 28-масалада ўтди. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур зиёратлари «Фатҳ» йилидаги сафарлари асносида бўлган эди» (Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Ар-радду ало ал-Ихноий», 250-бет. Муҳаққиқ: Аҳмад ал-Анзий. «Дор ал-хароз» нашриёти, биринчи нашр, 1420-ҳ.й).

[8] Ибн Можа (1569) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир»да (1/668, 3577-ҳадис) саҳиҳ санаган. («Ал-мактаб ал-исломий» нашриёти, учинчи нашр, 1408-ҳ.й.)

[9] Имом Аҳмад (17/429, 11329-ҳадис) ривояти. Ҳайсамий: «Бу ҳадисни Аҳмад ривоят қилган, ровийлари «Саҳиҳ»нинг ровийларидир», деган («Буғя ар-роид фи таҳқиқ мажмаъ аз-завоид ва манбаъ ал-фавоид», 3/185, 4299-ҳадис. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ ад-Дарвеш. «Дор ал-фикр» нашриёти, 1414-ҳ.й. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир»да (2/1148, 6789-ҳадис) саҳиҳ санаган).

[10] Абу Довуд (3235) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир»да (2/1148, 6788-ҳадис) саҳиҳ санаган.

[11] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг