Қабристон ерига тааллуқли масалалар (9)

0

36 – Қабристон ичида зиёратчилар дам олиши учун уйлар қуриш

Собиқ Азҳар шайхи Абдуллатиф ибн Абдулғаний Ҳамза айтади: «Дарҳақиқат, қабр устига бино қуриш, ўтириш, қабрни босиш, қабрга юзланиб ҳамда унинг устида намоз ўқишдан қайтариб келган ҳадислар жуда кўп ва улар мутавотир даражасига етган.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига бино қуришдан, улар устида ўтириш ёки намоз ўқишдан қайтардилар»[1].

Ибн Можа фақат қабр устига бино қуришдан қайтарган ҳадисни ривоят қилди[2] («Мажмаъ аз-завоид», 2-жилд, 61-бет; «Сунан», 1-жилд, 244-бет).

Шунингдек, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Инсон чўғ устига ўтириб, кийимини терисига қадар куйдириб олиши қабр устида ўтиришидан кўра яхшироқдир», деганларини ривоят қилган[3].

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Чўғ ё қилич устида юришим ёки пойабзалим тешилиб, оёғимни жароҳатлаши мусулмоннинг қабри устидан юришимдан кўра суюклироқдир»[4].

Шу ва бошқа ҳадислардан қабрлар устига бино қуриш жоиз эмаслиги маълум бўлади. Бу бино қубба сингари маййитга тааллуқли бўладими, хона, мактаб-мадраса, чодир, масжид каби маҳаллага алоқадор жой бўладими, зиёрат асносида дам олинадиган уйлар бўладими ёки булардан бошқа нарса бўладими, ҳукми бирдир»[5].

37 – Қабристонларга дарахт экиш

Қабристонларга дарахт экиш жоиз эмас. «Бу иш қабристонларни боғлар каби парвариш қиладиган насороларнинг қилмишига ўхшайди. Шунга кўра, дарахтларни ҳам, уларни суғориш учун қўйилган сув жўмракларини ҳам олиб ташлаш вожиб бўлади»[6].

Шайх Али Маҳфуз ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабристонларда ҳовлилар, тураржойлар қуриш, боғу бўстонлар барпо этиш, ариқлар оқизиш жоиз эмас. Буларнинг бари ёмон бидъатлардан, мусулмон маййитлар учун вақф этилган мол-мулкни ноўрин ишлатиш саналади. Ундан ташқари, бу каби ишлар келгусида улкан нохушликларга олиб бориши мумкин»[7].

20/8/1396-ҳижрий санада Катта уламолар ҳайъатининг 49-сонли қарори эълон қилинди. Унда бир овоздан қабристонларга дарахт экиш ҳаром экани баён этилган[8].

Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Қабристонлар ташқарисини дарахтзорлар билан ўраш уларнинг ичкарисига ҳам дарахт экиш учун ўйлаб топилган ҳийладир. Бу ерда бошқа мақсад ҳам бор бўлиб, ундан қабристон атрофидаги кўчалардан ўтаётган одамларни қабристондан ибратланиш ҳиссидан маҳрум этиш кўзланган. Чунки қабристон оддий пастқам девор билан ўралмай, аксинча, атрофи қуюқ дарахтлар билан ўралган бўлса, одамлар унинг қабристон эканини билмай қоладилар, билганлар ҳам ундан ибрат олиш ўрнига обод қабристонни кўриб завқ оладилар».

Баъзи ҳукумат идоралари айрим қабристонлар деворлари атрофини ташқарисидан тўлиқ ёки қисман боғлар билан ўраб қўйишади. Ҳатто айрим бундай боғларда кўнгилочар ўйинлар ҳам ташкил этилади. Бундай ишлар бир томондан кофирларга кўр-кўрона тақлид саналса, бошқа томондан, одамларнинг қабристондан панд-насиҳат олиши ва ибратланишига тўсқинлик қилади.

[1] Ҳадис тахрижи 33-масалада ўтди.

[2] «Сунан Ибн Можа», 1564-ҳадис.

[3] Аҳмад (9732), Муслим (96, 971), Абу Довуд (3228), Насоий (2044) ва Ибн Можа (1566) ривояти.

[4] Ибн Можа (1567) ривоят қилган, Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (737-бет, 5354-ҳадис, «Байт ал-афкор ад-давлийя» нашриёти) ҳадис санадига «жаййид» (яхши) деб ҳукм қилган. Заҳабий «Сияр аълом ан-нубало»да (9/138) ҳадисни саҳиҳ деган. (Шуайб Арноут раҳбарлиги остида. «Муассасат ар-рисола» нашриёти, биринчи нашр, 1402-ҳ.й.)

[5] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 20/7387-7388, 3294-фатво.

[6] «Мажмуъ фатово Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим», 3/200, 914-фатво.

[7] «Ал-ибдоъ», 181-бет.

[8] Мазкур қарор 28-масалада тўлиқ баён этилди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг