Таҳорат: Жабирага масҳ тортиш

0

Жабирага масҳ тортиш

Жабира нима дегани?

Синган аъзолар тузалиши ва битиб кетиши учун уларнинг устига қўйиб боғланадиган тахтачаларга жабира (тахтакач) дейилади. Шунингдек, синиқ аъзо устига қопланган гипс ва шу каби нарсалар ҳам жабира ҳукмида бўлади.

Жабирага масҳ тортиш ҳукми

Уламолар жабирага масҳ тортиш ҳукми хусусида қуйидагича ихтилоф қилишган:

а) Жумҳур уламоларнинг фикрича, таҳорат ёки ғуслда жабирага масҳ тортиш жоиз бўлиб, жабирадан бошқа аъзолар ювилиши лозим.

б) Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, жабирага масҳ тортиш жоиз эмас. Улар бирон аъзосига тахтакач боғланган киши таҳорат ёки ғусл асносида нима қилиши тўғрисида икки хил фикр билдирганлар:

Биринчи фикрга кўра, тахтакач боғланган аъзони ювиш соқит бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қодир бўлмаган ишларига буюрмайди.

Иккинчи фикрга кўра, тахтакач боғланган аъзо учун таяммум, қолган аъзолар учун эса таҳорат ёки ғусл қилинади.

Масалага оид далиллар муҳокамаси

Жумҳур уламолар жабирага масҳ тортиш жоизлигига Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. Жобир разияллоҳу анҳу айтади: «Сафарда эдик. Бизлардан бир кишининг бошига тош тегиб бошини жароҳатлади. Сўнг у эҳтилом бўлиб қолди. (Сув билан ғусл қилса жароҳатига зарар етишидан қўрқиб) ҳамроҳларидан: «Таяммум қилишимга рухсат борми, нима дейсизлар?», деб сўради. Улар: «Модомики сув бор экан таяммум қилишингга рухсат йўқ деб биламиз», дейишди. У ғусл қилди ва (жароҳати оғирлашиб) вафот этди. Бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келганимизда у зот бундан хабар топдилар. «Ўлибкетгўрлар, уни ўлдирибдилар (яъни нотўғри фатво бериб ўлимига сабаб бўлибдилар)! Билмас эканлар, сўрасалар бўлмайдими?! Зеро, билмасликнинг давоси сўрашдир. Унга таяммум қилиши, жароҳатига бирон латта боғлаб, устидан масҳ тортиши ва танасининг қолган жойларини ювиши етарли эди»[1].

Ушбу ҳадис санадида заифлик бор. Чунки санаддаги ровийлардан бири Зубайр ибн Хариқ заиф ровийдир. Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис бор. Бироқ унда айнан ҳужжат ўрни бўлган жабирага масҳ тортиш масаласи тилга олинмаган. Шунинг учун жабирага масҳ тортиш зикр қилинган бу қўшимча Ибн Аббос ривояти билан қувватланмайди.

Жабирага масҳ тортиш жоиз эмас деган уламолар бу тўғрида бирон саҳиҳ ҳадис келмаганини далил қилишган. Улар юқорида келтирилган Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳамда унинг мазмунини қўллаб-қувватловчи Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга биноан баданида жабираси бор инсон таяммум қилишини айтишган. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мазкур ҳадисда бундай дейилади: «Бир киши қиш кунларидан бирида жунуб бўлиб қолди. Одамлардан (мазкур ҳолатда нима қилиш ҳақида) сўраган эди, ғусл қилишга буюрилди. (Совуқда ғусл қилиши сабабли) ўлди. Бу воқеа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берилганда у зот бундай дедилар: «Уларга нима бўлди, Аллоҳ ўлдирсин уларни?! (уч бор айтдилар) Дарҳақиқат, Аллоҳ тупроқ (ёки таяммум)ни покловчи қилган!»[2]

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Агар баданида жароҳати ёки чечак касали бўлган киши жунуб бўлиб қолса ва ғусл қилса зарар етишидан қўрқса, у ҳолда тупроқ билан таяммум қилади»[3].

Шунга кўра, жабирага масҳ тортиш жоиз эмас деган шу фикр тўғрироқ бўлиб чиқади. Баданида жабираси бўлган киши саҳиҳ ҳадисда келганидек, шунингдек, жабирага масҳ тортиш тўғрисидаги ривоят заиф бўлгани учун таяммум қилади.

Баданида жароҳати ёки касали бўлган киши таяммум ҳам қилмайди, жабирасига масҳ ҳам тортмайди, балки ғусл қилади, жароҳатли ёки касал аъзони эса ювмайди, деганлар «Аллоҳ бандага қодир бўлганини буюради, холос» (Бақара, 286) оятини далил қилишган. Уларнинг фикрича, бундай киши жароҳатли ёки касал аъзони ювишга қодир эмас. Шунинг учун уни ювиш соқит бўлади.

Бироқ жабира учун таяммум қилиш тўғрисидаги ҳадис саҳиҳ ҳадисдир. Шунга кўра, жабира учун таяммум қилиш, қолган соғлом аъзоларни эса асл қоидага кўра ювиш мақсадга мувофиқдир. Шу фикр кўнгил таскин топадиган тўғрироқ фикрдир, валлоҳу аълам[4].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жабира таққан киши таҳорат олмоқчи бўлса уч нарсани қилсин: соғлом аъзоларини ювсин, жабирасига масҳ тортсин, таяммум қилсин»[5].

Сўнг Нававий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги гапини изоҳлаб бундай дейди: «Шофеий мазҳабига кўра, соғлом аъзоларни ювиш шарт. Чунки аъзонинг синиқлиги унинг буткул йўқлигидан ортиқча эмас. Агар ўша аъзо йўқ бўлганида, албатта қолган аъзоларни ювиш вожиб бўлур эди»[6].

Жабирага масҳ тортишга келсак, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу борадаги ҳадис саҳиҳ эмаслиги маълум бўлди. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан бир аёл тўғрисида сўралади. У аёлнинг кўзида касаллик бор, танаси ортиқча вазн сабаб оғирлашиб қолган. Моддий аҳволи ночорлигидан ҳаммомга боришга қодир эмас. Эри пок юришга қўймайди. У намоз ўқиши керак. Шундай аёл соғлом танасини ювиб, бошини ювиш ўрнига таяммум қилса жоизми?

Саволга Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бундай жавоб берган: «Ҳа, совуқ сувда ҳам, иссиқ сувда ҳам ғусл қилишга қодир бўлмаса, жумҳур уламолар фикрича, намоз вақти мобайнида таяммум билан намоз ўқиши вожибдир. Лекин Шофеий ва Аҳмад мазҳабига кўра, имкони бор жойни ювади, қолгани учун таяммум қилади. Абу Ҳанифа ва Молик мазҳабига кўра, танасининг аксарини ювган бўлса таяммум қилмайди, аммо фақат тананинг оз қисмини юва олган бўлса, унда таяммум қилади ва ҳеч қаерини ювмайди»[7].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Жабира тақиш учун эҳтиёж бўлмаса, айтайлик, синиқ аъзо тузалган бўлса, у ҳолда жабирани ечиш вожиб бўлади. Чунки тузалган аъзога боғланган жабирага масҳ тортиш дуруст эмас.

  2. Маҳсига масҳ тортишда шарт бўлгани каби жабирани комил таҳорат билан боғлаган бўлиши шарт қилинмайди. Шунингдек, жабирага масҳ тортиш учун муайян муддат ҳам шарт қилинмайди, балки бу жабирани боғлаш сабаби бўлмиш жароҳат ёки касалликнинг бор ёки йўқлигига боғлиқ.

  3. Жабирани ечишдан олдин таҳоратли бўлса, модомики таҳоратни бузадиган бирон иш қилмаган бўлса, шунчаки жабирани ечишнинг таҳоратга таъсири йўқ.

  4. Бирон аъзосига жабира боғланган киши жабира боғлаган муддатда адо этган намозларини қайтадан ўқиши шарт эмас. Айрим шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига хилоф ўлароқ, бу муддатда ўқиган намозлари дуруст бўлаверади.

[1] Саҳиҳ лиғайриҳи. Абу Довуд ривояти, 336. Ҳадис санадида заифлик бор. Бироқ ушбу ҳадис мазмуни Абу Довуд (337) ва Ибн Можа (572) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис билан қувватланади.
[2] Ибн Ҳиббон ривояти, 1214. Ҳадисни Ибн Хузайма (273) ва Ҳоким (1/165) саҳиҳ дейишган, Заҳабий Ҳокимнинг бу фикрини маъқуллаган.
[3] Ҳасан. Ибн Хузайма (272), Байҳақий (1/224), Ҳоким (1/270), Ибн ал-Жоруд (129) ривояти.
[4] Қаранг: «Шайх Фавзоннинг фатволаридан сайланма фатволар», 4/9, 10). Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 21/463.
[5] «Ал-мажмуъ», 2/326.
[6] Собиқ манба.
[7] «Мажмуъ ал-фатово», 21/463.

Изоҳ қолдиринг