Қабристон ерига тааллуқли масалалар (10)

0

38 – Қабрдан дарахт ўсиб чиқиши маййитнинг солиҳ инсон бўлганига далолат қиладими?

«Қабрлардан дарахт ёки ўт-ўлан униб чиқиши қабр эгалари солиҳ кишилар бўлганини билдирмайди. Бу нотўғри тушунчадир. Дарахт ўсиши фақат солиҳ кишилар учун хос эмас, балки у солиҳ кишиларнинг ҳам, бетавфиқ кимсаларнинг ҳам қабридан ўсиб чиқаверади. Одамлар ўртасида бу каби ботил тушунчаларни ёювчи кимсаларнинг гапларига алданиб қолмаслик лозим»[1].

39 – Қабристонни зарарли ўсимликлардан тозалаш

Қабристонни зарарли ўсимликлардан тозалаш, табаррук қилиниш хавфи бўлган дарахтларни кесиш лозим.

«Қабр ҳурматини сақлаган ҳолда қабрдан ўсиб чиққан дарахтни кесиб ташлашнинг зарари йўқ. Кавлаш асносида қабр оёқости бўлмаслиги, устига чиқиб тепкиланмаслигига эътибор қаратиш лозим. Агар қабрдан ўсиб чиққан дарахт табаррук қилиниш, улуғланиш хавфи бўлса ёки унинг қолиши қабрга ёки у жойга дуо ва салом учун келган қабр зиёратчисига азият етишига сабаб бўлса, ундай дарахтни кесиб ташлаш афзаллиги янада ойдинлашади. Чунки бундай дарахт зарарли ҳашаротлар ва илонлар маконига айланиши мумкин. Бинобарин, уни кесиб ташлаш қолдиришдан афзалроқ бўлади»[2]. «Шунингдек, баъзи одамлар тарафидан экилган дарахтлар ҳам айни ҳукмдадир»[3].

«Маййитлар ҳурмати топталмаслиги учун дарахтларни оддий қўл анжомлари ёрдамида кесиш, турли оғир асбоб-ускуналар қабристонга олиб кирилмаслиги лозим. Чунки уларнинг киритилиши маййитларга ҳурматсизлик қилинишига сабаб бўлади»[4].

Исҳоқ ал-Кавсаж раҳимаҳуллоҳ «Масоил»да айтади: «Исҳоқдан – яъни Ибн Роҳавайҳдан – : «Қабрлардан тикон ва ўт-ўланларни юлиб олиш тўғрисида нима дейсиз?» деб сўрадим. «Агар имкон борича эҳтиёткорлик билан олинса, жуда яхши ва маъқул иш бўлади», деди[5].

40 – Қабристондаги дарахтлар мевасидан ейиш

Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан масжид ҳовлисида, ё қабристонда ёки йўл ўртасида ўсган дарахт ҳақида сўралганида: «Унинг мевасидан ейиш барча мусулмонлар учун ҳалолдир», деган[6].

41 – Қабристондаги ўт-ўланлардан фойдаланиш

Шайх Умар Саномий айтади: «Қабристонлик белгилари қолмаган эски қабристондан фойдаланишга, у ерда бино қуришга, чорва молларини ўтлаш учун киритишга одамларнинг ҳаққи йўқ. Ўт-ўланларини ўриб олиш эса у ерда чорва ҳайвонларини ўтлатишга нисбатан енгилроқ иш»[7].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Бакрий ас-Садафий айтади: «“Бир маҳалланинг қабристонлик асорати қолмаган эски бир қабристони бор. Маҳалла аҳли ундан фойдаланса бўладими?”

Абу Наср раҳимаҳуллоҳ: “Бунга рухсат йўқ”, деди. “Агар у ерда ўт-ўланлар бўлса-чи?” дейилган эди, у киши бундай жавоб берди: “Ўриб олиб, ҳайвонларга олиб чиқиб берилади. Шундай қилиш ҳайвонларни қабристонга ўтлаш учун киритиб юборишдан кўра енгилроқ”. Иқтибос тугади»[8].

[1] Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 4/380.

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/353, 17904-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг фатволар тўпламига (13/362) қаралсин.

[3] Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Фатово нурун ало ад-дарб», 14/185. Тартибловчи: Шувайъир.

[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/352, 18976-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[5] Исҳоқ ибн Мансур ал-Кавсаж. «Масоил ал-Имом Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳумаллоҳ», 9/4738, 3400-масала. Муҳаққиқ: Сулаймон ал-Умайр. «Ал-жомеъа ал-исломийя» нашри, биринчи нашр, 1425-ҳ.й.

[6] Ибн Фарҳун ал-Моликий. «Тарих ал-Мадина ал-мунаввара», 37-бет. Асл қўлёзмаларни солиштирувчи ва шарҳловчи: Ҳасан Шукрий. «Шарикат дор ал-Арқам» нашри, нашр рақами ва йили кўрсатилмаган. Китоб солиҳларни табаррук қилиш ва бошқа бидъатлар билан тўла. Муҳаққиқ улардан огоҳлантирмаган. Китобхондан мазкур ўринларда эҳтиёт бўлиши талаб этилади.

[7] Умар ибн Муҳаммад ас-Саномий ал-Ҳанафий. «Нисоб ал-иҳтисоб», 178-бет. Муҳаққиқ: Мурайзин Асирий. Қирол Абдулазиз Университетида магистрлик рисоласи, 1400-1401-ҳ.й.

[8] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1232, 597-рақамли фатво.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг