Бемор дўстимга мактуб (9)

0

Қуръон билан даволанишни ҳам унутманг!

Аллоҳ азза ва жалла деди: “Биз Қуръондан (қалб ва баданга) шифо берадиган ва мўминлар учун раҳмат бўладиган оятларни нозил қилдик” (Исро, 82).

Эй Пайғамбар, сиз уларга айтинг: Бу Қуръон мўминлар учун ҳидоят ва шифодир” (Фуссилат, 44).

Қуръонни ўқиб, ўзингизга дам солинг, хусусан “Муаввизот” (“Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос”) сураларини ўқинг. Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолсалар, “Муаввизотни” ўқиб, қўлларига туф-туф қилиб, баданларига суртар эдилар” (Бухорий, 8/131, Муслим, 14/183 ривояти).

Имом Муслим келтирган ҳадисда: “Усмон ибн Абу Ос Сақафий Исломга келгандан бери уни безовта қилаётган оғриқдан шикоят қилганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Оғриётган аъзоинг устига қўлингни қўйиб уч бор: “Бисмиллаҳ” (Аллоҳ номи билан) ва етти марта: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳазиру” (Аллоҳдан ва Унинг қудратидан мен топаётган ва қўрқаётган нарсанинг (оғриқнинг) ёмонлигидан паноҳ тилайман) деб айт”.

Оиша разияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам руқя қилиб: “Оғриқни кетказ, эй инсонлар Парвардигори, шифо Сенинг қўлингдадир. Дардни аритувчи ёлғиз Ўзингсан”, дер эдилар (Бухорий ривояти, 10/207).

Бошқа бировдан сизга дам солиб қўйишини сўраманг. Бундай қилиш макруҳ саналади. Жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган етмиш минг кишини сифатлаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Улар ўзларини куйдириб даволатмайдиган, дам солдирмайдиган, шумланмайдиган, Парвардигорларига таваккул қиладиган кишилардир” (Бухорий, 11/405, Муслим, 3/92 ривояти).

Лекин, бирон киши сизга дам солмоқчи бўлса уни қайтарманг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “(Қандай  ва нима сўзлар билан) руқя қилишингизни – дам солишингизни менга кўрсатинг. Агар ширк сўзлар бўлмаса, дам солишнинг зарари йўқдир” (Муслим ривояти, 14/187).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда келади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғриб қолсалар, у зотга Жаброил алайҳиссалом дам солиб: “Аллоҳ номи билан (ўқийман), У дарддан халос этади. Сенга озор бераётган барча оғриқдан, ҳасад қилувчининг ҳасадидан ва ёмон кўздан шифо беради,”, дер эди (Муслим ривояти, 14/168).

Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, касалликдан азият чекяпсизми?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа” дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Аллоҳ номи билан сизга дам соламан. Сизга озор бераётган барча нарсадан, ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ёки ҳасадгўйнинг кўзидан Аллоҳ сизга шифо берсин. Аллоҳ номи билан сизга дам соламан”, деб руқя қилдилар” (Муслим ривояти, 14/170).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир неча нафари сафарда эканлар, араб қабилаларидан бирига келадилар. У қабила саҳобаларни меҳмон қилмайди. Шу орада қабила саййидини (илон ё чаён) чақиб олди. Қабила аҳли саҳобалар олдига келиб: “Эй қавм, сизларда бирон дори-дармон ёки руқя ўқувчи (дам солувчи) борми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Сизлар бизни меҳмон қилмадингиз, энди биз ҳам бирон хизмат ҳақи бермагунингизча руқя ўқимаймиз”, дедилар. Сўнг улар билан бир неча бош қўй беришга келишдилар. Кейин саҳобалардан бири бориб, “Фотиҳа” сурасини ўқиб, унга дам солди. Қабила саййиди соғайиб, дарддан фориғ бўлди. Келишилган қўйларни олиб келганида, саҳобалар: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамагунимизча олмаймиз” дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эдилар. У зот кулиб: “Унинг (“Фотиҳа” сурасининг) руқя эканини қаердан билдинг?” деб: “Қўйларни тақсим қилиб олинглар ва менга ҳам бир улуш ажратинглар”, дедилар (Бухорий ривояти, 10/198).

Сизнинг касалингиз кўз тегишдан бўлиши ҳам мумкин, лекин шу ҳам тақдирингизда ёзилган бўлади. Сиз ўзингизга дам солинг, кўз тегишдан руқя қилинг.

Саҳиҳайнда келган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўз тегишидан руқя қилишга амр этдилар” (Бухорий, 10/199, Муслим, 14/184).

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо бинт Умайс разияллоҳу анҳога: “Нима бўлди, жиянларим озғин кўриняпти, уларга муҳтожлик етганми?” дедилар. Асмо: “Билмадим, лекин уларга кўз тегяпти”, деди. “Уларга руқя қил”, дедилар. Асмо айтади: “Мен руқяда ўқийдиганларимни ул зотга айтган эдим: “Шулар билан руқя қил”, дедилар (Муслим ривояти, 14/185).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кўз тегиш ҳақдир. Агар қазо-қадардан бирон нарса ўзса, кўз ўзар эди. Сиздан ювиниб бериш сўралса, ювиниб беринг” (Муслим ривояти, 14/170).

Яъни: Кўз теккан киши сиздан гумон қилиб, сиздан қолган сувни устидан қуйиш учун таҳорат қилиб ёки ювиниб беришингизни талаб қилса, йўқ деманг.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал кўргани борсалар ёки беморни У зот ҳузурларига олиб келинса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оғриқни кетказ, эй инсонлар Парвардигори. Шифо берувчи Сенсан, Ўзинг шифо бер. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Касалдан асар ҳам қолдирмайдиган (комил) шифо бер”, дер эдилар (Бухорий, 10/131, Муслим, 14/180 ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг