Шариатда эса “душманга қарши курашда қаттиқ тиришиш” маъносини англатади. Жиҳод қўл, мол-дунё, тил ва қалб билан бўлиши мумкин. Шунингдек, нафс, шайтон ва фосиқларга қарши курашга ҳам жиҳод сўзи ишлатилади[1].
Жиҳоднинг фазилати:
Биринчидан, Қуръондан далил: Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди. Улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор?” [Тавба: 111].
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир)— Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир” [Саф: 10-11].
Иккинчидан, суннатдан далил:
Бу борада талай ҳадислар мавжуд, жумладан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси амал энг афзал?” – деб сўралди. “Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш” – дедилар расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ундан кейинчи?” – дейилди. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш” – дедилар у зот. “Ундан кейинчи?” – дейилди. “(Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳаж” – дедилар расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”[2].
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб деди: “Одамларнинг қай бирлари афзал?”. “Жони ва моли билан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган мўмин” – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Сўнгра ким?” – деди ҳалиги одам. “Сўнгра Аллоҳга ибодат қилган ҳолда бирон бир дара (ёки одамлардан йироқ бирон жой)да (ҳаёт кечирган) ва одамларга зарар еткизмаган мўмин киши” – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”[3].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга нима тенг келади?” – дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу нарсага қодир эмассизлар” – дедилар. Одамлар у зотга бу саволни икки-уч бор такрорладилар. Ҳар гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу нарсага қодир эмассизлар” – деб жавоб қилдилар. Ваниҳоят шундай дедилар: “Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳиднинг ҳолати – у уйидан чиққандан тортиб, то уйига қайтгунига қадар (кундузлари) муттасил рўзадор, (кечалари) сусаймасдан Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб намоз ўқувчи кишининг ҳолатига ўхшайди”[4].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Дарҳақиқат, жаннатда Аллоҳ Ўзининг йўлида жиҳод қилувчилар учун ҳозирлаб қўйган юз даража мавжуд. Ҳар икки даража орасидаги масофа осмон билан ер орасидаги масофага тенг”[5].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кофир ва уни қатл қилган мўмин асло дўзахда бирга бўлмайди”[6].
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким туяни (соғиш асносида) қўлни очиб унинг елинини ушлаш, (ёхуд туяни бир соғиб, сўнгра уни ийдириш учун буталоғини эмиздириб, ундан сўнг яна соғиш) оралиғидаги вақт миқдорича Аллоҳ йўлида жанг қилса, унга жаннат вожиб бўлади. Кимда ким Аллоҳ йўлида (душман томонидан) жароҳатланса ёки (бирон бахтсиз ҳодиса туфайли) танасига шикаст етса, бу жароҳат ва унга етган шикаст қиёмат кунида (дунёдаги) энг қонли кўринишида мужассам бўлади. Бироқ, қоннинг ранги заъфарон ранг, ҳиди эса мушкнинг ҳиди бўлади”[7].
Бундан ташқари жиҳод, Аллоҳ йўлида риботда туриш, яъни душман ҳужум қилиш эҳтимоли бўлган ҳудудларни ҳимоя қилиш ва шаҳидликнинг фазилати тўғрисида бошқа талай оят ва ҳадислар мавжуд бўлиб, уларнинг айримларини келажакда зикр қилиб ўтамиз, иншааллоҳ.
[2] Бухорий (26, 1519), Муслим (83), Термизий (1658) ва Насоий (5\ 113) ривоят қилган.
[3] Бухорий (2786), Муслим (1888), Абу Довуд (2485), Термизий (1660) ва Насоий (6\ 11) ривоят қилган.
[4] Муслим (1878), Термизий (1619) ривоят қилган бўлиб, ҳадис матни Муслимга оиддир. Шунингдек, Бухорий (2785) ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган.
[5] Бухорий (2790, 7423), Насоий (6\ 20) ва Аҳмад (2\ 335) ривоят қилган.
[6] Муслим (1891), Абу Довуд (2495) ва Аҳмад (2\ 397) ривоят қилган.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (2541), Термизий (1657), Насоий (6\ 25) ва Ибн Можа (2792) ривоят қилган. Шунингдек, Термизий ҳадис ҳақида “ҳасан саҳиҳ” деб ҳукм қилган бўлса, Албоний “Саҳиҳи тарғиб ва тарҳиб” (1323) асарида “саҳиҳ” деб ҳукм қилган.