Қабристон ерига тааллуқли масалалар (11)

0

42 – Қабрлар орасидаги сўқмоқларга тупроқ тўкиш

«Қабристон йўлакларидан ўтаётган зиёратчилар ва бошқаларни лойга ботирмаслик мақсадида қабрлар орасидаги сўқмоқларга тупроқ тўшашнинг зарари йўқ. Бироқ, шариат белгилаб берган бир қарич миқдордан баланд даражада қабрлар устига тупроқ ташланмайди»[1].

43 – Қабрлар орасига ғишт ёки сементли йўлаклар қуриш

«Катта уламолар ҳайъати»нинг ҳижрий 20/8/1396 санада эълон қилинган 49-қарорида бир овоздан қабристонлар йўлакларига тош ётқизиш ҳаром экани маълум қилинди[2].

«Доимий фатво қўмитаси»дан сўралди: «Шақро вилоятида баъзи одамлар ўз фикрларидан келиб чиқиб, одамлар ўтиши учун қабристонга бетон ғишт ва сементдан йўлаклар қуришмоқчи, шунга нима дейсиз?»

Жавоб қуйидагича бўлди: «Қабристонга ўзгартириш киритмай, қандай бўлса шундайлигича қолдириш вожибдир. Ким қабр зиёрати ёки бошқа рухсат этилган эҳтиёж юзасидан қабристондан ўтишига тўғри келса, қабрларни оралаб юрсин, улардан бирор қисмини босиб олишдан сақлансин. Чунки саволда сўралганидек кўринишда йўлаклар пайдо қилиш рухсат этилмаган бошқа ишларга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, қабрлар учун ажратилган майдонни торайтиради, қабристон еридан бир парчасини олиб қўяди. Қабристондан ортиб қолган бўш жойлар маййитларни дафн этиш учун керак бўлади»[3].

44 – Қабристонни йўл қилиб олиш

«Мусулмонлар қабристонлари одамлар ўтиб-қайтадиган ёки ўтирадиган йўл қилиб олиниши жоиз эмас.

Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устига ўтиришдан қайтариб, бундай деганлар: “Бирортангиз чўғ устига ўтириб, кийимини терисига қадар куйдириб олиши қабрга ўтиришидан кўра яхшироқдир”[4].

Бундай йўлларни қабристонлардан йўқ қилиш, мусулмонлар қабристонларига ҳурмат кўрсатиш вожибдир. Валлоҳу аълам»[5].

Агар мусулмон масжидда жамоат намозини ўқиш учун боришига қабристон йўлидан бошқа йўл бўлмаса, шундай қилиши вожиблиги тўғрироқ бўлади, валлоҳу аълам. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар масжидга бориш учун қабристондан ўтмаслик имкони бўлмаса, бу иш учун рухсат берилади. Шуни деб масжидни тарк этмаслиги керак»[6].

«Чунки у одам вожибни адо этиш учун боради»[7].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/345, 19246-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[2] Мазкур қарор 28-масалада тўлиқ баён этилди.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/365, 20201-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] Ҳадис тахрижи 36-масалада берилди.

[5] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фи аҳком ал-жаноиз», 203-бет.

[6] «Ал-мустадрак», 3/148. Тўпловчи: Шайх Муҳаммад ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ. Биринчи нашр, 1418-ҳ.й., Ношир исми кўрсатилмаган.

[7] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг