Тавҳид ақидаси: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув кетиш ва у зотни кўкларга кўтариб мақташ мумкин эмаслиги

0

Ғулув – ҳаддан ошиш демакдир. Аллоҳ таоло: «Динингизда ғулув кетмангиз! (яъни ҳаддингиздан ошмангиз)» (Нисо: 171) деган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув кетишдан мурод у зотни бандалик ва пайғамбарлик мартабасидан юқори кўтариш ва у зотга улуҳият хусусиятларидан биронтасини нисбатлаш билан – масалан, дуо қилиш, мадад тилаш ёки номларига қасам ичиш билан – ҳаддан ошишдир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ошириб-тошириб ва кўкларга кўтариб мақташдан қайтариб, бундай деганлар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтаганидек мақтаманглар! Мен бир бандаман, холос. “Аллоҳнинг бандаси ва расули” денглар».[1] Яъни, мени ёлғон мақтовлар билан мақтаманглар, мени мақташда насоролар Исо алайҳиссалом мақтовларида ғулув кетиб, уни илоҳ қилиб олишганидек ҳаддан ошманглар. Мени Раббим нима билан сифатлаган бўлса, шу билан сифатланглар, «Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» денглар.

Асҳобларидан бири у зотга: «Сиз бизнинг саййидимизсиз» деганида: «Саййид Аллоҳ таборака ва таолодир» деганлар. «Сиз энг афзалимиз ва энг улуғимизсиз» дейишганда: «Одатда айтадиган сўзларингизни айтинглар, шайтон сизларни ўз йўлига юргизиб юбормасин» деганлар.[2]

Одамлар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, эй энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг ўғли, саййидимиз ва саййидимизнинг ўғли!» деб мурожаат қилганларида у зот: «Эй одамлар, одатий сўзингизни айтаверинглар, шайтон сизларни адаштирмасин, мен Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Муҳаммадман. Мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қўйган даражадан юқори кўтаришларингизни истамайман», дедилар.[3]

У зот халқларнинг мутлақ энг афзали ва энг улуғи эдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини «Сиз саййидимизсиз, энг яхшимизсиз, энг афзалимизсиз, энг улуғимизсиз» каби сўзлар билан мақташларини ёқтирмадилар, асҳобларини у зот ҳақларида ғулув кетишдан ва ортиқча мақташдан узоқлатиш учун ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун шундай қилдилар. Ўзларини банда эришиши мумкин бўлган мартабаларнинг энг олийси бўлган иккита сифат билан сифатлашга йўлладилар, бу сифатларда ғулув ҳам, ақидага хатар ҳам йўқ эди, улар «Аллоҳнинг бандаси ва расули» деган сифатлар эди. Ўзларини Аллоҳ азза ва жалла қўйган мартабадан юқори кўтаришларини истамадилар. Бироқ, кейинчалик кўп одамлар у зотнинг бу қайтариқларига хилоф қилишди, у зотга дуо қилиб, мадад тилайдиган, номлари билан қасам ичадиган, Аллоҳдан бошқадан сўраш мумкин бўлмайдиган нарсаларни у кишидан сўрайдиган бўлдилар. Мавлудларда, қасидаларда ва нашидларда қилаётганлари каби, Аллоҳнинг ҳаққи билан Расулининг ҳаққини ажрата билмайдиган бўлдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даражаларини баён қилиш

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло мақтаган сўзлар билан мақтаб, манзилатларини баён қилишнинг, Аллоҳ у зотга олий даражалар ато этган деб ишониш ва бу даражаларни зикр этишнинг зарари йўқ. У зотнинг Аллоҳ ато этган олий манзилатлари бор, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Унинг махлуқотлари ичидаги мутлақо энг яхши ва энг афзал зотдирлар. У зот бутун махлуқотга ва инсу жиннинг ҳаммасига Аллоҳнинг элчисидирлар, пайғамбарларнинг энг афзали ва энг сўнггисидирлар. У зотдан кейин бошқа пайғамбар келмайди. Аллоҳ у зотнинг қалбларини кенг-мунаввар қилиб қўйган, зикрларини юксалтириб қўйган, амрларига хилоф қилганларга хорликни битган. У зот Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган мақоми маҳмуд (мақтовли ўрин) эгасидирлар: «Шояд, Парвардигорингиз сизни мақтовли (яъни гуноҳкор умматларингизни шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» (Исро, 79). Бу бутун пайғамбарлар ичидан ёлғиз у зотнинг ўзларига хос мақомдир. У зот халқларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва тақволироғидирлар. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларни у зот ҳузурларида овозларини кўтаришдан қайтарган ва у зот ҳузурларида овозларини пасайтирувчи кишиларни мақтаган:

“Эй мўминлар, Пайғамбар билан сўзлашган пайтингизда овозингизни унинг овозидан кўтарманглар ва уни бир-бирингизни чақирганингиз каби баланд овозда чақирманглар! Акс ҳолда, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз бекор бўлиб кетиши мумкин. Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатадиганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини имтиҳон қилган ва уларни Ўзидан тақво қилишга хослаган кишилардир. Улар учун гуноҳларининг кечирилиши ва улкан ажру савоб – жаннат бор.  Эй Пайғамбар, ҳужраларингиз ортидан сизни баланд овозда чақираётган кишиларнинг кўпчилиги ақллари бўлмаган кимсалардир.  Агар улар то ўзингиз олдиларига чиққунингизча сабр қилганларида бу ўзлари учун яхши эди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 2-5).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Бу оятларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан муомалаларида риоя этишлари лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, овозларини у зотнинг овозларидан кўтармаслик каби одобларни таълим берди. Аллоҳ таоло у зотни бошқа одамлардек: «Эй Муҳаммад!» деб исмлари билан чақиришдан қайтарди. У зотни фақат рисолат ва нубувват сифатлари билан: «Ё Расулуллоҳ», «Эй Аллоҳнинг пайғамбари» деб чақириш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур, 63). Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам у зотга: «Я айюҳан-набий», «Я айюҳар-росул» деб хитоб қилган.

Аллоҳ таоло ва фаришталари у зотга саловот йўллаб туради, Аллоҳ бандаларини ҳам салавот айтишга буюрган: «Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга дуою саловот айтадилар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва салом айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Бироқ, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовлари учун Китобу Суннатдан далилсиз бирон муайян вақт ва ҳолатни хос ажратилмайди. Мавлудхонлар қилаётгани каби, у зотнинг туғилган кунлари деган даъво остида бир кунни мақтовлари учун хослаш бидъатдир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини улуғлаш, унга амал қилиш вожиб деб эътиқод қилиш, Суннат улуғлаш ва амал қилиш вожиблигида Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда туради, у ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир, деб эътиқод қилиш ҳам у зотни улуғлаш ва ҳурматлаш қаторига киради. Аллоҳ таоло айтади: «У ўз нафси ҳавосидан гапирмайди. (Қуръон ҳам, Ҳадис ҳам) Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга туширган ваҳийдир» Нажм: 3-4).

У зотнинг ҳадисларини шубҳа остига қўйиш, ривоят йўллари ва санадларини саҳиҳ ё заиф деб санаш ёхуд маъноларини шарҳлаш фақат бу соҳада чуқур илм ва ҳофиза эгаси бўлган зотларгагина жоиз бўлади. Ҳозирги даврга келиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида жоҳилона журъат билан сўзловчилар кўпайган. Хусусан, ҳали таълимнинг дастлабки босқичларида бўлган ўспирин ёшлардан бу иш кўпроқ содир бўлади. Улар бир неча китобни кўрган бўлиб, ўзларича ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ҳукм қиладиган, ровийлар борасида илмсизлик билан фикр билдирадиган бўлганлар. Бу уларнинг ўзларига ҳам, умматга ҳам катта хатардир. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқсинлар, ўз ҳадларида турсинлар.

[1] Муттафақун алайҳ
[2] Абу Довуд ривояти
[3] Аҳмад ва Насоий ривоятлари

Изоҳ қолдиринг