Қабристон ерига тааллуқли масалалар (12)

0

45 – Қабрларга хизмат кўрсатиш

Иши одамларни қабрда ётганларга нисбатан ғулувга ундаш бўлган қабр хизматчиси ёки мутаваллиси, шу ишни юритувчи шахсга араб тилида «содин ал-қабр» – қабр хизматчиси деб айтилади. Бу касб билан шуғулланиш энг катта ҳаром ишлардан бўлиб, бунинг ортидан топилган мол ҳаром йўл билан ноҳақ эришилган мол саналади. Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр атрофида яшаш, унга яқин бўлишга интилиш ва қабрга ходимлик қилиш ҳаром ишлардандир»[1]. Бундай кимсаларга Аллоҳ таборака ва таолонинг ушбу ояти мос тушади: «(Эй Пайғамбар,) улардан кўпларини (ёлғон ва бўҳтон сўзлардан иборат) гуноҳу маъсиятларга, (Аллоҳнинг ҳукмларига) тажовуз қилишга, (одамларнинг молларини) ноҳақ ейишга ошиқаётганларини кўрасиз. Уларнинг бу қилмишлари (ва тажовузлари) нақадар ёмон иш!» (Моида, 62). Одамларни қабрларда ётган кишилар учун муайян ибодатлар қилишга чақирадиган, уларни Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, қабрларга атаб назр ва қурбонлик сўйиш каби ишларга тарғиб қиладиган қабр хизматчилари ва содинлари тоғутлардандир. Шайх Абдуллоҳ Або Батин айтади: «Тоғут атамаси Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча маъбудни, ботилга чорлайдиган ва уни чиройли кўрсатишга уринадиган барча залолат бошчиларини ўз ичига олади. Шунингдек, одамлар ўрталарида Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига зид бўлган жоҳилият қонунлари билан ҳукм чиқариш учун сайлаган барча ҳоким ва бошлиқлар ҳам тоғутлардир. Ундан ташқари тоғут тушунчаси коҳинлар ва сеҳргарларни, шунингдек, қабрдаги маййитларга ва улардан бошқа шахсларга сиғинишга чақирадиган, жоҳил кимсаларни адаштириш учун гўёки қабр эгаси унга илтижо қилган кишилар ҳожатини раво қилиши ва ҳоказо ишлар тўғрисида ёлғон ҳикоялар тўқийдиган, шу каби бўлмағур даъволар ва шайтоний амаллар билан одамларни қабрларга сиғинишга, улардан ҳожатини сўрашга тарғиб этадиган, натижада уларни катта ширк ва унинг таркибига кирувчи амаллар домига ташлайдиган бут-санам ходимларини ҳам қамраб олади. Албатта, мазкур тоғут турларининг энг бошида шайтон туради. У энг катта тоғутдир…»[2]. Қабр хизматчилари Аллоҳга куфр ва ширк келтиришга чақиришлари сабабли сўз ва амалда одамларнинг энг ёмонларидан саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз жоҳиллиги билан одамларни (ҳидоят йўлидан) буриб юбориш учун Аллоҳ номидан ёлғонлар тўқийдиган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Албатта, Аллоҳ таоло бундай золим кимсаларни тўғриликка муваффақ қилмайди» (Анъом, 144). Яна бундай кимсаларда, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек, «Одамларнинг молларини ноҳақ йўллар билан ейдиган, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган Лот, Уззо ва Манотнинг ходимларига ўхшашлик бордир. Қабрлар олдида ибодат билан машғул бўлувчи кимсаларда эса бут-санамларга ибодат қилишда жонбозлик кўрсатган мушрикларга ўхшашлик бор. Ҳунафолар имоми Иброҳим Халил алайҳиссалом уларга қарата айтган эди: «(Ўзларингиз ясаб олиб, кейин уларга) астойдил ибодат қилаётганингиз бу бут-санамлар нима ўзи?!» (Анбиё, 52); «(Иброҳим) деди: «Сизлар ҳам, сизлардан илгари ўтган ота-боболарингиз ҳам ибодат қилиб келган, (эшитмайдиган, фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиган) бу (бут)лар ҳақида фикр қилиб кўрдингларми? (Сизлар Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган) бу (бут)ларнинг ҳаммаси мен учун душмандир. Фақат бутун оламлар Рабби (ва подшоҳи бўлган бир Зот) бор(ки, мен Унгагина ибодат қиламан)» (Шуаро, 75-77). Шунингдек, қабрларга сиғинувчиларда Мусо алайҳиссалом ва қавмининг йўлидан чиққан одамларга ўхшашлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказиб қўйганимиздан сўнг, улар бутларига сиғинаётган бир қавм ёнидан ўтдилар…» (Аъроф, 138)»[3].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ қабр хизматчилигини касб қилиб олиш ҳақида сўралганида, қуйидагича жавоб берди: «Бу каби ишни касб қилиб олиш нопок ишлардандир, Аллоҳ ва Расули номидан ёлғон сўзлаб пул топадиганларнинг ишидандир, бут-санамларга хизматчилик қилиб, одамларни ширкка буюриб, эвазига ҳақ оладиганлар қилмишидандир. Мазкур ишлар ширкка сабаб бўладиган, чақирадиган, ширкнинг бир туридан бўлган ишлардан саналиб, улардан қайтарилгандир… Ким шу каби одамларни бидъатга буюриб, эвазига ҳақ олиб, нопок мол топадиган бўлса, бу пул унинг мулкига ўтмайди. Агар у молни эгасига қайтаришнинг имкони топилмаса, раҳбарлар ўша ботил йўл билан одамлар молини еган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган кимсадан у молни қайтариб олиб, кейин уни Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўладиган йўлда мусулмонлар фойдаси учун сарфлашлари керак бўлади. Шайтон йўлида сарф этилган мол олиниб, Раҳмон тоати йўлида сарфланади»[4].

«Улар бу иши учун ажру савобга эришмайдилар»[5].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ қабр хизматкорлари «тириклару ўликларга нисбатан Аллоҳнинг бандалари орасида энг ёлғончилари» эканини айтган[6].

Улар бу ишлари билан кофир, мушрик саналади. Чунки улар катта ширкка чақирадилар. Бу эса ўзлари ширк келтириб, бошқаларни ширкка даъват қилмаганларнинг гуноҳидан кўра улканроқ гуноҳдир.

Улар бу ишларидан Аллоҳ таолога тавба қилишлари, У Зотнинг азобидан қўрқиб, савобидан умид қилиб, бу қилмишларини ташлашлари вожибдир.

[1] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/267.

[2] «Мажмуъа ат-тавҳид» китобида (288, 289-бетлар) келтирилган Шайх Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Або Батин раҳимаҳуллоҳнинг рисоласидан. Шайх Муҳаммад Рашид Ризо раҳбарлиги остида нашр этилган. «Ал-манор» босмахонаси, Миср.

[3] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/158-159.

[4] «Мажмуъ ал-фатово», 27/109-111.

Азҳар фақиҳларидан бўлган Шайх Абдураҳмон ал-Жазирий айтади: «Вафот этиб кетган солиҳ кишилар учун аталган назр ва бошқа пуллар нопок мол экани ҳақида ҳанафий мазҳабининг айрим имомлари айтиб ўтган. Шунга ўхшаш бузуқ эътиқод билан мол-дунё топишни касб қилиб олган кимсалар ҳаром еётганларига барча иттифоқ қилган» («ал-Азҳар» журнали, 6-адад, 12-жилд, жумода ал-охира, 1360-ҳ.й., 332-бет).

[5] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок фойдаларидан.

[6] Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ. «Иғосат ал-лаҳфон мин масойид аш-шайтон», 1/198. Муҳаққиқ: Муҳаммад Ҳомид ал-Фақий раҳимаҳуллоҳ. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, иккинчи нашр, 1422-ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг