Бемор дўстимга мактуб (10)

0

Хаста биродарим! Қуйида Аллоҳ таолонинг китоби Қуръонда ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ворид бўлган айрим даво турларини келтирамиз, шулардан ўзингизга муносиб бўлганини, касалингиз турига қараб, қай бири дардингизга малҳам бўлса, шундан истеъмол қилинг!

Аллоҳ таборака ва таоло асал ҳақида бундай деб марҳамат қилган: “Асалда одамлар учун шифо бордир” (Наҳл, 69).

Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Укам қорин оғриғидан азият чекяпти”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга асал ичир”, дедилар. Иккинчи бор келганида ҳам: “асал ичир”, дедилар, учинчи бор келганида ҳам: “асал ичир”, дедилар. Шундан сўнг яна келиб: “Унга асал бердим, тузалмади”, деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ рост сўзлаган, укангнинг қорни алдаяпти. Унга асал бер”, дедилар. У яна асал берган эди, укаси соғайиб кетди” (Бухорий ривояти, 5684).

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо деди: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб айтганларини эшитдим: “Дориларингизнинг бирортасида яхшилик бўлса, ҳижомада, асал ичишда ва касалга мувофиқ келувчи ўт билан куйдиришдадир. Лекин мен куйдириб даволашни хуш кўрмайман” (Бухорий ривояти, 5683).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қорин оғриғидан шикоят қилган айрим кишиларга туянинг сути билан сийдигини ичишни тавсия қилганлари Имом Бухорийнинг саҳиҳида келган.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қора седана ўлимдан бошқа барча дардга даводир”, деганлар (Бухорий ривояти, 5688).

Оиша разияллоҳу анҳо касалга ва азадорга  талбина (ёвғон хўрда) беришга буюриб: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Талбина (ёвғон хўрда) касалга роҳат бўлади, уни тетиклаштиради ва айрим ғамларни кеткизади” (Бухорий ривояти, 5689).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижома қилдирганлар. У зотни Абу Тойба исмли киши ҳижома қилган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Тойбага икки соъ (чамаси 5 кг) егулик берганлар ҳамда хўжайинларига унинг хирожидан бир оз камайтиришни тайинлаганлар, “Сизлар даволанадиган нарсаларнинг энг яхшиси ҳижома ва қустул-баҳрийдир. Болаларингиз томоғидаги йирингни сиқиб уларни қийнаманг, қуст билан даволанг!” деб айтганлар” (Бухорий ривояти, 6596).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам васф этган ушбу даволардан қай бири сизга муносиб келишини билсангиз ўзингиз, билмасангиз биладиган кишилар тавсия қилганларини истеъмол қилинг. Шифони эса  Аллоҳдан сўранг. Зеро дард, мусибат ва балоларни кетказувчи ёлғиз Аллоҳдир.

Бу дегани касал бўлсангиз ўзингизни табиб ё дўхтирга кўрсатманг, дегани эмас. Ишончли ва моҳир табиб ё дўхтир бўлса, унга учраб, ҳолатингизни баён қилинг, сизни нима безовта қилаётган бўлса айтинг. Фақат табиб ё дўхтирнинг ишончли, ҳақиқатда мутахассис эканига эътибор беринг. Иложи бўлса диндорига, Аллоҳдан қўрқадиганига учранг. Аллоҳ таоло деди: “Ёлланган кишиларнинг энг яхшиси кучли ҳамда омонатдор кишидир” (Қасос, 26).

Яъни, мутахассислигида кучли, бажарадиган иши ва динида эса омонатдор.

Лекин, зинҳор-базинҳор сизга етган дардни, касалликни сўкманг!!!

Касаллик юқорида айтиб ўтганимиздек, гуноҳларга каффорат бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соиб исмли аёлга: “Иситма одамзотнинг гуноҳларини темирчининг босқони темир зангини кеткизганидек кеткизади. Шунинг учун иситмани зинҳор сўкмагин”, деганлар (Муслим ривояти, 2575).

Шунингдек, саратон (рак) касаллиги ҳақида ҳам: “Жуда ярамас, жирканч, малъун касал экан”, деб айтманг. Аллоҳ барчамизни  бу касалликдан сақласин. Саратон касаллиги ҳам гуноҳу камчиликларни кетказади, тозалайди.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал ётган аъробий кишини кўргани кирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари касал ётган биродарлари ҳолидан хабар олиб турар эдилар. Аъробийдан ҳол сўраб: “Ҳечқиси йўқ, иншааллоҳ яхши бўлиб кетасиз”, дедилар. Аъробий эса: “Яхши бўлиб кетасиз, дейсизми? Унақага ўхшамайди, ёндираётган бу иситма мен қарияни олиб бориб гўрга тиқса керак”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Майли унда, (сиз айтганча бўлақолсин)” дедилар (Бухорий, 5656).

Нафақат дардни, балки ўзингизни ҳам дуоибад қилманг.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ўзингизни, фарзандларингизни ва мол-дунёларингизни дуоибад қилмангиз. Тағин дуо қилинса ижобат бўладиган соатга тўғри келиб қолмасин” (Муслим, 18/33, Абу Довуд, 2/185 ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг