Эй иймон келтирганлар (13): Аҳли китобларга итоат қилмаслик

0

“Эй иймон келтирганлар, китоб берилган яҳуд ва насородан бир тоифасига итоат қилсангиз, улар сизларни иймондан сўнг кофирликка қайтаришади. Аллоҳнинг оятлари тиловат қилиниб турган ва орангизда Аллоҳнинг элчиси бўлган ҳолда қандай қилиб Аллоҳга кофир бўласиз?! Ким Аллоҳга суянса, тўғри йўлга муваффақ бўлибди” (Оли Имрон, 100-101).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло мўмин бандаларини дунё ва охиратда саодат топишлари учун яхшиликка буюриб, ҳасрат-надоматда қолмасликлари учун ёмонликлардан қайтариб, Аллоҳга бўлган муҳаббатларини, тоат ва ибодатларини зиёда қиладиган башоратлар бериб ва улар учун хатарли, оқибати ёмон ишлардан огоҳ этиб нидо қилади. Буни доим ёдда тутинг, асло унутманг! Чунки мўминлар Аллоҳдан қўрқсалар, Унинг дўстларига айланадилар. Аллоҳнинг дўстларига эса охиратда ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. Улар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам хурсанд қиладиган нарсалар башорати бор. Энг буюк бахт, энг катта ютуқ шудир.

Навбатдаги нидода Аллоҳ таоло мўминларни яҳуд ва насоролардан иборат аҳли китобларга итоат этмасликка чақирди. Агар улар меҳрибон Раббилари нидосига қулоқ солмай уларга итоат қилсалар, аҳли китоблар уларни иймон келтирганларидан сўнг кофирликка қайтаришади.

Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар эканига иймон келтирганлар, агар сиз: “китоб берилган яҳуд ва насородан бир тоифасига итоат қилсангиз”, булар Ислом ва мусулмонларга қаттиқ нафратда бўлган, Ислом нурини машриқу мағрибда кенг ёйилишини кўролмай, ғазаб ўтида ёнган тоифа бўлиб, сизга безаб, чиройли қилиб кўрсатаётган ботилларида ва махфий куфрларида уларга итоат қилсангиз, уларнинг Ислом ҳукмлари ҳақида сўзлаб, бу ҳукмлар демократия ва инсон ҳуқуқларига зид, ривожланишга тўсқинлик қилади ёки булар ўтмишда тўғри келар эди, аммо тараққиёт, технология ва космосни забт этган ҳозирги асримизга тўғри келмайди, ривожланишга тўғаноқ бўлиб, қолоқликка олиб боради, деган даъволар билан сизга ёмон кўрсатишга уринаётган Ислом ҳукмлари, ибодат ва одоб-ахлоқларини ёмон кўришда уларга эргашсангиз, улар сизни иймондан сўнг кофирликка етаклайдилар. Чунки улар Ислом ва мусулмонларга душмандирлар. Агар сиз улар безаб кўрсатаётган сўзларни тўғри деб ишониб қолсангиз, зоҳирда сизнинг фойдангизга ўхшаб кўринган, бироқ ботинида сизни хорликка туширадиган кўрсатмаларига амал қилсангиз, ҳақиқатда хор бўласиз, иймондан айриласиз. Шундай экан, ҳушёр бўлинг эй мўминлар, бу бебаҳо Қуръон насиҳатларига қулоқ солинг, уларга амал қилинг, шунда сизни алдаётган маккор душманингиз макридан омонда қоласиз. Бу маккор душман иззатга эришишингизни, қудрат соҳиби ва етакчи бўлишингизни асло хоҳламайди.

Оятдаги бу очиқ огоҳлантириш мўминлар учун маккор душман макр-ҳийласига қарши қўрғон ва буюк девор вазифасини ўтайди, агар билсалар. Юқорида сифати ўтган бу маккор душман нажот йўли Ислом дини эканини, улар мансуб бўлган яҳудийлик ва насронийлик эса дунёю охиратда зиён-бахтсизлик йўли эканини ич-ичидан ҳис қилгани учун Ислом ва мусулмонларга нафрат ва адовати кучлидир.

Бошлиқлик ва бойликни яхши кўриш ҳамда нафс-ҳавога қул бўлиш уларни Ислом динини қабул қилишдан тўсаётган энг катта омиллардандир. Чунки Ислом бу нарсаларни ҳаром қилади, улардан узоқ бўлишга чақиради. Шунинг учун ҳам улар ўз куфрларида маҳкам туришади, имкони борича мусулмонларни диндан чиқаришга тинмай ҳаракат қилишади.

Айрим шиа тоифасидагилар ҳам аҳли суннат вал-жамоатни ёмон кўришда ўша яҳуд ва насороларга ўхшаб кетади. Улар аҳли суннат кишиларини нажот йўлидан буриб, ўзларининг Абу Бакр, Умар, Усмон ва бошқа саҳобалар разияллоҳу анҳумни кофирга чиқариш, Қуръон маъноларини ва ҳадис шарифларни ботил йўлларига мослаб ўзгартиришга қурилган шиаликка чорлайдилар. Бу билан улар ёшларни шиалаштириб, ўзлари каби ҳалокатга гирифтор қилмоқчи, жаннатдан маҳрум этмоқчи бўладилар. Чунки мўминни кофирга чиқарувчи киши ўзи кофир  бўлади, энди Аллоҳ улардан Ўзи рози бўлганини Китобида нозил қилган саҳобаларни кофирга чиқарган тоифа ҳақида нима дейсиз? Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, мўминлар дарахт остида сизга байъат берган пайтларида Аллоҳ улардан рози бўлди” (Фатҳ, 18). Ҳудайбиядаги “Ризвон байъати” деб аталган байъатда бир минг тўрт юз саҳоба бўлиб, уларнинг бошида жаннат билан башорат берилган ўн саҳоба бор эди. Аллоҳ барчаларидан рози бўлган ва бунинг хабарини Қуръонда келтирган бўлса, пайғамбар вафотидан кейин улар кофир бўлиб кетишган, деб даъво қилиш Аллоҳ азза ва жаллага тухмат ва Аллоҳни ғайбни билмасликда айблашдир. Бу билан улар Аллоҳни бугун рози бўлиб, эртага ғазаб қиладиган инсонга ўхшатиб қўймоқдалар. Бу айни кофирликдир. Эй ўқувчи, огоҳ бўлинг!

Исломга душман бўлган яҳуд, насоро ва шиалар чорлаётган куфрга тушиб қолишдан сақловчи қўрғон эса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида келган: “Аллоҳнинг оятлари тиловат қилиниб турган ва орангизда Аллоҳнинг элчиси бўлган ҳолда, қандай қилиб Аллоҳга кофир бўласиз?!”. Оятнинг маъноси шундан иборат: Аллоҳнинг оятлари унга тиловат қилиниб турган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри йўлни кўрсатиб, ҳар қандай адаштирувчи фитналардан ҳимоя қилиб турган бир пайтда мўмин кишининг кофир бўлиб кетиши ўта қизиқ, ғалати ҳолатдир.

Мўмин киши учун ҳар қандай тойилишдан ва кофир бўлиб кетишдан тўсилиш Аллоҳнинг китобига ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиш билан бўлади.

Мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларини тирилтиришлари лозим, буни эса ўз шаҳар ва қишлоқларидаги масжидларда жамланиб, шом билан хуфтон намозлари оралиғида Қуръон ва ҳадислар ўрганиб, билганларига жидди-жаҳд, самимият ва садоқатла амал қилиш билан намоён қиладилар. Буни бир муддат эмас, бир умр қилсинлар, ҳеч ким, на эркак, на аёл ва на болалар қатнашмай қолмасин. Касал ёки касалга қаровчи бўлса, майли, бу узрлидир, аммо бошқалар қатнашсинлар. Ҳатто мусофир ҳам келиб тушган шаҳридаги масжидга борсин, шаҳар аҳли билан жамоат намозларини ўқисин, улар билан бирга Қуръон ўргансин, ҳадис эшитсин, билганига амал қилсин ва бошқаларга ҳам ўргатсин. Ана шунда улуғ мартабаларга эришади, бахт-саодат топади.

Оят охирида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига башорат бермоқдаки, ким Аллоҳга суянса, яъни Унинг китоби ва Расулининг суннатига эргашса, тўғри йўлга муваффақ бўлади, адашмайди ва бахтсиз бўлмайди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг