Қабристон ерига тааллуқли масалалар (13)

0

46Қабристонни эркаклар, аёллар ва болалар учун тақсимлаш

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Қабр эгаларини осонроқ таниб олиш учун қабристоннинг бир қисмини аёллар, яна бир қисмини эркаклар учун ажратиш жоизми?

Жавоб: Қабристон барча учун бирдек бўлиши машруъдир, шундай бўлишида осонлик ва енгиллик бор. Чунки билишимизча, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бугунгача мусулмонлар шундай қилиб келишган. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Бақеъ эркак ва аёллар учун муштарак қабристон ўлароқ қўлланилган.

Барча яхшилик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобалари разияллоҳу анҳум ҳамда эзгулик билан уларга эргашган кишилар йўлидан юришдадир»[1].

Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррокдан болаларни қабристоннинг бир тарафига қўйиш ҳақида сўрадим.

У киши қуйидагича жавоб берди: «Бу енгил масала. Чунки болалар қабрлари муайян сифатга эга бўлади. Афтидан, бу иш тартиб учун эҳтиёждан келиб чиқиб қилинади».

47 – Қабристонда дунёвий ишларни бажариш макруҳлиги

Марвазий айтади: «Абу Абдуллоҳдан – яъни Имом Аҳмаддан – сўрадим: “Бир киши ип йигириш билан шуғулланади ва қабристонга келади. Гоҳида ёмғирдан қочиб мақбара гумбази остига кириб ишлаб ўтиради. Шу ҳақда нима дейсиз?”

Шунда у киши (яъни Имом Аҳмад) гўёки бу ишни ёқтирмагандай: “Қабристонлар фақат охират иши учундир”, деди»[2].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ деди: «Ҳозирда қабристонда сув ва ичимлик сотиш иши ҳам Имом Аҳмаддан сўралган мазкур масалага ўхшаб кетади».

48 – Қабристон атрофини стадион, ўйингоҳ ва югуриш йўлаклари қилиб олиш

«Ал-ибдоъ» китобида айтилади: «Қабристон яқинини дам оладиган ва ўйнайдиган майдон қилиб олиш бузғунчиликдир.

Шунингдек, тавозеъ ва ибрат маконида, хафалик ва қўрқувга ҳақлироқ бўлган жойда ҳазил-мутойиба, ўйин-кулги ва қасидахонлик каби ишларни одат қилиб олиш ҳам шулар жумласидандир»[3].

Айрим кишилар соғликни сақлаш, тетикликни ошириш ёки вазн камайтириш мақсадида спорт билан шуғулланиш учун қабристон девори бўйлаб юриш ёки югуришни одат қилиб оладилар. Бу иш учун қабристон деворини танлашларига сабаб, у жойда айланиш асносида уйлар, ё савдо-сотиқ дўконлари қаршиларидан чиқиб халал бермайди. Бу ҳолат қалб қотиши, ғафлат, ўлимни эсламай қўйиш, қабрлар тўғрисида мушоҳада қилмаслик ортидан келиб чиқиши сир эмас.

Бундай кишилар юқорида айтилган сабабларга биноан мазкур жойлардан узоқлашиши, қалбларини тирилтирадиган нарсалар ила муолажа қилиши, уни яна ғафлат домига тушиб қолишидан сақлаши лозим.

Қабристонларни томоша қилиш ибрат олувчи кимса учун ибрат, фикр-мушоҳада қилувчи кимса учун мулоҳазадир. Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин.

Шайх Носир ибн Абдулкарим ал-Ақл айтади: «Бу иш бир қараганда эътиборни тортмаслиги мумкин, аммо ёмонликка элтадиган йўллар ва кўпинча содир бўладиган бидъатлар тарафидан олиб кўрилса, муаммоли масала экани равшан бўлади. Зеро, ботил эътиқодга сабаб бўладиган ҳар қандай ёмонлик бепарво ташлаб қўйилмайди. Мазкур эътибордан келиб чиқсак, қабристон атрофида айланиш тўғри эмаслиги кўринади. Чунки айланаётган кишида қабристон, қабрдаги маййитлар ёки ўлимга алоқадор бирор мақсад бўлмайди. У одамга оми-жоҳил кимсанинг, ёш боланинг, ажам кишининг кўзи тушади. Шунда улар бу иш шариатдан бўлган, ўликларга алоқадор иш экан деб ўйлаб қолишади. Одамларнинг тушунчалари жуда ҳам ғаройиб. Булардан ҳам ёмони ажам кимсалар бу иш араб диёрларида қилинадиган маросимлардан, деб ўйлаб, қабрлар атрофида айланишни одат қилиб олишади. Шунинг учун ҳам қабристон атрофида айланадиган биродарлардан бу иш учун боғлар, очиқ майдонлар каби бошқа жойларни топишларини сўрайман. Зеро, бу жуда хатарли шубҳа бўлиб, унга жиддий ёндошиш лозим»[4].

Валлоҳу аълам.

[1] Шайх Ибн Боз. «Мажмуъ ал-фатово», 13/212-213.

[2] Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ. «Китоб ал-вараъ», 63-бет, 204-масала. Муҳаққиқ: Самир аз-Зуҳайрий. «Мактаба ал-маориф» нашриёти, иккинчи нашр, 1421-ҳ.й.

[3] «Ал-ибдоъ», 174-бет.

[4] «Қоида жалила фит-тавассул вал-васила» китобининг овозли шарҳидан, «Спорт мақсадида қабристонни айланиш ҳукми» саволининг жавобидан олинди. Манба: Ислом Веб сайти (www.audio.islamweb.net).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг