Қабр ковлашга тааллуқли масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Қабр ковлаш ҳақида

49 – Қабр ковлаш фазилати

Абу Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бир маййитни ювса, сўнг унинг айбини яширса, қирқ марта мағфират этилади. Ким бир маййитни кафанласа, Аллоҳ уни жаннатнинг нафис ипак ва кимхоблари билан кийинтиради. Ким бир маййит учун қабр ковлаб, сўнг уни ўша қабрга кўмса, маййит учун то қиёмат кунигача яшайдиган бир уйни садақа қилган кишининг ажри миқдорича савоб унга ёзиб борилади”»[1].

Ибн Аллон: «Бу ҳадисда данф этиш ва кафанлаш фазилати баён қилинган», деди[2].

50 – Гўрковларнинг сифатлари

Ибн ал-Ҳож Моликий айтади: «Гўрков дин-диёнатли, омонатдор ва солиҳ кишилардан бўлиши керак. Унда мазкур сифатлар топилмаса, гўр ковлаётган жойида олдин кўмилган ўликларга тегишли қолдиққа дуч келиши, натижада уни жойидан қўзғатиши ёки синдириб қўйиши мумкин. Бундай қилиш эса жоиз эмас»[3].

Абу Довуд «Сунан»да «Гўрков суяк чиққан жойни тарк этадими?» деган сарлавҳали боб остида қуйидаги ҳадисни санади билан келтиради: «Амра бинти Абдураҳмон Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маййитнинг суягини синдириш тириклигида суягини синдириш билан баробардир“, дедилар»[4].

Яна айтади: «Гўрковлар қабр ковлаётиб суяк топиб олишса нима қилишлари кераклиги ҳақида сўралганида Аҳмад бундай жавоб берганини эшитдим: “Қазишни тўхтатади. Зеро, маййитнинг суягини синдириш уни тириклигида синдириш билан баробардир”»[5].

Шофеий айтади: «Маййитнинг суяклари чиқариб олинган тақдирда уни яна қайтадан кўмилишини хуш кўраман»[6].

«Қабр ковлаётган гўрков қиблани яхши билиши даркор… Шунингдек, қабрни маййитнинг бўйига мос тарзда кавлаши ёки бироз узунроқ қилиши керак. Токи маййит қабрига кирганида қисилиб қолмасин. Салафлар ва кейингилар шундай йўл тутишар эди»[7].

Гўрковлар қабрларга оид вожиб ва суннатлардан тўла хабардор кишилар бўлиши лозим.

51 – Қабр ковлашда ишлатиладиган анжомлар

Қабр ковлашда белкурак, кетмон, болта, лом каби маълум ва машҳур қўл асбобларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, асри саодатдан бери бугунгача қабр ковлашда ана шу асбоблардан фойдаланиб келинган. Мазкур асбобларга чекланиш қабрлар учун ҳам, қабристон ери учун ҳам, маййитлар учун ҳам бирдек манфаатлидир. Чунки оғир ускуналарни ишлатиш қабрларга зарар келтиради, чиройли суратда қазилишини таъминламайди, устига-устак қабристон ерини ҳам бузади. Агар ер тошлоқ бўлгани туфайли ёки бошқа сабабларга биноан қабр ковлаш учун оғир ускуналарга эҳтиёж туғилса, улардан фойдаланиш жоизлигини Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтган[8]. Шу билан бирга ён-атрофдаги қабрларга зиён етказмаслик шарт қилинади.

52 – Қабр ковлашда кофирларни ишлатиш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Мусулмонлар қабрларини кофирларга ковлатиш жоиз эмас. Айниқса, Араб Яриморолида. Чунки кофирларга ишонч йўқ. Шунингдек, уларни Араб Яриморолида қолдириш ҳам жоиз эмас. Уларни бу макондан узоқлаштириш чораларини кўриш вожибдир. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Араб Яриморолидан бирорта кофирни қўймай чиқариб ташлашга, у ерда мусулмондан бошқасини қолдирмасликка буюрганлар»[9][10].

[1] Ҳоким «Мустадрак»да (1/505, 1307-ҳадис) ривоят қилган ва: «Муслим шартига кўра саҳиҳ ҳадис», деган.

Табароний «ал-Кабир»да (1/315) «…қирқ гуноҳи кабираси мағфират этилади» деган лафз билан ривоят қилган. Байҳақий ҳам «Шуъаб ал-иймон»да (7/9, 8827) келтирган (Муҳаққиқ: Муҳаммад Зағлул. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1421-ҳ.й.).

Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (723-бет, 5256-ҳадис): «Ҳадис ровийлари «Саҳиҳ» (Бухорий ва Муслим)да ҳужжат қилинган кишилардир», деган. Ҳайсамий: «Ҳадис ровийлари «Саҳиҳ»нинг ровийларидир», деган («Мажмаъ аз-завоид», 3/114, 4066-ҳадис).

Ибн Ҳажар: «Ҳадис санади «қавий» (кучли)», деган («Ад-дироя фи тахриж аҳодис ал-ҳидоя», 1/230. Мусаҳҳиҳ: Абдуллоҳ Ҳошим. «Дор ал-маърифа» нашриёти). «Натоиж ал-афкор фи тахриж аҳодис ал-азкор» (4/373) китобида эса: «Ҳасан-ғариб ҳадис», деган (Муҳаққиқ: Ҳамдий ас-Салафий. «Дор Ибн Касир» нашриёти, иккинчи нашр, 1429-ҳ.й.).

Муновий: «Ҳадисни Ибн Жавзий «Мавзуот»да келтирди, бироқ тўғри қилмади», деган («Файз ал-қадир шарҳ ал-жомеъ ас-сағир», 6/240, 8877-ҳадис. («Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1415-ҳ.й.) Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (2/1093, 6403-ҳадис) «ҳасан» санаган.

[2] Ибн Аллон аш-Шофеий. «Далил ал-фолиҳин ли-туруқи риёз ас-солиҳин», 6/79. «Дор ал-китоб ал-арабий» нашриёти, нашр рақами ва йили кўрсатилмаган.

[3] «Ал-мадхал», 3/250-251.

[4] «Сунан Абу Довуд», 468-бет, 3208-ҳадис. Шунингдек, Имом Аҳмад («Муснад», 41/259, 24739-ҳадис), Ибн Можа (2/541, 1616-ҳадис) ривоят қилган, Нававий «Ал-мажмуъ»да (5/191-192) ҳадисни саҳиҳ санаган.

[5] «Масоил ал-Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ», Абу Довуд ривояти, 223-бет, 1053-рақам. Муҳаққиқ: Ториқ Иваз. «Мактабат Ибн Таймия», биринчи нашр, 1420-ҳ.й.

[6] Байҳақий. «Маърифат ас-сунан вал-осор», 5/335, 7753-рақам. Муҳаққиқ: Абдулмуътий Қалъажий. «Дор ал-ваъй» нашриёти, биринчи нашр, 1412-ҳ.й.

[7] «Ал-мадхал», 3/250-251.

[8] Қаранг: Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фи аҳком ал-жаноиз», 179-бет.

[9] Бухорий (3168) ва Муслим (20, 1638) ривояти.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/324, 16079-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг