Таҳорат: Ҳайз

0

Ҳайз, нифос ва истиҳоза

Биринчидан: ҳайз

Ҳайзнинг таърифи

Арабча «ҳайз» сўзи луғавий жиҳатдан «бирон нарсанинг оқиши» маъносини англатади[1]. Фиқҳий истилоҳда эса, балоғатга етган аёл кишининг бачадонидан маълум вақтларда оқадиган қонга айтилади[2].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳайз қони табиий қон бўлиб, касаллик, жароҳат, ҳомиланинг тушиши ёки туғиш каби сабабларга боғлиқ эмас. Шунингдек, у табиий қон бўлгани боис, аёл кишининг ҳолати, яшаш муҳити ва об-ҳавога қараб ҳайзнинг бошланиши ва муддати аёлларда кескин фарқланиши мумкин»[3].

Ҳайз қонининг тавсифи

Ҳайз қони бачадондан чиқади. Худди куйдирилгандек қорамтир қизил рангда бўлади[4].

«Ҳайз қони табиатан суюқ ва тезда қуюлмайдиган қон бўлиб, оддий қонлардан фарқли ўлароқ, ўзига хос ҳидга эга. У бачадондаги барча қон томирлари: артерия ва вена томирларидан ажралиб, бачадон деворидаги ҳужайралар билан аралашган ҳолда чиқиб келади»[5].

Ҳайз кўриш ёши

Аёлларда илк ҳайз келиши учун муайян ёш белгиланмаган. Чунки бу аёлларнинг табиати, яшаш муҳити ва об-ҳавога кўра ҳар бир аёлда турлича бўлиши мумкин.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, барча аёллар муайян ёшдан кейин ҳайз кўришни бошлаши, аёл киши ундан олдин ҳам, кейин ҳам ҳайз кўрмаслиги, ундан олдин ёки кейин келган қон ҳайз қони эмас, балки бирон касаллик туфайли келган қон экани хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Доримий бу борадаги ихтилофларни келтиргач, бундай дейди: «Менимча, бу гапларнинг барчаси хатодир. Чунки бунинг барчаси табиий қоннинг келган ёки келмаганига боғлиқ. Шундай қон қай ҳолатда, қай ёшда ва қай миқдорда келган бўлса ҳам, уни ҳайз деб эътиборга олиш вожибдир». Доримий айтган гап ҳақ гап. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни ихтиёр қилган. Аёл киши гарчи тўққиз ёшдан олдин ёки эллик ёшдан кейин бўлса ҳам, қачон шундай қон кўрса, ўша ҳайз қони бўлади. Зеро, Аллоҳ ва Расули ҳайз ҳукмларини мазкур қоннинг бор-йўқлигига боғлиқ қилган…»[6].

Ҳайз муддати

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир гуруҳ уламоларнинг айтишича, ҳайзнинг энг оз ёки энг кўп муддати учун кунлар билан белгиланган аниқ чегара йўқ».

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу Шайхулислом Ибн Таймия ихтиёр этган фикрдир[7]. Тўғри фикр ҳам шу. Зеро, Қуръон, суннат ва қиёс шунга далолат қилади»[8]. Сўнг шунга далолат қиладиган далилларни келтиради.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳайз сўзи ҳам шулар жумласидандир. Аллоҳ таоло Китоб ва суннатда бир қанча ҳукмларни унга боғлиқ қилган, унинг на энг оз муддатини, на энг кўп муддатини ва на икки ҳайз ўртасидаги поклик муддатини белгилаган. Ҳолбуки, бу масала бутун умматнинг иши тушадиган ва одамлар уни билишга эҳтиёжи бўлган масалалардан эди. Луғат ҳайз сўзини муайян миқдорга чекламаган. Ким бу хусусда бирон муайян муддатни белгиласа, албатта Қуръон ва суннатга хилоф иш қилган бўлади».

Шунга кўра, кўпчилик фуқаҳолар томонидан айтилган ҳайзнинг энг оз муддати бир кеча-кундуз, энг кўпи ўн беш кун ва шунга ўхшаш гаплар далилсиз гаплардир.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Айрим аёллар умуман ҳайз кўришмаса, баъзилар бор-йўғи бир неча соат ҳайз кўриб, сўнг покланишади»[9].

Икки ҳайз ўртасидаги поклик муддати

Кўпчилик фуқаҳолар икки ҳайз ўртасидаги поклик муддатини муайян кунлар билан чеклашган ва бу кунлар саноғида турлича фикр билдиришган. Тўғри фикрга кўра, икки ҳайз ўртасидаги муддатнинг энг ози ёки энг кўпининг аниқ чеки йўқ. Чунки буни кўрсатувчи бирон далил мавжуд эмас. (Юқорида келтирилган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг сўзига қаранг).

Ҳомиладор аёлнинг ҳайз кўриши[10]

Аслида ҳомиладор аёл ҳайз кўрмайди. Қуръони карим ва тажриба шунга далолат қилади.

  • Қуръон далолатига келсак, Аллоҳ таоло талоқ қилинган аёллар уч марта ҳайз кўриш муддатича идда сақлашини, ҳомиладор аёл эса ҳомиласи туғилиши билан иддаси тугашини маълум қилди. Агар ҳомиладор аёл ҳайз кўрганида у ҳам уч ҳайз муддатича идда сақлаши лозим бўлур эди.

  • Тажрибага келсак, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёллар ҳомиладорликни қон (ҳайз қони) тўхташи билан билишади». Албатта, бу сўз асл қоидага кўра айтилган сўз. Бироқ ҳомиладор аёл баъзан қон кўриши мумкин. Агар у қон кўрса, унинг ҳукми қуйидагича бўлади:

а) агар туғишдан қисқа муддат: бир ёки икки кун олдин қон кўрса ва ортидан тулғоқ тутса, у ҳолда бундай қон нифос қони ҳисобланади.

б) аммо туғишдан бирмунча олдин қон кўрса ёки туғишга яқин қон кўрса-ю, лекин ортидан тўлғоқ келмаса, у ҳолда бундай қон нифос қони бўлмайди. Тўғрироғи, у ҳайз қонидир[11]. Зеро, гарчи аксар ҳолатларда ҳомиладор аёл ҳайз кўрмаса-да, Қуръон ва суннатда аёл кишининг ҳомила асносида ҳайз кўришини ман қиладиган бирон далил келмаган.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳомиладор аёл баъзан ҳайз кўриши мумкин. Ҳомиладор аёл ҳайз кўриши мумкин деган фикр Имом Шофеийнинг мазҳаби, шунингдек, Байҳақийнинг нақл қилишича, Имом Аҳмаддан бир ривоят, балки бу фикр Имом Аҳмад қайтган (энг сўнгги) фикрдир»[12].

Шунга кўра, ҳомиладорлик пайтида кўрилган ҳайзга оид ҳукмлар ундан бошқа пайтда кўрилган ҳайзга оид ҳукмлардан фарқ қилмайди. Фақат бундан икки масала истисно қилинади:

Биринчиси: ҳомиладор бўлмаган ҳайз кўрган аёлни талоқ қилиш ҳаром бўлиб, бундай талоқ бидъат талоқ дейилади. Ҳомиладор аёлни, гарчи талоқ қилинган вақтда ҳайз кўрган бўлса ҳам, талоқ қилиш жоиздир.

Иккинчиси: «бошқа пайтда кўрилган ҳайздан фарқли ўлароқ, ҳомиладорлик вақтида кўрилган ҳайз билан идда тугамайди. Чунки ҳомиладор аёл, ҳомила асносида ҳайз кўрадими-йўқми, иддаси фақат ҳомиласини туғиши билан тугайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳомиладор аёлларнинг иддалари ҳомилаларини туғишидир»»[13] (Талоқ, 4).

Китобнинг собиқ нашрларида юқорида айтилган фикрни тўғрироқ деб билар эдим. Абу Умар Дибён ибн Муҳаммад ад-Дибён қаламига мансуб «Ҳайз ва нифос» китобини мутолаа қилганимдан сўнг, китобда келтирилган врачларнинг сўзларидан ҳомиладор аёл ҳайз кўриши мумкин эмас, у кўрган қон бирон томирнинг ёрилиши ёки касаллик ёки жароҳат натижасида чиқаётган бўлади, деган фикр тўғрироқ бўлиб кўринди. Шундай қилиб, ҳомиладор аёл ҳайз кўрмайди деган ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабининг фикри, шунингдек, Имом Шофеийнинг эски фикри тўғрироқ бўлиб чиқади[14].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Модомики қорнидаги охирги ҳомиласини туғмас экан, ҳомиладор аёл кўрган ҳар қандай қон ҳайз ҳам, нифос ҳам саналмайди»[15].

[1] «Ал-мажмуъ» китобида (2/341) «Ал-ҳовий» китоби муаллифидан шундай нақл қилинади: «Ҳайзнинг араб луғатида келган олтита номи бор. Уларнинг (биринчиси ва) энг машҳури ҳайздир. Иккинчиси «томс», учинчиси «ирок», тўртинчиси «заҳик», бешинчиси «икбор» ва олтинчиси «иъсор»дир».
Шунингдек, араб тилида ҳайз сўзининг  ўрнига «нифос» ёки «дарс» сўзлари ҳам ишлатилади.
[2] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 2/342.
[3] Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар), 5-бет.
[4] Нававий. «Ал-мажмуъ», 2/342.
[5] Доктор Муҳаммад Аҳмад Зирғом. «Ал-ҳақоиқ ал-илмийя фил-Қуръон ал-карим» (Қуръони каримдаги илмий ҳақиқатлар), 6-бет.
[6] Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар), 5-бет. Қаранг: «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/400.
[7] Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар), 7-бет.
[8] Ибн Усаймин. «Рисолатун фи ал-асмо аллати аллақа аш-шореъу ал-аҳкома алайҳо».
[9] Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/406.
[10] Қаранг: Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар).
[11] Кейинчалик ҳомиладор аёл ҳайз кўрмайди деган фикр тўғрироқ экани маълум бўлди. Бу фикр мавзу сўнггида баён этилган.
[12] Ибн Таймия. «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 59-бет.
[13] Ибн Усайминнинг «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар, 12-12-бетлар) китобидан баъзи ўзгартиришлар билан кўчирилди.
[14] Абу Умар ад-Дибён қаламига мансуб “Ҳайз ва нифос” (1/128-131-бетлар) китобидан нақл қилинди.
[15] Ибн Ҳазм. «Ал-муҳалло», 2/258, 264-масала.

Изоҳ қолдиринг