Дард ва даво (64): Гуноҳнинг касофати (24) Гуноҳлар бандани тубан қилади

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар инсонни олий мартабали банда даражасига кўтарилиш учун тайёр бўлиб турган жойидан тубан банда даражасига тушириб қўяди. Аллоҳ таоло бандаларни икки тур қилиб яратган: олий мартабали ва тубан даражали. Иллиюнни (жаннатни) олий мартабали бандалари учун, асфала софилинни (дўзахни) эса тубан даражали бандалари учун жой қилди. Тоат-ибодатдаги бандаларини дунё ва охиратда олий мартабали, гуноҳ-маъсиятга ботган бандаларини дунё ва охиратда тубан даражали этиб қўйди. Шунингдек, тоат-ибодатли бандаларини Ўзининг ҳузуридаги энг обрўли, гуноҳкор бандаларини эса энг ҳақир бандалар деб эътибор қилди. Азизликни мана буларга (тоат-ибодатли бандаларга), хорлик ва тубанликни эса анавиларга (гуноҳкор бандаларга) берди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Хорлик ва тубанлик буйруғимга хилоф иш тутганларга битилди[1].

Банда бир гуноҳга қўл урса, гуноҳи сабабли мартабаси бир поғонага тушади. Гуноҳ қилишда бардавом бўлаверса, мартабаси ҳам тушиб бораверади ва охири энг тубан бандалар қаторидан ўрин олади. Аксинча, бирон тоат-ибодатни бажарса, шу сабабли мартабаси бир поғонага кўтарилади. Тоат-ибодат қилишда бардавом бўлаверса, мартабаси ҳам кўтарилиб бораверади ва охир-оқибат олий мартабали бандалар қаторига киради. Баъзан инсон ҳаёти давомида бир жиҳатдан кўтарилиши ва бир жиҳатдан тушиши мумкин. Қай бири кўп бўлса, ўша турдан ҳисобланади. Масалан, (мартабада) юз поғонага кўтарилиб, бир поғонага тушган инсон билан аксинча иш тутган банда сира бирдек бўлмайди.

Шу ўринда хаёлга ўта нотўғри бир тушунча келади. (Яъни битта гуноҳ қилиш ила бир поғонага тушсам, ортидан битта тоат-ибодат қилиб қайта ўша поғонамга кўтарилиб оламан, деган тушунча.) Чунки банда гоҳида бир тушишда машриқ билан мағриб, осмон билан ер ўртасидаги масофадан ҳам узоқроқ масофага тушиб кетиши мумкин. Энди минг поғона кўтарилса ҳам шу биргина тушиш ўрнини тўлдира олмайди. “Саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Банда эътибор бермай биргина сўзни айтадида, шу сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан ҳам узоқроқ масофага дўзахга тушади[2]. Айтингчи, бундай тушишни қайси кўтарилиш ўрнига келтириши мумкин?!

Тушиш (гуноҳ қилиш сабабли мартабанинг тушиши) одам боласининг ажралмас хусусиятидир. Бироқ баъзи инсонлар фақат ғафлат даражасига тушади. Бу тур инсон қачон ғафлатидан уйғонса олдинги даражасига ёки ундан ҳам юқорироқ мартабага қайта кўтарилади. Бу иш унинг қанчалар ғафлатдан уйғонишига боғлиқ.

Баъзи инсонлар мубоҳ-ҳалол нарсани тоат-ибодатга сарфламаслик даражасига тушади. Бу турдаги инсон қачон тоат-ибодатга қайтса, олдинги мартабасига қайтиши ҳам, қайтмаслиги ҳам ёки ундан ҳам юқорироқ мартабага кўтарилиши ҳам мумкин. Чунки у қайтса, ё олдингидан кўра ҳимматилироқ, ё олдингидан кўра ҳиммати камроқ, ё ҳиммати олдингидек бўлиб қайтади.

Баъзи инсонлар эса ё кичик, ё катта гуноҳ даражасига тушади. Бундайлар олдинги мартабасига қайтиши учун чин ва холис тавба-тазарруга муҳтож бўлади.

Тавба гуноҳ асоратларини ўчириб, уни худди йўқдек, бўлмагандек қилади деган фикрга биноан бу тур инсон олдинги мартабасига қайта олади деб айтамизми ёки тавба гуноҳга бериладиган жазо-уқубатни аритади холос, деган фикрга биноан инсон қўлдан бой берган маратабасига қайта эришолмайди, деб айтамизми? Ушбу масала хусусида уламолар турлича фикр билдиришган.

Бир гуруҳ олимлар бундай деган: “Ушбу масалага қуйидагича ойдинлик киритириш мумкин: гуноҳ сабабли мартабаси тушган инсон гуноҳ қилишга сарфлаган вақтини тоат-ибодат билан ўтказиб, мартабасини янада кўтариши мумкин эди. Банданинг шу пайтгача қилиб келган солиҳ амаллари билан кўтарилишини худди ҳар куни қўлидаги барча мол-мулки ила даромад топган инсонга ўхшатиш мумкин. Қўлидаги (тижоратга тиккан) мол-мулки кўпайган сари ундан оладиган даромади ҳам катталашиб бораверади. Энди у гуноҳ учун вақт сарфлаган пайтида солиҳ амаллари йиғиндиси ила кўтарилиш ва фойда олишдан қуруқ қолади. Агар қайтадан тоат-ибодатни бошласа, тушган еридан кўтарилишни бошлайди. Олдин эса бундан тепароқдан кўтарилаётган эди. Бу икки ҳолат ўртасида катта фарқ бор.

Шунингдек, бу икки ҳолатни ниҳоясиз икки нарвонда тенг кўтарилиб бораётган икки кишига ўхшатиш мумкин. Агар улардан бири бир поғонага пастга тушиб, сўнг яна кўтарилишни бошласа, албатта тушмасдан кўтарилиб бораётган шеригидан ортда қолади, шериги ундан ўзиб кетади”.

[1] Аҳмад, 2\50 (5115); Ибн Абу Шайба, (19394); Абд ибн Ҳумайд, (846) ва бошқалар ривоят қилишган.
[2] Бухорий, (6477) ва Муслим, (2988).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг