Ҳайит кунининг одоблари

0

Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Азиз биродарлар, авваламбор, келаётган қурбон ҳайити барчангизга муборак бўлсин! Аллоҳ таолодан қилган барча солиҳ амалларимизни мақбул айлашини тилаган ҳолда ҳайит куни ҳамда унга тегишли баъзи одоблар ва суннат амалларни баён қилиб ўтмоқчимиз.

Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланиб, ўн учинчи кунига қадар давом этади. Бу кунлар хурсандчилик, еб-ичиш ҳамда Аллоҳни зикр қилиш кунларидир. Зеро, биз мусулмонларни кофирлардан ажратиб турадиган ишлардан бири ҳатто байрамларимизни ҳам Аллоҳни зикр қилиб, тоат-ибодат билан ўтказишимиздир.

Қурбон ҳайити ҳижратнинг биринчи йилида шариатимизда байрам деб эътиборга олинди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳолиси бир йилда икки кунни байрам қилиб нишонлар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунлар ҳақида сўраганларида саҳобалар: “Биз жоҳилиятда шу икки кунда ўйин-кулги қилар эдик”, дейишди. Шунда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло уларнинг ўрнига бошқа икки кунни: қурбон ва фитр кунларини сизларга байрам қилиб берди”, дедилар (Абу Довуд Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ҳайит кунининг одоблари ва у кундаги суннат амаллар қуйидагича:

1) Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, энг яхши кийимларни кийиш ва хушбўйликлар сепиш. Атир сепиш фақат эркакларга тегишлидир. Чунки Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам аёлларни кўчага атир-упа сепиб чиқишдан қайтарганлар;
2) Рамазон ҳайитида киши намозга чиқишдан олдин бир-неча (тоқ сонли) хурмо ёки бирон нарса ейиши мустаҳаб бўлса, қурбон ҳайитида намоздан қайтиб келгунича ҳеч нарса емаслиги, намоздан қайтганидан сўнг эса ўз қурбонлигидан тановул қилиши мустаҳабдир;
3) Ҳайит куни такбир айтиш: Ибн Умар разияллоҳу анҳумо рамазон ва қурбон ҳайитида намозгоҳга келгунича, намозгоҳга келганидан кейин имом минбарга чиққунича такбир айтар эди (Дорақутний ривояти);
4) Токи байрам кайфияти барчада намоён бўлиши учун мусулмонларни байрам билан табриклаш ва болаларга ҳайитлик улашиш;
5) Намозга борганда бошқа йўлдан, қайтганда бошқа йўлдан қайтиш;
6) Ота-онани зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олиш;
7) Қариндошлар, ёру биродарларни зиёрат қилиш, агар иложи бўлмаса телефон орқали бўлса ҳам, уларни ҳайит билан табриклаб қўйиш;
8) Номаҳрам аёлларга аралашиб кетмаслик;
9) Номаҳрамлардан кўзни тийиш;
10) Агар имкони бўлса шаҳар ташқарисида намозгоҳ ташкил қилиб, ҳайит намозини ўша ерда ўқиш;
11) Аёллар, ҳатто узрли бўлганлари ҳам ва ёш болаларнинг ҳайит намозига қатнашиши;
12) Қурбон ҳайити куни қуёш чиқиб, найза бўйи кўтарилганидан кейин икки ракаат намоз ўқилади ва бу намоз ҳайит намози дейилади. Ҳайит намозини ўқиш ҳанафий мазҳабида вожиб, бошқа мазҳабларда эса суннати муаккададир. Ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намоз ўқилмайди.

Эслатма:

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳайит кунлари хурсандчилик кунлари ҳисобланади. Бу кунларда қабристонларга бориб, вафот этганларни эслаб ғамгин бўлиш нотўғри, бидъат амалдир. Зеро, салафи солиҳларимиздан ҳеч ким ҳайитда қабристонга ёки яқин орада ўлик чиқарган хонадонларга бориб, ўтганлар ҳаққига фотиҳахонлик қилгани ривоят қилинмаган. Қолаверса, бу иш байрам кунида уларнинг яраларини янгилаш, дилларига қайғу солишга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло ҳайит байрамини барчамизга муборак қилсин! Бу қутлуғ кунларни Аллоҳга янада яқинлаштирадиган, мусулмонлар ўртасида ўзаро биродарлик ва меҳр-шафқат ришталарини мустаҳкамлайдиган солиҳ амаллар билан ўтказишни насиб этсин!

وَآخِر دَعْوَانَا أَنْ الْحَمْد لِلَّهِ رَبّ الْعَالَمِين

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг