Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (13)

0

Энди ўта муҳим бўлган бир масалани – “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг талаб ва тақозолари масаласини учта алоҳида йўналишдан кўриб чиқайлик. Пировардида ҳаммаси бир нуқтада жамланади.

Биринчидан: агар талаб этилган нарса бор-йўғи тасдиқлаш ва эътироф этишдан иборат бўлса, ёки фақатгина тасдиқлаш ва эътироф этишнинг ўзи дунёда ҳам, охиратда ҳам кишининг мусулмон саналиши учун кифоя бўлса, бу дин ўзининг асосий мақсадларини адо эта оладими?

Иккинчидан: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозоларини татбиқ этиш йўлидаги сай-ҳаракатларни ўз ихтиёрларидан келиб чиқиб қилганмилар? Уларга бу амал вожиб эмасмиди?

Учинчидан: одамзот ҳаёти воқелигида инсон бир нарсага ишониши ва эътиқод қилиши, бироқ унинг барча ишлари ўша ишонч-эътиқоди талабларига тамоман зид бўлиши мумкинми?

Масалани биринчи йўналишдан бошласак. Савол: Нима учун Аллоҳ таоло башариятга пайғамбарлар юборади ва нима учун пайғамбарлар билан бирга рисолатларни туширади?

Бу ўта муҳим масалага ўз-ўзимизча жавоб қилмаймиз. Зеро бундай муҳим масалада ҳеч ким ўзича жавоб қилиши тўғри бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло бунга жавобни Ўзининг ҳеч қайси тарафидан ботил яқинлашолмайдиган китобида бериб қўйган:

Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз….” (Нисо, 64).

Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китобни ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарозини туширдик. Яна Биз темирни туширдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ Уни кўрмаган ҳолларида Унинг динига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Ал­батта Аллоҳ кучли, қудратлидир” (Ҳадид, 25).

Сўнгги рисолат ҳақида баҳс юритишдан олдин Одам ва Нуҳ алайҳимассалом даврларидан то Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларигача бўлган бутун рисолатлар ҳақида сўз юритган мазкур икки оятни тадаббур қилиб кўрайлик.

Биринчи оят Аллоҳ томонидан пайғамбарлар юборилиши фақат тасдиқлаш ва эътироф этиш учунгина эмаслигини билдиради. Акс ҳолда, ҳар қандай инсон: “Менга пайғамбарнинг хабари келди ва мен унга ишондим” дейиш билан қутулиб кетади. Аслида, менга пайғамбарнинг хабари келди, унга ишондим ва итоат этдим, дейиши керак. Шундагина унга юборилган пайғамбарнинг чақириғига ижобат қилган ва пайғамбар юборилишдан бўлган мақсадни рўёбга чиқарган бўлади.

Иккинчи оят эса ана шу мақсад ва ғояни баён қилади ва аниқ белгилайди. Мақсад эса инсонлар ҳаётини адолат билан юргизишдир. Бу лўнда ва мукаммал, қисқа ва умумий иборадир. Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар уни жуда аниқ қилиб, инсоннинг ҳавои нафсига ўрин қолдирмайдиган шаклда батафсил шарҳлаган. Сабаби, адолатни белгилаш вазифаси инсонларнинг хоҳиш-истакларига топшириб қўйилса, ҳамма нарса фасод бўлади: “Агар ҳақ уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди, еру осмонлар ва улардаги бор жонзот бузилиб, ҳалок бўлган бўлур эди” (Мўминун, 71).

Бу оят тақозоси шуки, пайғамбарларни юбориш ва китобларни нозил қилишдан мурод фақатгина етказиш ва билдириб қўйиш эмас, балки инсонлар ҳаётида воқеий-амалий ғояни рўёбга чиқаришдир. Ғоя эса Аллоҳнинг шариатини ва қонунини татбиқ этишдан, одамларни шу шариат ва қонунга бўйсундиришдан иборатдир. Чунки одамларни адолат билан ҳукм юритишга олиб борадиган ягона йўл шудир. Демак, тасдиқлаш ва эътироф этишдан кейин амал қилиш деган нарса ҳам бор экан. Пайғамбарлар юбориш ва китоблар нозил қилишдан кўзда тутилган мақсад бундан бошқаси билан ҳаргиз амалга ошмайди. Акс ҳолда, дин воқеликда сармояси бўлмаган қуруқ шиорларга ёки фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган, одамлар ҳаётида ҳеч нарсани ўзгартира олмайдиган хомхаёлларга айланиб қолади. Оятдаги темир ва кучга ҳамда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ёрдам бериш лозимлигига бўлган ишора одамлар адолатни барпо этишлари учун талаб қилинган амаллар ичида Аллоҳ йўлидаги жиҳод борлигига ёрқин далилдир.

Демак, бу маъно Одам ва Нуҳ алайҳимассаломдан тортиб то Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламгача барча рисолатларда мавжуд экан. Охирги рисолатнинг ўзига хос, аввалги рисолатларда бўлмаган қўшимча таклифлари бор.

Изоҳ қолдиринг