Қабр ковлашга тааллуқли масалалар (2)

0

53 – Гўрковлик учун ҳақ олиш

Жумҳур уламолар қабр ковлаш учун ҳақ олиш жоиз эканига иттифоқ қилишган[1].

Гўрковларга хизмат ҳаққи маййитнинг молидан берилиши жоиз. «Доимий фатво қўмитаси» фатвосида айтилади: «Чунки гўрковга бериладиган хизмат ҳаққи маййит молидан берилиши ва бошқа ишлардан олдин бажарилиши керак бўлган ишлардандир»[2].

Ҳофиз Абул-Ҳасан ибн Қаттон айтади: «Дафн этишга кетадиган харажат эркак маййитнинг молидан сарфланиши вожиб эканига уламолар иттифоқ қилишди. Мол-мулк мерос қолдирган аёл борасида эса ихтилофлашдилар»[3].

Имом Бухорий айтади: «Иброҳим деди: “Аввало кафан олинади, кейин қарз тўланади, сўнг васият бажарилади”. Суфён: “Қабр ковлаш ва маййитни ювиш ҳаққи ҳам кафанлаш жумласидан”, деди»[4].

Шайх Ибн Боз айтади: «Маййитни дафн этишга ҳозирлаш иши қарздорлар ва меросхўрлар масаласидан аввал бажарилади. Маййит исрофга йўл қўймасдан ҳозирланади, бир, икки, ё уч кийим билан кафанланади, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда муносиб суратда хушбўйланади. Кейин қарзларини тўлашга ўтилади… Шунингдек, Суфён айтганидек, қабр ковлаш ва ювиш хизмат ҳаққи ҳам кафан харажати остига киради. Чунки маййитни ҳозирлашга кетадиган харажат бошқа ишлардан муқаддам қўйилиши лозим»[5].

Яна бошқа ўринда: «Меросдан энг аввало кафан қиймати, ғассол ва гўрковнинг хизмат ҳаққи ва шу каби маййитни дафнга ҳозирлаш учун кетадиган харажатлар қопланади», деди[6].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдураҳмон Қурроъа айтади: «Шариат кўрсатмасига биноан мерос молидан аввало маййитни дафн этишга ҳозирлаш ва кафанлаш учун сарфланиши, бунда ҳаддан ташқари исрофга ҳам, зиқналикка ҳам йўл қўйилмаслиги лозим. Шунга ўхшаш бошқа ишлар ҳам кафанлаш ва ҳозирлаш жумласига киради»[7].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши эҳромдалик ҳолида туясидан йиқилиб бўйни синди ва вафот этди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни сув ва сидр билан ювинглар, иккала кийимига кафанланглар. Бошини ҳам, юзини ҳам ўраманглар. Зеро, у қиёмат куни талбия айтган ҳолида тирилтирилади”, дедилар»[8].

Шайх Саъдий мазкур ҳадисдан олинадиган аҳкомлар ҳақида сўзлар экан, шундай дейди: «Аҳкомлардан яна бири, кафан маййитнинг молидан бўлиши вожиблиги, бошқа ҳар қандай ишга қўл уришдан, ҳатто қарзни ўташдан ҳам аввал шуни бажариш лозимлигидир. Чунки у зот: “…Уни иккала кийимига кафанланглар”, дедилар. Маййитнинг қарзи бор-йўқлигини суриштириб ўтирмадилар. Усулий қоида қуйидагича: “Эҳтимолий ўринда тафсилот айтилмаса (масала) умум даражасига қўйилади”. Бу қоидани Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтган, усулийлар у кишидан олишган. Чунки Шофеий раҳимаҳуллоҳ бу фанда машҳур бўлган.

Шундай қилиб, инсон вафот этса, қуйидаги тартибга кўра ундан қолган меросдан тўрт нарса бажарилади:

Биринчиси, маййитни дафнга ҳозирлаш учун кетадиган сарф-харажатлар. Бу иш маййит учун заруратлардан саналгани туфайли қолган барча ҳуқуқлардан муқаддам қўйилади.

Кейин Аллоҳ ёки одамларнинг қарзлари чиқарилади. Бундай қарзлар ичидан эвазига гаров қўйилганлари биринчи навбатда адо этилади.

Сўнг меросхўрлардан бошқаларга қилинган молнинг учдан бири ёки ундан камроқ миқдордаги васиятлар бажарилади. Агар васият мероснинг учдан биридан кўпроқ бўлса ёки меросхўрлардан бирига васият этилган бўлса, у ҳолда бундай васият қолган меросхўрларнинг рухсати билангина амалга оширилади.

Ва ниҳоят меросхўрларнинг ҳақлари берилади. Бу ҳуқуқларнинг тўртинчисидир»[9].

Шайх Абдуллоҳ ал-Жибрин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар маййитнинг мол-дунёси бўлмаса, мазкур сарф-харажатлар маййит тириклик чоғида унга нафақа қилиши вожиб бўлган кишилардан олинади. Чунки ўлимлик харажати ҳам нафақа қабилидандир… Мисол учун қул, чўри, мукотаб, умму валад каби инсоннинг қўл остидаги кишилардан бири вафот этса, унинг ўлимлик харажатини хожаси кўтаради. Чунки айтиб ўтилганидек, уларни дафнга тайёрлаш иши ҳам нафақадан саналади… Агар маййитнинг молидан олиш имкони топилмаса, меросхўрлар ҳам фақир кишилар бўлса ёки маййитнинг бирорта қариндоши бўлмаса, харажат мусулмонларнинг байтул-молидан қопланади. Чунки мусулмонларнинг раҳбари валийсиз кишиларга валий ўрнида бўлади. Агар байтул-молдан ҳам олишнинг иложи бўлмаса, ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларга бу иш умумий вожиб бўлиб, уларнинг зиммаларида фарзи кифоя саналади… Бир мусулмон маййитни ўзидан бошқа ҳеч кимса дафнга ҳозирламаслигини билган ёки катта эҳтимол билан шундай гумон қилган киши ўша маййитнинг ўлимлик харажатларини кўтариши вожиб бўлади. Чунки бу иш унинг ҳаққида худди бошқа фарзи кифоя амаллар каби мажбуриятга айланади»[10].

54 – Агар маййит бошқага аталган қабрга дафн этилса, ковлаш харажати тўланади

Саномий ал-Ҳанафий айтади: «“Ал-фатово ал-хонийя” китобининг “Ал-ҳазр вал-ибоҳа” бобида келади: Бир киши маййитини дафн этиш учун ўзига тегишли бўлмаган ерда қабр ковласа, сўнг у жойга бошқа маййит дафн этилса, қабр қайта очилмайди, маййит чиқариб олинмайди. Бироқ у одам бошқа жойдан янги қабр ковлаши учун қабр ковлашга кетган харажат тўлаб берилади»[11].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Аҳмад Ҳаридий айтади: «Агар бошқа киши учун ҳозирланган қабрга дафн этилса, шариатга кўра ковлашга кетган харажат қоплаб берилади. “Ал-исъоф фи аҳком ал-авқоф” китобида айтилади: “Агар бир киши ўзининг мулки ҳисобланмаган, бироқ қабр ковлашга рухсат берилган ерда қабр ковласа, сўнг у жойга бошқа маййит дафн этилса, маййит қабрдан ковлаб олинмайди. Бироқ иккала инсоннинг ҳам ҳақлари зое кетмаслиги учун ковлашга кетган харажат тўланади”»[12].

Валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: «Равзат ат-толибин», 4/262;

Алоуддин ал-Косоний. «Бадоеъ ас-саноеъ фи тартиб аш-шароеъ», 6/12-13. Муҳаққиқ: Муҳаммад Томир. «Дор ал-ҳадис» нашриёти, 1426-ҳ.й.;

Ибн Муфлиҳ. «Ал-фуруъ», 3/363;

Абул-Баракот ад-Дардир ал-Моликий. «Аш-шарҳ ал-кабир ало мухтасари Халил», 1/296. Текширувчи: Камолиддин Қори. «Ал-мактаба ал-асрийя» нашриёти, 1429-ҳ.й.да нашр этилган.

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/351, 7912-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.

[3] Абул-Ҳасан ибн ал-Қаттон ал-Моликий. «Ал-иқноъ фи масоил ал-ижмоъ», 1/185, 1023-масала. Муҳаққиқ: Ҳасан Саийдий. «Дор ал-форуқ» нашриёти, биринчи нашр, 1424-ҳ.й.

[4] «Саҳиҳ ал-Бухорий», «Молнинг барчасини кафанга сарфлаш» боби.

[5] «Ал-фавоид ал-илмийя мин ад-дурус ал-Бозийя», 5/324. Тақдим этувчи: Шайх Солиҳ ал-Фавзон. «Дор ар-рисола ал-оламийя» нашриёти, биринчи нашр, 1430-ҳ.й.

[6] «Мажмуъ ал-фатово», 20/213.

[7] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1389, 661-фатво.

[8] Муслим, 2/866, 98 ва 1206-ҳадис.

[9] Шайх Абдураҳмон ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳу умдат ал-аҳком», 1/509-510. Муҳаққиқ: Анас Ақил. «Дор ан-наводир», биринчи нашр, 1431-ҳ.й.

[10] Шайх Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ал-Жибрин. «Тасҳил ал-фиқҳ», 5/394–396. 5304, 5305, 5307, 5308 ва 5309-масалалар. «Мадор ал-ватан» нашриёти, биринчи нашр, 1436-ҳ.й.

[11] «Нисоб ал-иҳтисоб», 178-бет.

[12] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 7/2428, 1044-фатво.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг