Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг ташқи кучларга қарши курашдаги сиёсати

0

Арабистон яриморолига тобора кенг ёйилиб бораётган Ислом давлатининг шон-шавкати унга бўйсунишни истамаган қавму қабилаларни қўшни Рум ва Форс давлатларига бош уришга мажбур этганди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, ўша қабилалар фурсатдан фойдаланиб қолиш ва икки катта давлатнинг қўллаб-қувватлаши остида Ислом давлатига қарши урушиш ҳақида ўйлай бошладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ташқи кучлар хуружига йўл қўймаслик учун тезлик билан Усома ибн Зайд бошчилигидаги қўшинни Рум (Византия) давлатига тобе Шом диёрига йўллади. Ушбу ҳарбий ҳаракат Ислом давлатига душманлик руҳидаги қабилаларни унга қарши уруш бошлаш фикридан қайтишга мажбур этди. Кўп ўтмай Сиддиқ разияллоҳу анҳу Холид ибн Саид ибн Ос бошчилигида Шомнинг Ҳамқатайн ўлкасига, Амр ибн Ос бошчилигида Табук ва Давматул-жандалга, Ало ал-Хазрамий бошчилигида Баҳрайнга, Мусанно ибн Ҳориса Шайбоний бошчилигида Жанубий Ироққа қўшинлар йўллади. Мусулмонларга қарши урушиш мақсадида йўлга чиққан, Форс давлатига тобе Шимолий Ироқ насронийларидан бўлган тамимлик Сижоҳ (пайғамбарлик даъво қилган саркарда аёл) мусулмонларнинг куч-қудратини кўргач, Ироққа қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Мусулмонлар Абу Бакр Сиддиқ раҳбарлиги остида ташқи душманларга қарши ўта огоҳ ва хушёр эдилар. Улар давлатнинг шимолий чегараларини диққат билан қўриқладилар, шарқдан ғарбга қараб Форс ва Румга чегарадош шимолий чегаралар давомий мусулмон қўшинлар назорати остида бўлди.

Форс (Эрон) давлати ишлар мусулмонларнинг зарарига айланишидан умидвор эди, заҳарли илон каби ҳужумга пайт пойлаб ётарди. Форсликлар исломий кучлар ўз қаршисига чиққан ҳар қандай зулму туғён кучларини эзиб-янчиб йўлида давом этаётганини кўриб туришарди. Айрим араб қабилаларининг Исломдан қайтиб, муртад бўлиши форсликлар қалбида умид учқунини ёқди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Бакр ибн Воил қабиласи вакиллари форс ҳукмдори Кисро ҳузурига бош уриб келиб, Баҳрайн вилоятини ўз давлатига қўшиб олишини сўрашганида у бу таклифни хуш қабул қилди ва Мунзир ибн Нўъмонни етти минг кишилик форс қўшинига бош қилиб, мусулмонларга қарши урушда уларга ёрдам бериш учун юборди. Қолаверса, форсликлар Мусайлима каззобнинг ҳам мусулмонлар устидан ғалаба қозонишидан умидвор эди. Каттагина қўшинга бош бўлиб Шимолий Ироқдан Арабистон яриморолига йўл олган Сижоҳнинг ортида ҳам шубҳасиз, Форс империясининг қўллаб-қувватлаши турар эди.

Рум (Византия) давлатининг Ислом давлатига муносабати бундан ҳам очиқроқ ва таҳликалироқ эди. Рум анча тараққий этган, мафкура, ақида ва қонун-қоидаларга эга давлат эди. Қудратли қўшинга ва кўп миқдорда қурол-яроғга эга эди. Иттифоқчилари ва ёрдамчилари ҳам етарлича эди. Рум ҳукумати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга мактуб йўллаган пайтдан бошлаб мусулмонларга қарши курашиш йўлларини ахтаришга киришган, натижада Муъта ва Табук урушлари содир бўлган эди. Бу урушлар  уларга Ислом давлатини осонликча енгиш ва йўқ қилиб ташлаш ёки мусулмонларни сотиб олиш мумкин эмаслигини воқеда кўрсатиб қўйган эди. Шунингдек, бу урушларда мусулмонлар ҳам шомлик насроний арабларнинг ўз диндошлари бўлмиш румликларга муҳаббатини ва уларни жон-жаҳди билан қўллаб-қувватлашини кўрдилар. Табук ғазотидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари Румга тобе Шом амирлари билан тузган битимлар мавжуд бўлишига қарамасдан Рум ҳукумати қулай фурсат туғилгани он мусулмонларни ва уларнинг давлатини ер юзидан супуриб ташлашни астойдил  хоҳларди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу бундан жуда яхши огоҳ эди. Усома қўшинини йўлга чиқаришга қаттиқ туришига шу ҳам сабаб бўлган эди. У яриморолнинг шимолида яшовчи Лахм, Жузом, Ғассон, Қузоа, Азра, Калб ва бошқа қабилалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тузган битимларини бузишга ҳозирлигини кўриб турарди. Уларни бу ишга журъатлантирган нарса ортларида уларни қурол-яроғ ва аскар билан мададлашга тайёр Рум давлати эканини биларди. Шу боис Сиддиқ разияллоҳу анҳу Усома қўшинини йўлга чиқариш билан гўё бутун оламга баралла: “Юртимиз ичкарисидаги арабларнинг битимларни бузиши  биз мусулмонларнинг куч-қудратимизга заррача таъсир кўрсатолмайди, биз давлатимизни ҳар қандай душмандан ҳимоя қилишга қодирмиз, гарчи у душман сизлар бўлсангиз ҳам”, деб хитоб қилди.

Арабистон яриморолида кўтарилган муртадлик ва исён ҳаракатлари Форс ва Рум давлатларининг Ислом давлатини арабларнинг ўзлари йўқ қилиб ташлаши ҳақидаги умидларини оширди. Форс ва Рум давлатлари қўзғолончи арабларга жуда катта ёрдам кўрсатди, уларнинг қочоқларини бағрига олди. Шу боис мусулмонлар Арабистон яриморолини Ислом давлати  ҳукми остига қайтарганларидан сўнг Исломнинг мағлубиятини интиқиб кутган бу икки буюк империяга қарши урушлар олиб боришга ҳозирлик ишларини бошлаб юбордилар.

Изоҳ қолдиринг