Дард ва даво (65): Гуноҳнинг касофати (24) Гуноҳлар бандани тубан қилади

0

(Давоми)

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур икки тоифа борасида энг маъқул фикрни билдирган. У айтади: “Ушбу масалани синчиклаб ўрганиш шуни кўрсатадики, тавба қилган бандалар орасида аввалги мартабасидан ҳам юқори мартабага кўтариладигани ҳам, аввалги маратабасига қайтадиганлар ҳам, у мартабага қайта етолмайдиганлар ҳам бўлади[1].

Олдинги мартабасига қайта олиш, ё олмаслиги тавбанинг қанчалар кучли ва мукаммаллигига ҳамда гуноҳ ортидан банда Аллоҳ олдида ўзини қанчалар хору зор олишига, Унинг йўлига қайтишига, Унинг жазосидан хавсираши ва қўрқишига, Унинг ҳайбатидан қўрқиб йиғлашига боғлиқ. Баъзан ушбу хислатлар шу даражада кучаядики, тавба қилган инсон аввалгидан ҳам юқори мартабаларга кўтарилади ва гуноҳ қилишидан аввалги ҳолатдан ҳам яхшироқ ҳолатга ўтади. Бундай инсонга нисбатан гуноҳ Аллоҳнинг раҳмати бўлди, дейишимиз ҳам мумкин. Чунки қилган гуноҳи ундаги мағрурлик туйғусини кетказди, ўзи ва амалларига ишониб қолиш ҳиссидан халос этди, хор ва ҳокисор бўлиб, ўкинчли юзини Хожаси ва Мавлосининг эшиги остонасига қўйишига сабаб бўлди. Шунингдек, гуноҳ унга ҳақиқий қадрини билдирди, Хожасига, Унинг ҳимоясига, меҳр-шафқати ва мағфиратига қанчалар мухтож эканини кўрсатиб қўйди. Бажарган тоат-ибодатларининг савлатини (яъни улар билан мағрурланиш ҳиссини) қалбидан чиқариб ташлади ва улар билан кеккайиш, ё такаббурлик қилиш, ё ўзини бошқалардан афзал деб билиш туйғусини синдириб, бурнини ерга ишқади. Боши эгилиб, Раббидан уялиб, азобидан қўрқиб, қалби титраб, тоатларини арзимас, гуноҳларини буюк санаган ҳолда турган гуноҳкор ва хатокор бандалар каби Раббисининг ҳузурида туришига сабаб бўлди. Ўзининг кўплаб камчиликлари борлигини ва мазамматга лойиқ эканини, ёлғиз Раббигина ҳар томонлама баркамол ва барча ҳамду санога лойиқ Зот эканини билди. Шоир айтади:

Вафо ва ҳамд бирла Ўзини хослаб,
Таънани инсонга юклади Аллоҳ.

Ўзига Аллоҳ томонидан бирон неъмат етса, уни кўп санаб, ўзини бу неъматга лойиқ эмас деб билади. Бошига қандай жазо, ё мусибат тушса, ўзини бундан ҳам каттароғига лойиқ деб ҳисоблайди. Қилган гуноҳига яраша ёки унинг ярмига ёки унинг энг кичик бўлагига тенг келадиган жазо бермагани учун Рабби унга яхшилик қилди деб билади. Чунки гуноҳига яраша жазо берадиган бўлса, унга ожиз ва заиф банда у ёқда турсин, мустаҳкам баҳайбат тоғлар ҳам бардош беролмайди.

Гуноҳ қанча кичик бўлмасин, аммо гуноҳнинг Ундан буюкроқ кимса бўлмаган буюк Зотнинг, Ундан каттароқ кимса бўлмаган катта Зотнинг, Ундан улуғроқ ва гўзалроқ кимса бўлмаган сахий Зотнинг, катта-кичик барча турдаги неъматларни ато этувчи Зотнинг кўз ўнггида бажарилиши энг қабиҳ, энг жирканч ва энг разил иш саналади. Зеро, буюк, улуғ ва обрўли инсонлар ҳузурида бирон гуноҳ ишга қўл уришни ҳар қандай мўмин ёки кофир кимса манфур иш деб билади. Буюк ва обрўли зотлар олдида жирканч ишларга қўл урган киши энг тубан, энг мурувватсиз инсон деб ҳисобланар экан, энди бу ишлар осмону ернинг энг Буюги, осмону ернинг Подшоҳи, осмону ернинг Илоҳи бўлмиш Аллоҳнинг ҳузурида бажарилса нима бўлади?!

Агар Аллоҳнинг раҳмати ғазаби, мағфирати ва уқубатидан  устун бўлмаганда Аллоҳнинг кўз ўнггида гуноҳга қўл урган бандалар ер билан яксон бўлиб кетган бўларди. Агар ҳалимлиги ва кечиримлилиги бўлмаганда осмонлар ва ер бандаларнинг гуноҳлари дастидан йўқ бўлиб кетган бўларди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир” (Фотир, 41).

Аллоҳ таоло оятни нима учун Ўзининг ҳалим ва ғафур исмлари билан якунлагани ҳақида бир тафаккур қилиб кўрсангиз биласизки, агар Унинг жиноятчи бандаларга ҳалимлиги, гуноҳкор бандаларга кечиримлилиги бўлмаганда осмонлар ва ер омон қолмас эди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло баъзи бандаларининг куфрона сўзи ҳақида бундай хабар беради: “Унинг оғирлигидан (Раҳмоннинг боласи бор, деган гапнинг оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетай дейди” (Марям, 90).

Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла ота-онамиз (Одам ва Ҳавво)ни қилган биргина гуноҳлари, биргина қайтарган ишидан тийилмаганлари учун жаннатдан чиқарди. Иблисни биргина гуноҳи, биргина буйруққа бўйсунмагани учун лаънатлади, раҳматидан қувғин этди ва осмон салтанатидан чиқарди. Биз аҳмоқлар эса шоир айтгандек ҳолатда юрибмиз. Шоир айтади:

Гуноҳлар кетидан гуноҳлар қилиб,
Умид: жаннатга бўлмоқлик маҳкум.
Ҳолбуки, биргина гуноҳни қилиб,
Одам бўлган эди жаннатдан маҳрум.

Мақсадга ўтсак. Банда баъзан тавбадан сўнг гуноҳ қилишдан олдинги ҳолатидан кўра яхшироқ ҳолатга ўтиши, ундан юксакроқ мартабага кўтарилиши мумкин. Баъзан гуноҳ банданинг ҳимматини заифлаштириши, азму қарорини сусайтириши, қалбини бетоб этиши, натижада, тавба давоси уни аввалги ҳолатига қайтаришга кучи етмаслиги мумкин. Бу ҳолатда олдинги мартабасига кўтарила олмайди. Баъзан эса (тавба дориси сабабли гуноҳ касофатидан келган) касаллик кетиши ва аввалги ҳолатига қайтиб, олдингидек яхши амаллар қилишга тушиши, оқибатда, олдинги мартабасига кўтарилиши ҳам мумкин.

Албатта, бу гаплар гуноҳга қўл уриш сабабли маъсият даражасига тушган бандага тегишлидир. Бироқ (Аллоҳнинг нозил қилган китоби ва юборган пайғамбари ҳақида) шак-шубҳа қилиш ва нифоқ каби иймон асосларига путур етказадиган даражага тушадиган бўлса, бу ҳолатда Исломини янгиламасдан олдинги мартабасига кўтарилишини умид қилиб бўлмайди.

 

[1] Ибн Таймия. “Минҳож ас-сунна”, 2\434.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг