Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 135–141 оятлар

0

وَقَالُوا كُونُوا هُوداً أَوْ نَصَارَى تَهْتَدُوا قُلْ بَلْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفاً وَمَا كَانَ مِنْ الْمُشْرِكِينَ (135)

  1. Яҳудийлар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига: «Сизлар яҳудия динига киринглар, шундагина ҳидоят топасиз», дейишди. Насронийлар ҳам уларга шундай (яъни насроний динига киринглар, шундагина ҳидоят топасиз) дейишди. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: «Йўқ, балки ҳидоят сизлар ҳам, биз ҳам ноҳақ динлардан ҳақ динга бурилган Иброҳимнинг миллатига эргашмоғимиздир. У Аллоҳга ширк келтирганлардан эмас эди».

قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ وَالأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ (136)

  1. Эй мўминлар, ўша яҳудий ва насронийларга айтинглар: «Биз ягона ҳақ маъбуд бўлган Аллоҳга иймон келтирдик, бизга туширилган, Аллоҳ ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган Қуръонга, Иброҳимга туширилган саҳифаларга, унинг икки ўғли Исмоил ва Исҳоққа, Яъқуб ва асботга (Яъқубнинг ўн икки фарзандидан тарқалган Бани Исроил қабилаларидан чиққан пайғамбарларга) туширилган нарсаларга, Мусога берилган Тавротга, Исога берилган Инжилга ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорларидан ваҳий қилинган нарсаларга иймон келтирдик. Биз иймон келтиришда улардан бирортасини ажратмаймиз ва биз Аллоҳга тоат ва ибодат билан бўйсунувчимиз».

فَإِنْ آمَنُوا بِمِثْلِ مَا آمَنتُمْ بِهِ فَقَدْ اهْتَدَوا وَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا هُمْ فِي شِقَاقٍ فَسَيَكْفِيكَهُمْ اللَّهُ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ (137)

  1. Агар яҳуд, насоро ва бошқа кофирлар Пайғамбар олиб келган нарсага сизлар иймон келтирганингиздек иймон келтирсалар, ҳаққа ҳидоятланибдилар. Агар юз ўгирсалар, албатта, улар қаттиқ хилофдадирлар. Эй Пайғамбар, Аллоҳ сизга уларнинг ёмонлигидан кифоя қилади ва улар устидан сизга нусрат (ғалаба) беради. У сизларни эшитувчи ва аҳволларингизни яхши билувчи Зотдир.

صِبْغَةَ اللَّهِ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنْ اللَّهِ صِبْغَةً وَنَحْنُ لَهُ عَابِدُونَ (138)

  1. Аллоҳнинг фитратингизга (хилқатингизга) ўрнатиб қўйган динини маҳкам тутинглар. Зотан, Аллоҳнинг инсонлар табиатига ўрнатган фитратидан гўзалроқ ҳеч нарса йўқдир. Сизлар уни маҳкам ушланглар ва: «Биз Иброҳимнинг миллатига эргашишда Раббимизга бўйсунувчи ва итоат қилувчимиз», денглар.

قُلْ أَتُحَاجُّونَنَا فِي اللَّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمْ وَلَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُخْلِصُونَ (139)

  1. Эй Пайғамбар, аҳли китобга айтинг: «Сизлар биз билан Аллоҳнинг тавҳиди ва Унга ихлос қилиш ҳақида тортишасизми?! Ҳолбуки, У қайсидир бир қавмга хос бўлмай, бутун оламнинг Раббидир. Бизга ўз амалларимиз, сизларга ўз амалларингиздир. Биз тоат-ибодатни Аллоҳга ихлос билан қилувчимиз, Унга бирон нарсани ширк келтирмаймиз ва Ундан ўзга ҳеч кимга ибодат қилмаймиз.

أَمْ تَقُولُونَ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ وَالأَسْبَاطَ كَانُوا هُوداً أَوْ نَصَارَى قُلْ أَأَنْتُمْ أَعْلَمُ أَمْ اللَّهُ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ كَتَمَ شَهَادَةً عِنْدَهُ مِنْ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ (140)

  1. Балки сизлар Аллоҳ хусусида тортишиб, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асбот (Яъқубнинг ўн икки фарзандидан тарқалган Бани Исроил қабилаларидан чиққан пайғамбарлар) яҳудий ё насроний динида бўлганлар, деб айтарсиз?! Бу эса очиқ ёлғон. Зотан, улар Таврот ва Инжил нозил бўлишидан олдин яшаб ўтишган. Эй Пайғамбар, сиз уларга айтинг: Уларнинг динларини сизлар яхши биласизми, Аллоҳми?! Аллоҳ Қуръонда уларнинг ҳаниф (ботилдан юз ўгириб, ҳаққа мойил бўлган) мусулмонлар бўлганини хабар берган. Ўз ҳузурингиздаги Аллоҳ таоло томонидан собит бўлган гувоҳликни яширар экансиз ва унинг зиддини даъво қилиб, Аллоҳ номидан ёлғон сўзлар экансиз, сиздан кўра золимроқ кимса бўлмас. Аллоҳ қилаётган ишларингизнинг бирортасидан ҳам ғофил эмас, балки У барчасини ҳисоблаб турибди ва сизларга тегишли жазоларни беради.

تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُمْ مَا كَسَبْتُمْ وَلا تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ (141)

  1. Улар ўтган аждодларингиздан бўлган умматдир. Уларга ўз амаллари, сизларга ўз амалларингиздир. Сизлар уларнинг амалларидан сўралмайсиз, улар сизларнинг амалларингиздан сўралмайдилар.

Оят ожиз махлуқларга боғланиб қолиш ва уларга нисбатланиш билан алданиб қолиш бефойда эканини, ибрат-эътибор фақат Аллоҳга иймон келтириш, ёлғиз Унга ибодат қилиш ва Унинг пайғамбарларига эргашишда эканини, ким улардан бирортасини инкор қилса, барча пайғамбарларни инкор қилган бўлишини таъкидламоқда.

Изоҳ қолдиринг