Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Тобутни кўтариш ва ортидан эргашиш ҳақида

55 – Тобутни кўтаришнинг ҳукми

Имом Нававий деди: «Тобутни кўтариш фарзи кифоя эканида ҳеч қандай ихтилоф йўқ»[1].

Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тобутни кўтариш фарзи кифоя эканига ижмо қилинган. Бироқ тобутни кўтариш бу ишни фақат савоб умидида қилувчи кишиларга тегишли бўлмай, кофир ёки бошқалар кўтариши билан ҳам фарз соқит бўлаверади»[2].

56 – Дафн этишга шошилиш

«Уламолар дафн учун шошилиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган»[3]. «Агар маййитнинг ўлгани аниқ бўлса»[4].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Маййитни дафн этишга шошилинглар. Агар у солиҳ бўлса, уни яхшиликка элтасизлар. Агар ундай бўлмаса, елкаларингдан ёмонликни тушурасизлар”»[5].

Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Муоз вафот этган куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай тез юрдиларки, ҳатто пойабзалларимиз узилиб кетди»[6].

Абу Қатода ибн Рибъий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидан бир жаноза (маййит) олиб ўтилди. Шунда у зот: “(Бу маййит) қутилувчи ва бошқалар ҳам ундан қутилувчидир“, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, буни қандай тушунишимиз керак?” деб сўралганида у зот: “Мўмин банда дунёнинг машаққат ва озорларидан қутулиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига боради. Фожир бандадан эса бандалар ҳам, юртлар ҳам, дов-дарахту ҳайвонлар ҳам қутулади“, дедилар»[7].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга: «Мени тобут узра кўтарсанг, ўртача юришда юриб боргин» деб васият қилган эди[8].

Уяйна ибн Абдураҳмон отасидан ривоят қилади: «Биз Усмон ибн Абул-Ос разияллоҳу анҳунинг жанозасида (тобутни кўтариб,) секин юриб борар эдик. Бизга Абу Бакра разияллоҳу анҳу етиб олдида, қамчисини баланд кўтариб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эканимизда югуриб кетаётганимизни кўрганман”, деди»[9].

Урва раҳимаҳуллоҳ айтади: «Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумо оиласидан бирор киши вафот этса: “Бўлинглар, шошилинглар. Тез чиқаринглар”, дер, кейин (маййитни) ҳар қандай пайтда чиқараверар эди»[10].

Ҳасан раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳу бундай васият қилди: “Агар мен ўлсам қадамингизни тезлатинглар, яҳуд ва насороларга ўхшаб секин юриб борманглар”»[11].

(Давоми бор)

[1] «Ал-мажмуъ», 5/166.

Қаранг: Маҳмуд Хаттоб ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ. «Ад-дин ал-холис ав иршод ал-халқ ила дин ал-ҳақ», 7/430. Мусаҳҳиҳ: Амин Хаттоб. Учинчи нашр, 1404-ҳ.й.

[2] Шайх Аллома Абдураҳмон ибн Носир ас-Саъдий. «Мажмуъ ал-муаллафот», 10/487. «Дор ал-маймон» нашриёти, биринчи нашр, 1432-ҳ.й.

[3] «Ал-мажмуъ», 5/167. Қаранг: «Ал-муғний», 3/394.

[4] Ар-рофеий аш-Шофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/395. Муҳаққиқ: Али Муаввиз ва Одил Абдулмавжуд. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1417-ҳ.й.

Шайх Саъдий айтади: «(Яъни) бехосдан ўлиб қолмаган бўлса. «Бехос ўлим» деб очиқ сабабсиз ўлим келишига айтилади. Бу ҳолатда киши ўлгани аниқ бўлмагунча дафн этилмай кутиб турилади. Қанчадан-қанча одамлар юрак хуружига йўлиқиши ортидан одамлар уни ўлди деб ўйлашган. Бундай ҳодиса «Ал-мақомат» асари муаллифи Ҳамазоний билан ҳам рўй берган. У кишида юрак хуружи рўй беради. Шунда одамлар уни ўлди деб ўйлашади. Дафн этилгач, тунда ўзига келади ва қичқира бошлайди. Қабристондаги одамлар овозни эшитишади, бироқ тунда қабрни очишга қўрқишади. Эртаси куни қабр очиб кўрилганда Ҳамазонийни сочлари буткул оқариб кетган, соқолини маҳкам чангаллаб олган ҳолатда топадилар. Ваҳоланки, вафот этган онда бошида бирор оқ тук бўлмайди. Бунга ўхшаш ҳодисалар кўплаб содир бўлган. Бинобарин, киши бехос ўлим топадиган бўлса, очиқ-ойдин белгилар топилмагунича кутиб турилади. Чакка осилиши, бурун қийшайиши, қўл ва оёқ бўғинлари бўшашиши ўлим белгилари жумласидандир. Инсоннинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил бўлса, уни дафн этишга шошилиш мустаҳаб бўлади» («Шарҳ умдат ал-аҳком», 1/516-517.

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн ал-Можишун қиссаси маълум ва машҳур. Оиласи уни ўлди деб эълон қилади, уч кун эшик олдида келди-кетди бўлади. Кейин ғассол унинг баданидан терга ўхшаш нарса чиққанини пайқаб қолади. Шунингдек, юртимизда Ибн Мусоид деган одам ўтганини биламан. Касаллик сабабли бадани ҳаракатдан тўхтайди. Одамлар уни ўлди деб ўйлаб, ғусл қилдириб, жанозасини ўқишади. Гўрига ғиш қалаш асносида иш устидаги одамлардан бири енгил овоз эшитади. Шунда атрофдагиларни тинчлантириб, овозни қайтадан эшитганидан кейин Ибн Мусоидни тирик ҳолда топадилар. У кейин яна 20 йил яшаб, вафот этади» («Мажмуъ ал-фатово, 3/183, 872-рақамли фатво. Шунингдек, «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (14/777)дан Муҳаммад ибн Яҳёнинг таржимаи ҳолига қаралсин).

«Аниқ замонавий илмий изланишлардан маълум бўлишича, Америкада ҳар 24 соатда бир киши адашиб дафн этилади.

Ўтган 22 йил давомида Британияда 2175 шахс тириклайин кўмиб юборилган. Яъни, улар зоҳирий ўлим ҳолатида бўлишган.

Голландия пойтахти Амстердамдаги хайрия ташкилоти 25 йил давомида 990 кишининг ҳаётини сақлаб қолган. Шунингдек, Германиянинг Гамбург шаҳридаги айни шундай ташкилот 5 йилдан кам муддатда 107 кишини қутқариб қолгани қайд этилган» (Др. Белҳож ибн Аҳмад. «Маъсумият ал-жусса фил-фиқҳ ал-исломий» мақоласи, 188-бет. «Ал-ҳуқуқ» журнали, Қувайт, 23-сон, 4-адад, 1999-йил).

Ўлимнинг аломатларидан бири кўзнинг қотиб қолишидир. Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Салама (вафот этганида) ҳузурига кирдилар. (Абу Саламанинг) кўзи очиқ қолган эди. Шунда у зот унинг кўзини ёпдилар, сўнг: «Руҳ қабз этилса, кўз унинг ортидан эргашади», дедилар». (Имом Муслим ривояти 2/634, 7 ва 920-ҳадис.)

[5] Ҳадис тахрижи 12-масалада ўтди. Ибн Абдулбар айтади: «Бу ҳадисдан мен тушунган маъно тобутни олиб кетаётганда сусткашлик қилмаслик ҳамда гердайиб, кеккайиб, такаббурлик билан секин қадам ташлаб юриш макруҳлигидир. Аксар уламолар шу фикрда бўлишган. Улар учун мазкур ҳолатда шошилиш секинлашишдан кўра суюклироқ бўлган»  («Ал-истизкор», 3/122).

[6] Бухорий «Тарих ал-кабир»да (7/402, 1762-ҳадис) ривоят қилган. «Доират ал-маориф ал-усмонийя» нашри, Ҳайдаробод. Муҳаммад Абдулмуидхон кузатуви остида нашр этилган. Ҳадисни Шавконий «Ас-сайл ал-жаррор»да (1/697) саҳиҳ санаган. (Муҳаққиқ: Муҳаммад Ҳаллоқ. «Дор Ибн Касир» нашриёти, учинчи нашр, 1429-ҳ.й. Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (3/148, 1158-ҳадис) саҳиҳ деган.

[7] Бухорий (6512) ва Муслим (61, 950) ривояти.

[8] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (7/223, 11391-ҳадис) ривоят қилган.

[9] Абу Довуд (465-бет, 3182-ҳадис) ривояти. Нававий «Ал-мажмуъ»да (5/168) саҳиҳ деган.

[10] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/437, 12127-ҳадис.

[11] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/221, 11380-ҳадис.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг