Таҳорат: Ҳайзга оид эслатмалар

0

Ҳайздан покланиш аломати

Аёл кишининг ҳайздан поклангани жинсий аъзосида оқ ранг намлик кўриши билан билинади. Агар ҳайз тўхтаганда бундай намлик чиқиши аёлнинг одатидан бўлмаса, у ҳолда ҳайз қонидан кейин жинсий аъзонинг қуриши покланиш аломатидир. Буни билиш учун у жинсий аъзосига бир парча пахта қўйиши мумкин. Агар у қизил, сариқ ёки кулрангга бўялмасдан чиқса, ҳайздан покланганига аломат бўлади.

Эслатмалар:

  1. Ҳайз муддатининг ўзгариши

Ҳайз муддати одатдагидан узайса ёки қисқарса, масалан, одатда олти кун ҳайз кўриб юрган аёлнинг ҳайзи етти кунга чўзилса ёки аксинча бўлса, тўғрироқ фикрга кўра, қон кўрган муддати ҳайз, қон тўхтаган муддат эса поклик деб ҳисобланади.

  1. Ҳайз кўриш вақтининг ўзгариши

Шунингдек, аёл кишининг ҳайз кўриш вақти ўзгарса, одатдагидан олдинроқ ёки кейинроқ ҳайз кўрса, масалан, одатда ҳар ойнинг бошида ҳайз кўриб юрган аёл ойнинг охирида ҳайз кўрса ёки аксинча бўлса, худди ҳайз муддатининг ўзгаришида айтиб ўтилгандек, қон кўрса ҳайз, қон тўхтаса поклик деб ҳисобланади. Бу Имом Шофеий мазҳаби, Шайхулислом Ибн Таймия танлаган, Ибн Усаймин тўғри деб билган ва «Ал-муғний» китоби муаллифи кучли деб билган фикрдир[1].

  1. Сарғиш, кулранг ва шу каби қонларнинг ҳукми

Аёл киши жинсий аъзосида сарғиш ёки кулранг (сариқ ва қора ранг аралашмаси) қон ёки шунчаки намлик кўрса, бунинг икки ҳолати бўлади:

  • Агар буни ҳайз асносида ёки покликдан олдин ҳайзга туташган ҳолда кўрса, ҳайз ҳукмида бўлади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келишича, аёллар ҳайз муддатида жинсий аъзоларига қўядиган латталарини унга юборар ва латтада сарғиш қон теккан пахта бўлар эди. Буни кўрган Ойша разияллоҳу анҳо: «То (ҳайз тугаганда бачадондан чиқадиган) оқ ранг намликни кўрмагунча шошилманглар (яъни ҳайз тугади, деб ҳисобламанглар)»[2], дер эди.

  • Агар буни поклик даврида кўрса, ҳайз ҳукмида бўлмайди. Умму Атийя разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз поклик даври бошлангандан кейин келадиган сарғиш ёки кулранг қонга эътибор бермас эдик»[3]. Бинобарин, мазкур ҳолатда аёл кишига таҳорат ҳам, ғусл ҳам вожиб бўлмайди.

  1. Ҳайз қонининг узилиб-узилиб келиши

Баъзан қон бўлиниб-бўлиниб келади, масалан, аёл киши бир кун қон кўрса, бир кун пок юради. Бунинг ҳам икки ҳолати бор:

  • Агар бу ҳолат аёл киши учун доимий ҳолат бўлса, муттасил равишда бир кун қон кўриб, бир кун пок юрса ёхуд қон бўлиниб-бўлиниб келса, унда бу қон истиҳоза қони ҳисобланади. Истиҳоза қонига доир ҳукмлар келгусида баён этилади, иншааллоҳ.

  • Агар қон узилиб-узилиб келса: аёл киши бир муддат ҳайз кўрса-ю, сўнг бир муддат худди ҳайздан поклангандек қон тўхтаса, мазкур покликнинг ҳайз деб ҳисобланиши ёки ҳайздан кейинги поклик ҳукмида бўлиши хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Бу борадаги энг тўғри ва мўътадил фикр «Ал-муғний» китоби муаллифи билдирган қуйидаги фикрдир:

а) Агар қон бир кундан оз муддат тўхтаган бўлса[4], мазкур муддатни поклик эмас, ҳайз деб ҳисоблаш тўғрироқдир.

б) Агар мазкур муддатда ҳайздан кейинги покликка далолат қиладиган бирон аломат кўринса, масалан, аёл киши жинсий аъзосида оқ ранг намликни кўрса, у ҳолда ушбу муддатни қисқа ёки узун, бир кундан оз ёки кўпроқ бўлишидан қатъи назар, поклик муддати деб ҳисоблаш тўғрироқ бўлади.

  1. Ҳайз кўрмайдиган ёшдан кейин қон келиши

Аёл киши ҳайз кўрмайдиган ёшга етиб, қон келиши тўхтаса, сўнг қон кела бошласа, мазкур қон ҳайз ҳисобланадими, йўқми?

Тўғрироқ фикрга кўра, мазкур қон ҳайз қонига оид ранг ва ҳидга эга бўлса, ҳайз қони ҳисобланаверади. Аммо қоннинг рангги сарғиш ёки кулранг бўлса, ҳайз қони бўлмайди.

Мазкур ёшда аёл кишининг жинсий аъзосидан келадиган узуқ-юлуқ қон томчилари ҳам ҳайз ҳисобланмайди.

  1. Ҳайздан кейинги поклик даврида келадиган томчи қон

Шунингдек, аёл киши ҳайздан кейинги поклик даврида жинсий аъзосидан узуқ-юлуқ қон томчиси келса, бунга эътибор қилмайди ва у ҳайз қони саналмайди. Чунки бундай қон кучли чарчоқ, бирон оғир юкни кўтариш ёки бирон касаллик туфайли келган бўлиши мумкин.

[1] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 1/353. Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо», 14-15-бетлар.
[2] Бухорий (1/420) «муаллақ» ҳолда ривоят қилган. Ҳадисни Имом Молик «Муватто»да («Таҳорат китоби», 128) ва Байҳақий (1/355) санади туташган ҳолда ривоят қилишган. Албоний «Ал-ирво»да (198) ҳадисни саҳиҳ деган.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (307), Ибн Можа (647) ривояти. Бухорий (326) «поклик даври бошлангандан кейин келадиган» деган қўшимчасиз ривоят қилган.
[4] Қон тўхташидан мурод қоннинг буткул тўхташидир. Яъни аёл киши на сарғиш, на кулранг ва на қизғиш қон кўради. Шунингдек, у ҳайз тугаганига далолат қиладиган оқ ранг намликни ҳам кўрмайди, балки жинсий аъзосининг ҳар қандай намликдан холи эканини кўради, холос.

Изоҳ қолдиринг