Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (2)

0

56 – Дафн этишга шошилиш

(Давоми)

Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ деди: «Авваллари “Жанозаларингиз(ни дафн этиш) учун тезлашинг, яҳудларга ўхшаб судралиб юрманг”, деб айтилар эди»[1].

Алқама раҳимаҳуллоҳдан: «Маййитни насоролар каби секин юриб олиб борманглар», дегани ривоят қилинади[2].

Абу Сиддиқ ан-Ножий раҳимаҳуллоҳдан бундай дегани ривоят қилинади: «Жанозага етиш учун пойабзалимизнинг ипи узилиб кетар, шунда ҳам улгурмас ёки улгурмаслигимизга бир баҳя қолар эди»[3].

Ибн Абдулбар айтади: «Абу Саид ал-Худрий, Абу Ҳурайра ва бир жамоа салафлар тобутлари олиб кетилаётганда қадамларни тезлатишни буюрганлари ривоят қилинган. Бу нарса фуқаҳоларнинг тезлашишни мустаҳаб деган фикрларига мос келади»[4].

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит аҳли жанозага оид ҳар қандай ишда: маййитни ғусл қилдириш бўладими, қабр бошида туриш бўладими, секин ҳаракат қилишларини ёқтирмайман»[5].

Нававий айтади: «Шофеий ва асҳоблари: “«Тезлашиш» деганда одатий юришдан бироз тезроқ ҳаракат қилиш кўзда тутилган”, дейишди. Асҳобларимиз айтдилар: “Агар маййит жасадида ўзгариш, ёрилиш ёки шишиш хавфи бўлса, янада тезроқ қадам ташланади”. Шофеий «Ал-ум» китобида бундай деган: “Жанозада юриш даражаларининг энг юқорисига биноан ҳаракатланилади. Бироқ юриш тобут ортидан эргашиб келаётганларга машаққат туғдирмайдиган даражада бўлиши лозим. Агар жасадда ўзгариш ёки ёрилиш хавфи бўлса, имкон борича тезлашиш даркор”»[6].

Яна айтади: «Баъзи салафлар тезлашишни ёқтирмаганлари ривоят қилинган. Бу тезлашишни жасадда ёрилиш ё талофат келтириб чиқарадиган ҳаддан ортиқ тезликка йўйса бўлади»[7].

Имом Бухорий Атодан ривоят қилади: «Ибн Аббос билан «Сариф» деган жойга Маймунанинг жанозаси учун бордик. Шунда Ибн Аббос: “Бу аёл Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари бўлади. Тобутини кўтарсангиз силкитманглар, ортиқча қимирлатманглар. Юмшоқлик билан ҳаракат қилинглар”, деди»[8].

Ибн Ҳажар айтади: «“Юмшоқлик билан ҳаракат қилинглар” деганда Ибн Аббос ўртача, мўътадил юришни назарда тутган. Мазкур ҳадисдан олинадиган фойда шуки, мўминнинг ҳурмати тириклигида қандай бўлса, вафотидан кейин ҳам шундайлигича қолади»[9].

Хараший деди: «Тобутни кўтариб кетаётган шахс ҳам, бошқалар ҳам қадамларини тезлатишлари мустаҳабдир»[10].

Ибн Рашид айтади: «“Тезлашиш” деганда тобут ортидан келаётган кишиларга нисбатан «тобутга ҳамроҳлик қилди» деган сўзни қўллаш тўғри бўладиган даражада виқорни йўқотмай тез юришга айтилади»[11].

Саъдий деди: «Тезлашиш баъзи одамлар ўйлаганидек, фақат тобут кўтарилган пайтга хос эмас. Маййитни ювиш, жанозасини ўқиш, тобутини кўтариш ва дафн этиш учун шошилиш ҳам кўзда тутилади. Бу иш маййитдан тезроқ қутулиш учун эмас, балки Аллоҳ ва Расули ундаган маълум манфаат учун қилинади»[12].

Ибн Боз: «Ҳадиснинг зоҳири маъно жиҳатидан мазкур барча ишларга бирдек тааллуқлидир», деди[13].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тобут олиб кетилаётганда шошилишга буюрар, ҳатто саҳобалар югуришгача борар эди. Бугун одамларнинг бирма-бир, оҳиста қадам ташлаб юришлари суннатга зид бўлган, яҳудий аҳли китобларга тақлид қилишни ўз ичига олган ёмон бидъатдир»[14].

Амир Усмон ибн Фудий раҳимаҳуллоҳ жанозага оид бидъатларни зикр қилар экан, бундай деди: «Тобут кўтарган кишиларнинг секин юриб боришлари ҳаром бидъатлардан эканига ижмо қилинган. Чунки у маййит ва унинг яқинларига озор беради»[15].

[1] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/222, 11388-ҳадис. Ровийлари ишончли кишилар.

[2] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/223, 11392-ҳадис.

[3] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/221, 11383-ҳадис.

[4] «Ат-тамҳид», 16/34.

[5] «Ал-ум», 2/147.

[6] «Ал-мажмуъ», 5/167.

[7] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 607-бет.

[8] «Саҳиҳ ал-Бухорий», 5067.

[9] «Фатҳ ал-Борий», 9/113.

[10] Муҳаммад ал-Хараший ал-Моликий. «Ҳошият ал-Хараший ала мухтасари Халил», 2/345. Текширувчи: Закариё Умайрот. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1417-ҳ.й.

[11] «Фатҳ ал-Борий», 3/183.

[12] «Шарҳ умдат ал-аҳком», 1/514.

[13] «Мажмуъ ал-фатово», 13/182.

[14] «Зод ал-маъод», 1/498.

[15] Шайх Усмон ибн Фудий раҳимаҳуллоҳ. «Иҳё ас-сунна ва ихмод ал-бидъа», 179-бет. Муҳаққиқ: Аҳмад Божур. Иккинчи нашр, 1406-ҳ.й..

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг